Меню

Қашқадарё

03.04.2018 2254

ДУЧ КЕЛГАНГА ОЧМАДИ ЮРАК...

Қалбим буюрмаса, бирор сўзни ҳам,

Ёзмасман ҳеч қайда, ҳеч вақт, ҳеч қачон

сатрлари шоир ижодининг ўзига хос шиорий фалсафасидир.

Абдулла Орипов Қарши давлат университети талабалари, шеърият ихлосмандлари билан бўлган учрашувда ўз ижодида Ватан мавзуси ҳамма вақт асосий ўринда туришини таъкидлаб: "Менга она халқимдан яқинроқ яна нима бор!" деган эди. Ҳақиқатан ҳам шоир ижодида Ўзбекистон, Ватан, халқ мавзуси "қизил ип" бўлиб ўтади, у ўзининг чексиз муҳаббатини содда ва самимий фалсафий туйғулар билан баланд ва авж пардаларда куйлайди: "Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас".

Абдулла Орипов Ватан буюклиги ва гўзаллигини ифодалаш учун тарихга мурожаат қилиб, янги-янги поэтик образлар, ўхшаши йўқ ташбеҳлар топса, баъзи ўринларда эса унинг Ватан тушунчаси бутун Ер курраси, она сайёра тимсолида гавдаланади - "Ўзбекистон" шеъри бунга мисол бўла олади.

Тарихий мавзулардаги ижодида эса Соҳибқирон Амир Темур ва темурий авлодлар ҳақидаги шеърлари алоҳида ўрин тутади. Мустақиллик даврида Амир Темур шахсияти янгидан кашф этилганига бағишланган "Темур" шеъри ҳам фикримизнинг яққол исботи:

Ҳар қанча фахр этсанг арзийди,  ўзбек,

Балқибсан бир зотнинг юксак шонида.

Темурбек юлдузи Олтин Қозиқдек,

Чарақлар буюклар Каҳкашонида.

Шоирнинг "Туркистон болаларига", "Авлодларга мактуб", "Паҳлавон Маҳмуд қабри қошида", "Алишер", "Мўмин Мирзо", "Номаълум одам", "Генетика", "Аллома", "Ирода", "Бобур", "Икар" каби қатор шеърларида тарихийлик ва замонавийлик уйғунлашиб кетган, катта ҳаётий муаммолар қалқиб туради, шоирнинг фалсафий фикрлари хаёл қанотларида учиб чиқиб, ёруғлик юзида умумхалқ шуурига айланади.

"Тилла балиқча" шеъри мўъжазгина бўлса ҳам, унинг таг мағзида олам-олам мазмун бор. Балиқчанинг фожиаси шундаки, унинг ҳаёти лойқа ҳовузда ўтмоқда, мудроқ толларнинг аччиқ хазони билан кўмилган, қўлдан ушоқ еб "кун кўриб" келмоқда. Балиқча унинг авлодлари бепоён денгиз ва океанларда сузаётганидан бехабар, буюк ва интиҳосиз олам ҳақидаги тасаввурлардан мутлақо йироқ.

Шоир мазкур шеърида инсонни ўраб турган муҳит унинг учун қанчалик аҳамият касб этишига ишора қилиб, тилла балиқча тимсолида тор, маҳдуд дунёқараши чекланганига қарамай, оламни ўзига қаратмоқчи бўлган қалби сўқир одамлар қиёфасини ҳам жонлантиргандай бўлади.

Шоир ижодида "Халқ" шеъри алоҳида ўрин тутади, мазкур шеър атрофидаги баҳс ҳануз давом этиб келаётир. Шоирнинг Машрабни дордан, Қодирийни туҳматдан асраб қололмаган, боз устига "бировга кийгизиб, ўзи киймаган", "таом пишириб ўзи бенасиб қолган", "юлдузни кашф этиб авом деб ном олган" халқига айтар гапи шунчалик салмоқлики, бундай бадиий услуб қирралари фақат Абдулла Орипов ижодигагина хосдир.

"Ноъмалум одам" шеъри ҳам мукаммал. Ўқувчи кўз олдида "на шоир, на    машҳур зот" бўлган, лекин "дунё билан дарди бир" оддий, камтар инсон қиёфаси жонланади.

Шон-шуҳрат талашган турфа хил  ғариб,

Шўрлик кимсаларга кулиб боқарди.

Юрмасди ҳар қайда илинж ахтариб,

Қалбида бир дунё ғувлаб оқарди.

Бировнинг у билан бўлмади иши,

У ҳам дуч келганга очмади юрак.

Таърифи келтирилган ноъмалум одам давримизнинг энг диёнатли инсони қиёфасида жонланиб, унинг тимсоли орқали ақл, адолат, одамгарчилик тараннум этилади:

Тариқдай заминнинг устидан беун,

Яшаб ўтди шундоқ буюк бир юрак.

Қайдан келганди у? Билмади кимса,

Қабрга ҳам жимжит кириб кетди у.

Менимча, дунёнинг устидан роса,

Мириқиб қаҳқаҳа уриб кетди у.

Маълумки, Абдулла Орипов ижодининг асосий қисми собиқ иттифоқ даврида яратилди. "Қора сочларини оқартирган, кин, ғийбату талатўпли" даврда ҳам Абдулла Орипов кўнгли буюрганини ёзди. Унинг фалсафий шеърлари таг-замиридаги рамзлар, тимсоллар ичра шоир қалбининг аламли ҳолатларини кўргандай, дардчил оҳанглар ичра эртанги кунга умид ва ишонч туйғуларини англагандай бўламиз.

Шоир Италияда бўлган кезларда:

Юриб Авиценна кўчасида шод,

Ичдим Ибн Сино шарбатидан ҳам,

дейди мағрурланиб. Бошқа бир шеърида эса:

Бобо ва набира ухлар узун кун,

Бу ҳолдан ҳайратга тушмоқлик нечун.

Кучи йўқлигидан ухлайди бири

Бирови ухлайди куч йиғмоқ учун,

дея авлодлар давомийлигини эсга солади.

Шоир доимо ўз шеърий сатрлари орқали ғоят мураккаб манзараларни кўз олдимизда намоён қила олади, ҳатто инсон табиатидаги шафқатсизликлар ва меҳр, сохталик ва самимият, риёкорлик ва олижаноблик хислатларининг бир-бирини инкор этувчи томонларини ҳам инсоф ва иймон тарозисига қўйиб, улардаги моҳиятни ўлчаб кўради.

Ҳақ манзилга азоб чекиб, қийналиб борган сари инсоннинг онгу шуури равшанлашиб бораверганидек, Абдулла Орипов шеъриятининг тадрижий такомилини ўқиб-ўрганиш ҳам инсонга битмас-туганмас куч-қувват бағишлайди.

 

Бойназар ЙЎЛДОШЕВ, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!