Меню
Қашқадарё
ДОРИ-ДАРМОН НАРХИ ПАСАЙДИМИ?
- 2017 йилнинг 1 январидан кучга кирган ушбу қарор асосида тиббиёт ва дори-дармон таъминоти (савдоси)да жуда муҳим аниқликлар юзага келди, десак янглишмаймиз. Ундан кўзланган мақсад, аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш. Қарорга кўра, 2016-2020 йилларда республика фармацевтика саноатида фаолият кўрсатаётган корхоналарни янада ривожлантириш учун 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бундан мақсад, аҳоли ва тиббиёт муассасаларида эҳтиёж юқори бўлган импорт ўрнини босадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни 2,5 баробар ошириш ҳамда аҳолини сифатли маҳаллий дорилар билан таъминлашга қаратилган.
- Бир хил дорининг турли нархда сотилиши масаласи-чи? Унга қандай ечим топилди?
- 2017 йилнинг 1 январидан янги тартиб-қоида жорий этилди. Эндиликда четдан олиб келинадиган ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш бўйича нарх тартиби йўлга қўйилди. Унга кўра, дори-дармон савдоси уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.
Ҳозирда 300 дан ортиқ номдаги дори-дармон воситалари учун қатъий нарх ўрнатилди. Мазкур рўйхатга аҳоли учун энг аҳамиятли, жумладан, саратон, қанд касалликларига қарши, операциялар ўтказиш учун зарур дорилар ва тиббиёт буюмлари киритилди. Ушбу препаратларнинг барча тиббиёт муассасалари ва дорихоналарда етарли миқдорда, сифати тасдиқланган ва қулай нархларда сотилиши белгиланди.
Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этилган республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун нарх жаҳон нархлари конъюнктураси асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланади. Агар юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол равишда бузилса, уларга қатъий жазо қўлланилади ва ҳатто лицензияси бекор қилиниши мумкин.
- Демак, ушбу қарор талаблари беморларга моддий жиҳатдан ҳам манфаат келтиради?
- Албатта, аҳоли учун анча енгиллик бўлади. Чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016-2017 йиллар учун таққосий жадвали маҳаллий дори воситаларининг нархи 8 фоиздан 44 фоизгача пасайганини кўрсатди. Демак, халқимиз энди маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларни анча арзон нархларда харид қилиш имконига эга. Шунга кўра, тиббиётда кенг қўлланиладиган 299 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 44 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар белгиланмоқда. Нархларнинг ошиб кетмаслигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклатилди.
- Ички бозорни маҳаллий дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан тўлдириш – давр талаби. Шундай эмасми?
- Бизга маълумки, маҳаллий компанияларимизда ишлаб чиқарилаётган 100 дан ортиқ дори-дармон ва тиббиёт буюмлари ички бозор билан бир қаторда дунёнинг 20 га яқин давлатига экспорт қилинмоқда. Худди шундай биз импорт қилаётган воситалар ҳам бор. Соҳани янада ривожлантириш эвазига маҳаллий ишлаб чиқариш ҳамда аҳолининг дори-дармон ва тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжини қондиришга ҳаракат қилинмоқда. Бунинг учун мамлакатимизда ўсувчи гиёҳлар - доривор ўтлардан фойдаланилиб, дори-дармон ишлаб чиқариш кенгайтирилади. Табиийки, шу тариқа ишлаб чиқарилган дори-дармон нархи ҳам паст бўлиб, сифати кафолатланади.
Умуман олганда, ушбу қарор асосида таъминотда турли ўзбошимчалик ва қонунга хилоф ишлар олди олинади, нархлар пасаяди. Дорихоналарда “Истеъмолчилар бурчаги” ўрнатилади. Унда дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади. Бу эса дори воситаларининг “белгиланган нархлар”да сотилишини таъминлайди ва сифатсиз, қалбакилаштирилган ёки муддати ўтган дори-дармонлар савдосига чек қўяди. Бир сўз билан айтганда, аҳолини кўпдан бери қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топади.
Сожида АЛЛАЁРОВА суҳбатлашди.