Меню
Қашқадарё
Дубай тажрибаси: ҲАҚОРАТ ҚИЛГАНГА ИККИ ОЙ ҚАМОҚ ЖАЗОСИ
Чиндан ҳам, атрофидаги давлатларда уруш-жанжал тобора авж олаётган, очарчилик ҳукм сураётган бир пайтда бу мамлакат кундан-кунга ривожланиб, ўзининг осмонўпар иншоотлари, ажойиб шаҳарсозлик лойиҳалари билан бутун дунё аҳлини лол қолдириб келади. Сайёҳлар оқими мисли кўрилмаган даражада ортиб бормоқда. Дубайда четдан келиб ишлайдиганлар - гастарбайтерлар ҳаддан ташқари кўп бўлишига қарамасдан, кўчаларда ҳатто ярим тунда ҳам ҳеч бир қўрқув-хавотирсиз юриш мумкин. Айрим давлатларда, масалан, Россияда, Европа давлатларида мигрантлар орасида жиноятчилик даражаси ортса ортаяптики, камаймаяпти. БАА тажрибасини бошқа давлатларда, масалан, Россияда ҳам қўллаш мумкинми?
Яқинда Дейра шаҳрининг жин кўчаларидан бирида адашиб қолдим. Тун яримлаб бораяпти. Чироқлар ўчган, атроф зимистон. Телефонда такси чақирдим, 10 дақиқаларда етиб келадиган бўлди. Шу пайт тор кўчалар муюлишидан уч нафар бақувват йигит чиқиб келди. Гап-сўзларидан покистонликларга ўхшайди. "Чекишдан йўқми?", деб инглиз тилида сўради улардан бири. Юрагим "шув" этиб кетди. Энди тамом, чўнтагимдаги бор пулимдан ҳам айриламан... Хаёлимда шу хавотир билан "чекмайман", дедиму қадамимни тезлаштирдим. Йигитлар узр сўраганча ўтиб кетишди.
Маълумотларга кўра, кейинги 3 йил ичида Россиядаги мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 6 фоизга ўсган. Бирлашган Араб Амирликлари туб аҳолисининг жон бошига 8 нафардан мигрант тўғри келса-да, жиноят деярли содир этилмаган. Босқинчилик ёки талончилик деган нарса камдан-кам учрайдиган ҳолат. Бу ҳақда ички ишлар идорасида ишлайдиган танишимга айтганимда, у шундай деганди: "Амирликларда шариат қонунларига кўра иш тутишади, ўғирлик қилганларнинг қўлини чопишади. Мана шунинг учун ҳам уларда жиноятчилик кам содир этилади".
Бироқ, ўзим шахсан гувоҳи бўлганимдек, жиноятчиликнинг олдини олишда шариат қонунларидан кўра бу ерда жорий этилган тартиб-қоидалар муҳим роль ўйнайди.
ЖИНОЯТ ҚИЛДИНГМИ, АЛБАТТА ТОПИШАДИ ВА ҚАМАШАДИ
- Бу ерда умуман қотиллик рўй бермайди, деб бўлмайди, - дейди асли яманлик бўлган ва 1990-1998 йилларда Дубай шаҳрида хизматини ўтаган БАА полицияси собиқ лейтенанти Абдул Воҳид ал-Ҳамал. - Бир йилда ўртача 60 тагача қотиллик содир бўлади. Ўтган кузда филиппинлик бир киши ўз ватандошини ўлдириб қўйгани учун бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Агар Амирлик туб аҳолиси жонига қасд қилингудек бўлса, қотилга ўлим жазоси тайин. Шу сабабдан ҳам гастарбайтерлар маҳаллий арабларга умуман тегинишмайди. Агар мигрантлардан кимдир киссавурлиги учун қўлга тушадиган бўлса, уни шу заҳотиёқ мамлакатдан чиқариб юборишади ва кейин бутун оиласи билан уларни бу юртга умуман киритишмайди. Ҳозир ўғирлик учун ҳеч кимнинг қўлини кесишмайди. Ҳақиқатан ҳам айрим амирликларда, масалан, Шаржада шариат қонунлари мавжуд, аммо улар шунчаки расмиятчилик учун.
Бу ерда қонун бузувчиларга нисбатан бошқача йўл тутилади. Агар кўчада икки киши тортишиб қолса, улар имкон қадар сўкинмасликка ҳаракат қилишади. Бунинг сабаби, ҳақорат қилганлик учун 2 ой қамоқ жазоси белгиланган, бу ҳолат такрорланадиган бўлса, жазони ўташ учун 6 ой ўтиришга тўғри келади. Наркотик модда сақлагани учун камида 4 йил, сотгани учун эса 8 йил қамоқ жазоси белгиланган. Бу ерда энг асосийси - жазонинг муқаррарлиги. Жиноят қилдингми, албатта топишади ва қамашади.
Дубайда жиноий кўринишга эга қадимдан қолган иккита муаммо мавжуд. Биринчиси, бу - киссавурлар. Ҳамма жойда огоҳлантирувчи ёзувлар: "Ҳамёнингизга эҳтиёт бўлинг, киссавурлар ўғирлаб кетиши мумкин!" Қаллобликнинг иккинчи кўриниши - чет элликларга бировнинг уйини алдаб ижарага бериш. Покистонлик гастарбайтерлар шу иш билан кўпроқ шуғулланишади. Ўзлари ижарага уй олиб, уни худди ўзиникидек кўрсатиб, бошқа мамлакатдан келганларни чув туширишади.
Хакерлар томонидан шахсий компьютер, кредит карточкалари ичидан маълумотларни ўғирлаш ҳолатлари ҳам кузатилади. Аммо бу жиноий ишлар тезда очилади. Амирлик полицияси очилиши қийин кечаётган мураккаб жиноий ишларни таҳлил этишда ёрдам сўраб катта пул эвазига европалик криминалистика мутахассисларини жалб этишдан ийманишмайди. Яна бир диққатга молик ҳолат - Дубайда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати йўқ. Унинг ўрнига ҳар қадамда видеокузатув камералари ишлаб туради. Агар ҳайдовчи йўл қоидасини бузадиган бўлса, жарима белгилангани тўғрисидаги эслатма унга дарҳол етиб келади. Кўчаларда, ҳар бир муюлишда кузатув камералари кечаю кундуз ишлаб туради. Бирон бир жойда талончилик ёки қотиллик содир этиладиган бўлса, бу ҳолатларни 25 та камера 25 хил усулда тасвирга олгандан сўнг ҳар қандай абжир жиноятчи ҳам ўзини фош этиб қўяди. Қилмишлари камерада кўриниб тургач, эътирозга ўрин қолармиди?!
ҚАДАМИНГИЗНИ БИЛИБ БОСИНГ!
Айрим шилқим йигитлар учун ўтаётган ҳар бир аёлга ҳазил қилиш ёки илмоқли гап ташлаб қўйиш одатий ҳолга айланган. Бироқ, Дубай уларнинг эркалигини кўтармайди. Бундай ҳазил учун нақ 5 минг доллар тўлашга тўғри келади. Агар аёлнинг хоҳишига зид равишда унинг қўлини ушлашга ҳаракат қилинса, жарима миқдори 3 бараварга ортади. Туркия ва Мисрдан фарқли ўлароқ, дубайлик гастарбайтерлар европалик сайёҳларни етти километр наридан айланиб ўтишади. Даромадининг асосий қисми сайёҳлик эвазига келаётган араб амирликлари учун ўзини хавфсиз давлат сифатида кўрсатиш жудаям муҳим. Бу ерга келувчиларни аввало мамлакат қонунларини ҳурмат қилишга ўргатишади. Масалан, чет элдан ишлагани келган кишилар учун амал қилиши шарт бўлган қоидалардан бири - сигарета қолдиғини урнага ташлаш, йўқса 150 доллар жарима тўлашга тўғри келади. Кўплаб мамлакатларда жиноятларнинг катта қисми мастлик ҳолатида рўй беради. Дубайда маст бўлиб юрган одамни кўрмайсиз, эркин савдода спиртли ичимликлар йўқ. Уларни фақат ресторанлардан топишингиз мумкин. Нархи жудаям баланд.
ЎFРИЛИК УЧУН ЕВРОПА ҚУЛАЙРОҚ
- Акам яқинда Германияда қочқин, деган мақом олди, - дейди Дубайда шаурма сотиб кун кўраётган суриялик Муттавакил исмли бир йигит. - У менга: "Агар вақтичоғлик, аёлларга тегажоғлик қилмоқчи ёки уруш-жанжал кўтармоқчи бўлсанг, Европага бор. У ернинг халқи сенинг барча "эркалик"ларингни кўтариши мумкин. Аммо амирликларда асло бундай қила кўрма - кунингни кўрсатишади".
Ҳа, чиндан ҳам шундай. Босилган ҳар бир қалтис қадам сизнинг зарарингизга ишлайди. Шу сабабдан ҳам бу мамлакатда қотиллик, босқинчилик, номусга тегиш каби жиноятлар деярли учрамайди.
Дубай полициячиларидан бирининг гапларига кўра, бу ерда онда-сонда ўзига хос бир антиқа, таъбир жоиз бўлса, ғалати жиноятлар ҳам содир бўлиб тураркан. 2006 йилда туя пойгалари учун чавандоз тайёрлаш мақсадида БААга уч нафар ўсмирни яширинча олиб ўтишган. Бироқ бу тезда фош этилиб, туя эгалари қонунга хилоф ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Шундан сўнг амирликларда масофадан туриб бошқариладиган робот чавандозлар - туя устига ўтқазиб қўйиладиган механик қурилмалар расман жорий этилди.
Дубайдаги меҳмонхоналардан бирида нонушта пайти япониялик сайёҳ шикоят қилиб қолди. Унга бир дўконда "айфон"нинг қалбакисини алдаб сотишибди. Ҳа, шунақа, алдам-қалдам ишлар ҳам бўлиб туради.
Дунёда жиноят содир этилмайдиган мамлакатни топиш қийин, аммо жиноятчиликни кескин камайтириш масаласи бугун кўплаб давлатларни жиддий ўйлантириб қўяётгани бор гап. Бирлашган Араб Амирликларида эса бу масала ижобий ҳал этилган, дейиш мумкин. Қўшни қашшоқ мамлакатларнинг миллионлаб муҳтож одамларига бошпана бериб, уларни яхши маош тўланадиган иш билан таъминлаш билан бирга, кескин, бироқ мантиқан жуда тўғри қабул қилинган чора-тадбир, тартиб-интизом туфайли "ёт киши"ларни мамлакат қонунларини ҳурмат қилишга, ўзларини одобли тутишга ўргатишган. Бунинг учун кимнингдир қўлини кесишга эҳтиёж ҳам йўқ.
Георгий ЗОТОВ
Рус тилидан Мусо МУРОДОВ таржимаси