Меню
Қашқадарё
Довкамардаги даладан 66 миллион сўмлик молларни ўғирлаб кетишди
Халқимизда “Тўғрилик тўрга тортар, ўғрилик – гўрга” деган нақл бор. Дарҳақиқат, ўғрилик қилиб барака топган, эл аро ҳурмат қозонган одам ҳақида эшитмаганмиз, бундан кейин ҳам эшитмаслигимиз аниқ.
Аммо айрим қўли эгри кимсалар борки, ишлаб, меҳнат қилиб, тер тўкиб, ҳалол пул топиш ўрнига кимлардир машаққат эвазига қўлга киритган нарсаларга, пул, буюм, жонлиқларга кўз олайтиришади. Албатта, бундайларнинг борар ери аниқ: бузоқ нари борса сомонхонагача чопади, кейин барибир қўлга тушади...
Шу йилнинг 1 ноябрь куни номаълум шахслар Деҳқонобод тумани Довкамар қишлоғи ҳудудидаги дала майдонидан фуқаро АХ. ва бошқаларга тегишли, умумий баҳоси 66 миллион сўмлик 10 бош қорамолни ўғирлаб кетишган.
Ҳолат юзасидан Деҳқонобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида, ушбу ўғриликни 28 ёшли Ҳ.К., 34 ёшли У.Ч. ва 31 ёшли Э.Ж. содир этгани аниқланиб, қорамоллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабарига кўра, айбланувчи тариқасида ишга жалб қилинган фуқароларга нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тоғни урса талқон қилгудек ёшдаги йигитлар умрининг айни қизғин палласини не мақсадлар йўлида совуриб юрибди – буларга қараб “аттанг”, дейсиз беихтиёр...