Меню
Қашқадарё
ДОСТОЕВСКИЙ РУҲЛАР ОЛАМИДА
ОЛИМЛАР ОРАСИДА ИХТИЛОФ
1875-1876 йилларда спиритизм яна бир марта “куннинг муҳим масаласи”га айланди. Академик Александр Бутлеров ва профессор Николай Вагнер сингари таниқли олимлар уни очиқ-ошкора ҳимоя қила бошлашди. Бошқа олимлар эса кимё профессори Дмитрий Менделеев бошчилигида бу “хурофот”ни қандай қилиб бўлмасин, яксон қилишга бел боғлашди. Уларнинг ташаббуси билан Санкт-Петербург университети қошидаги Физика жамиятида медиум ҳодисаларини муҳокама қилувчи комиссия тузилди. Ўн ойдан кўпроқ вақт мобайнида бу комиссия олий мартаба эгаси Александр Аксаков Англиядан таклиф қилган медиумлар иштирокида сеанслар ўтказишди.
Комиссия иши қаттиқ можаролар оғушида кечарди. Менделеевнинг сеансларга халал бериш ва далилларни бузиб кўрсатишга уринганини бир эмас, бир неча марта фош этишди.
Достоевскийда ҳам спиритик сеансларда шахсан иштирок этиш истаги туғилди. Фёдор Михайлович Вагнер билан яхши таниш эди: зоология профессори бўш вақтларида “Мушук Мурлик” тахаллуси остида болалар учун эртаклар ёзарди. У ўзининг қаламкаш дўстини Аксаков билан таништириб қўйишга ваъда берди.
ИЛК СЕАНС
1876 йилнинг 8 январида Вагнер Фёдор Михайловичга Петербургга Сент-Клер хоним келгани ҳақида ёзиб юборади. “У профессионал медиум эмас, - таъкидлайди Николай Петрович. – Хоним жуда бадавлат, бу ерга олимлар комиссиясининг илтимосига кўра келишга рози бўлди. У фавқулодда қувватга эга. Аксаков эса сизни кўрса, жуда хурсанд бўлади”.
Бахтга қарши, шу кунларда Достоевскийнинг оила аъзолари бетоб эди: қизилча тошиб кетган фарзандларининг аҳволи оғир, адибнинг рафиқаси Анна Григорьевна эса ангина туфайли ётиб қолганди. Ёзувчи фақат бир ойдан кейингина истаганига эриша олди. 13 февраль куни ўтказилган сеансда яна икки нафар машҳур адиб - Николай Лесков ҳамда Пётр Боборыкин қатнашди. Аксаковнинг уйида ҳис қилганлари Фёдор Михайловични қалбининг тубига қадар жунбишга келтирди. У бу ҳақида батафсил ёзишни истамаган бўлса-да, сеанс “менда ниҳоятда кучли таассурот қолдирди”, дея иқрор бўлади. Николай Лесков эса Невский проспектидаги 6-уйда бўлиб ўтган сеанс ҳақида муфассал ҳикоя қилиб берган.
“Биз жаноб Аксаковнинг уйида оқшомги соат 8 ларда йиғилдик. Беш нафар кузатувчи, уй соҳиб ва соҳибаси ҳамда медиум жам бўлди. Профессорлардан Вагнер, Бутлеров, ёзувчилардан Достоевский, Боборыкин ва мен холис кузатувчилар эдик.
Дастлаб биз оддий айлана стол атрофида бир оёғимизни йиғиб ўтирдик ва столга қўлимизни қўйдик... Спиритик тақиллатишлар эшитилди. Тақиллатиш бўлганда ҳам худди стол оёғини полга уриб, юмшоққина тақиллатаётганга ўхшарди, овоз ёғоч столдан таралаётганини эшитиб турардик. Улар Аксаков айтаётган инглиз алифбоси тартибида тез-тез чертишлар билан жавоб беришарди. Кўп ҳолларда улар сўзни ортиқча билиб, уч марталик зарб билан тақиллатиш орқали жавобларини билдиришар эди”.
Сент-Клер иштирокчилар стол тагида оёғи билан тақиллатаяпти, деб ўзидан гумон қилишлари мумкинлигини тушунарди. У стол юзасини исталган оҳангда тақиллатишни таклиф этди, “руҳлар” эса бу овозларни такрорлаши керак эди. Ёзувчилар столни темир калит билан тирнаб, ҳеч бир маънони англатмайдиган шакл ва чизиқлар торта бошлашди. Бу ёқимсиз ғичирлаш бир-икки лаҳзадан сўнг жуда аниқ, бироқ фавқулодда оҳисталик билан такрорланди. Медиумнинг қўллари стол устида ҳаракатсиз ётарди. Овозни ёзиб оладиган ускуналар ўша замонда ҳалича кашф этилмаган эди.
ФИКРНИ ЎҚИШ
“Сеанс ўтказилаётган хона шифтга осилган хира қалпоқли кичикроқ чироқ билан ёритилганди, - дея навбатдаги тажрибани тасвирлайди Лесков. – Чироқ бир текисда нур таратар, ёруғлик биз столга рақамлар ва исмларни бемалол ёза оладиган даражада етарли эди. Илк тажриба Достоевский билан ўтказилди: у французчада 7 та исм ёзди ва бу исмлардан бирини алоҳида қоғоз бўлагига ёзиб, қўлида ушлаб турди. Сўнгра у рўйхатдаги исмлар устидан бирма-бир қалам юргиза бошлади ва “Theodore” исмига келганида уч марта тасдиқловчи товуш янгради. Достоевский дилида ростдан ҳам шу исмни ўйлаганини айтди. Кейин Боборыкин ёзди ва рад жавобини олди. Улардан сўнг менга ёзишни таклиф қилишди. Мен алоҳида қоғоз парчасига бир марҳум танишимнинг исмини ёздим: “Michel” ва бу парчани қўлимда ғижимлаб, қоғозга бошқа исмларни бирма-бир ёза бошладим. Лекин дастлабки икки исмни ёзишим билан рад жавобини англатувчи товуш янгради. Эндигина “Mich” деб ёзишим биланоқ тасдиқ товуши эшитилди. Мен ҳам, Достоевский ҳам ўйлаган исмларни яширин тарзда ёзган ва буни бирор одам кўра олиши мумкин эмасди. Фёдор Михайлович стол ёнидан туриб, бир четга ўтганича ёзган, мен бўлсам қўлимни стол тагига тушириб, ёзгандим”.
УЧУВЧИ ЖИҲОЗЛАР
“Сўнг столнинг ҳавога кўтарилиши билан боғлиқ тажрибада қатнашдик, - эслайди Лесков. - У, назаримда, 6-8 вершок (4,4 сантиметрга тенг узунлик ўлчови) баландликда юқорига кўтарилди. 7-8 секундча шу алфозда туриб, тез жойига қайтди. Бир неча дақиқадан кейин бу ҳолат яна такрорланди ва бу сафар стол ҳавода кўпроқ вақт осилиб турди”. 30 сантиметрча юқорилаш (6-8 вершок шунчага тенг бўлади) – бу ёмон кўрсаткич эмасди.
Тажрибали спиритлар билардики, айлана столни оёқ ё тизза билан кўтариш осон. Нотўғри хулоса туғилмаслиги учун уларда оёғи ташқари тарафга эгилган ва усти қалин тўртбурчак стол бўларди. Бундай столни бир киши, агар кўзбойлоғичлик усулини ишлатмаса, кўтара олмасди. Айтилган ҳодиса эса содир бўлди: стол медиум иштирокида икки марта кўтарилди ва бир сафар ҳавода узоқ муддат туриб қолди.
Учинчи стол тагига турлича жиринглайдиган иккита қўнғироқча қўйишди. Аввалига стол тагида битта қўнғироқча жиринглади, сўнг иккови бараварига жиринглай бошлади. Лесков медиум ёнида ўтирар ва Сент-Клер хоним тор этикчасини сездирмай ечиши ва қўнғироқчаларга оёқ бармоқлари билан тегиниши мумкин, деган шубҳа ноўринлигига амин эди. Бутлеров бир учидан ушлаб, стол тагида тутиб турган гармония билан ўтказилган тажриба ҳам муваффақиятли ўтди, чунки деярли ҳавода осилиб турган мусиқа асбобининг клавишларини оёқ бармоғи билан чалиб бўлмасди. Шунда мусиқа асбобини Фёдор Михайлович қўлига олди.
“Достоевскийнинг қўлида гармония бирорта ҳам товуш бермади, бироқ шу пайт Аксаковнинг кийими этагидан нимадир куч билан тортқилади. Медиум Аксаков орқали гармонияни қўйиб туришни ва уни рўмолча билан алмаштиришни таклиф қилди. Фёдор Михайлович рўмолчани олди ва уни стол тагига ташлаб, бир учидан тутди. Бир неча дақиқадан сўнг у рўмолча бир томонга тортилаётганини айтди. Аммо бу ерда қандайдир майда-чуйда англашилмовчиликлар келиб чиқди ва уларни ойдинлаштиргунча сеанс ҳам тугади”.
Боборыкин “майда-чуйда тушунмовчилик”ка Фёдор Михайловичнинг эҳтиётсизлик билан айтган мулоҳазалари сабаб бўлганини яширмаган. Сент-Клер хоним унинг ҳазилини тушунмади ва хафа бўлиб, сеансни тугатди.
МЎЪЖИЗА ДАВОМ ЭТАДИ
Таниқли адибнинг сеанс ҳақида бирор фикр айтмагани Достоевский ҳамда Вагнер ва Аксаков орасидаги дўстликка таъсир ўтказмайди. Фёдор Михайлович тез орада Сент-Клер хоним билан ярашиб олади ва яна битта сеансда иштирок этади. У тилшунос Бодуэн де Куртенэга устида турли анжомлар бўлган каттакон столнинг ҳавода яхшигина баландликда осилиб турганини ўз кўзлари билан кўрганини сўзлаб беради. Иштирокчиларнинг қўллари унинг юзасига аранг тегарди.
Достоевскийнинг танишиникига қилинган ташриф энг охирги тажриба бўлди. Улар яна спиритик сеанс ўтказишга қарор қилишади. Гарчи Сент-Клер хоним сеанс учун пул олмаса ҳам уни ҳаваскор медиум деб бўлмасди. Бу ерда медиум сифатида бир аёл танланади, у “жиддий ва самимий аёл эди, у ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа уйғотмасди”.
“Менга ўзимча бирор рақам ўйлашни таклиф қилиб, Б. хонимнинг столчаси уларни топади, деб ваъда беришди, - деб эслайди Достоевский. – Мен бошқа – мутлақо бўм-бўш хонага кирдим, ўйлаб-ўйлаб, бир нечта рақамни хаёлан такрорладим ва бир неча қатор қилиб қоғозга ёзиб қўйдим, сўнг қоғозни буклаб, чўнтагимга солдим. Столча эса ҳамма қаторлардаги рақамларни ҳеч бир хатосиз такрорлади”.
КЎРИНМАС ОДАМ БИЛАН ЖАНГ
Фёдор Михайлович танишлари уни алдашлари учун бирор бир сабаб йўқлигини яхши биларди.
“Хонада биз уч киши эдик: уй соҳиби, мен ва медиум хоним. Хоним курсида ўтирар, стол эса ундан 10-12 қадамча нарида турарди. Хонада жиҳоз камлигидан деярли бўм-бўш эди. Б. хоним ва уй эгаси узоқроқда жойлашган ва столчага на қўл, на оёқ билан тегина олишарди. Очиқ жойда мен ҳар қандай ҳаракатни кўришим, илғашим мумкин эди. Менга рўмолчамнинг бир учини стол устига чиқазиб, қолган учта қиррасини эса пастга эркин осилиб турган ҳолатда ёйиб, ушлаб туришимни сўрашди. Орадан бир-икки дақиқа ўтар-ўтмас мен рўмолчанинг пастга осилиб турган бир учи енгил-енгил қимирлай бошлаганини яққол сездим, шу билан бирга, бу вақтда ҳеч ким столга яқинлашмаганини ҳам кўриб турардим. Кейин бу қимирлаш шу қадар кучайдики, мен рўмолчани қаттиқроқ тутишга мажбур бўлдим. Ниҳоят, аллақандай кўринмас куч рўмолчамнинг ўртадаги энг узун учини ушлаб олди ва шундай тортқилай бошладики, мен уни иккала қўлим билан зўрға ушлаб турардим. Мен рўмолчанинг ҳавода энламасига қандай ёйилиб турганини аниқ-тиниқ кўриб турардим, уни кимдир ўрта учидан тутиб турар ва азбаройи таранг тортилганидан матода узун-узун йўл – қирра ҳосил бўлганди”.
Достоевский буни Бодуэн де Куртенэга айтар экан, спиритизм билан жиддий шуғулланиш истаги борлигини ҳам қўшимча қилади. У бу ниятини амалга оширишга улгурмади.
Достоевскийнинг ўлимидан сўнг Вагнер унинг бевасига ёзма илтимос билан мурожаат қилади. У Фёдор Михайловичнинг руҳини чақиришга рухсат сўрайди, мақсади “ҳақиқат ташналиги қондириладиган жойга борганидан кейин қарашлари ўзгарганми-йўқми”, шуни билиш эди. Бироқ Анна Григорьевна буни қатъий рад этди. Марҳум адиб иштирокидаги сеанс амалга ошмади.
Муаллиф: Михаил ГЕРШТЕЙН.
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.