Меню

Қашқадарё

20.10.2020 1444

ҚДУ 13 ПОҒОНА ПАСТГА ҚУЛАДИ, ҚМИИ 6 ПОҒОНАГА ЮҚОРИЛАДИ

Миллий рейтинг

Ўзбекистон Республикаси вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси эълон қилган Республика олий таълим муассасаларининг миллий рейтингида Қарши давлат университети 41-, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти 43-ўринни банд этди.  

 

Мамлакатимиздаги жами 57 та олий таълим муассасасини қамраб олган рейтинг 100 баллик тизим асосида тузиб чиқилган бўлиб, унда ҚДУ 36,67 балл тўплаган ҳолда аввалги кўрсаткичини 13 поғонага пасайтириб юборган бўлса, ҚМИИ 36,15 балл жамғарган ҳолда 6 поғонага юқорилаганини кўриш мумкин.

Учинчи бор эълон қилинаётган миллий рейтингда олий таълим ташкилотлари мавқеи улардаги профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолияти (40 балл); ўқув-услубий ишлар ва ўқитиш сифати (30 балл); талабалар билими ва битирувчилар сифати (27 балл); жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга оид фаолияти (3 балл) бўйича баҳоланган. Унга кўра, ҚДУ биринчи йўналишда 8,06; иккинчи йўналишда 7,61; учинчи йўналишда 20,65; тўртинчи йўналишда 0,35 балл тўплаган бўлса, ҚМИИ мос равишда 7,23; 8,01; 20,55; 0,36 балл жамғарган.   

Умумий рейтингда 65,94 балл билан Ўзбекистон миллий университети пешқадамлик қилаётган бўлса, 31,38 баллга эга бўлган Нукус давлат педагогика институти сўнгги поғонада жойлашган.

Эслатиб ўтиш жоиз, ОТМ миллий рейтинги олий таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, таълим сифатини янада юқори босқичга олиб чиқиш ва уларнинг халқаро рейтингларга киришига ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида жорий этилган эди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!