Меню

Қашқадарё

16.10.2018 1703

ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Фуқароларимиздан айни масала юзасидан кўплаб мурожаатлар бўлаётганлиги сабабли қуйидаги мулоҳазаларни билдиришни лозим топдик.

Аввало, шуни қайд этиш зарур, мамлакатимизда диний эркинликни таъминлаш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Бағрикенглик, меҳр-оқибат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат каби халқимиз маънавий-ахлоқий ҳаётининг ажралмас жиҳатларини янада юксалтириш ва тарғиб этиш, диний-маданий меросни асраб-авайлашга эътибор қаратилган. Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг барча учун таълим олиш имкониятини таъминлаш, виждон, дин эркинлиги ва эътиқод қилувчиларнинг бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Бу амалий ишлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 61-моддасида “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”, деб кўрсатилган. Шунингдек, Асосий қонунимиз 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб берилган.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун эса ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъи назар фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Қонунга мувофиқ Ўзбекистон фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузган кўнгилли бирлашмалари, яъни диний жамиятлар, масжидлар, черковлар ҳамда диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари диний ташкилотлар деб эътироф этилади.

2018 йил 31 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу низомга мувофиқ диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари Адлия вазирлиги, бошқа диний ташкилотлар вилоят адлия бошқармалари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади. Масжидларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга диний ташкилотни ташкил этиш бўйича таъсис йиғилиши ўтказилган кундан бошлаб уч ой мобайнида ҳужжатлар тақдим этилиши керак. Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби қарорда белгиланган.

Масжидларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш керак. Биринчи, диний ташкилот тузиш ташаббускорлари бўлган 18 ёшга етган 100 нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари имзолаган ва нотариал тартибда тасдиқланган ариза. Иккинчи, иккита асл нусхада нотариал тартибда тасдиқланган диний ташкилотни ташкил қилиш, уставини тасдиқлаш ва раҳбар органларини сайлаш бўйича маълумотлар мавжуд бўлган таъсис йиғилиши баёни ва диний ташкилот устави. Учинчи, давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати. Тўртинчи, диний ташкилот ташаббускорлари тўғрисидаги маълумотлар. Бешинчи, диний ташкилотнинг раҳбар органи аъзолари тўғрисидаги маълумот. Олтинчи, диний ташкилот раҳбарларининг диний маълумоти ҳақидаги нотариал тартибда тасдиқланган ҳужжатлари нусхалари. Раҳбар органлари ва уларнинг сони диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда белгиланади. Еттинчи, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг розилик хати. Саккизинчи, диний ташкилотнинг юридик манзили тўғрисида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг кафолат хати. Бу кафолат хатига Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Давлат санитария-эпидемиология хизмати, Ички ишлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати тегишли бўлинмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг розилик хати илова қилиниши керак.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2018 йил 26 сентябрдаги қарори билан диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Ушбу низомга мувофиқ масжидни рўйхатдан ўтказмоқчи бўлган ташаббускорлар Дин ишлари бўйича қўмитага юқорида қайд этилган ҳужжатлар билан биргаликда, яқин масжидлар билан оралиқ масофа ҳақидаги маълумот ва масжиднинг фаолият олиб бориши учун зарур молиявий манбалар ҳақида маълумотнома тақдим қилиши керак. Назаримизда молиявий манбаси аниқ бўлмаган ҳамда бир-бирига яқин жойларда диний ташкилотларни очиш масаласига жиддий ёндашиш керак. Бу тоифадаги мурожаатлар Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 15 кунлик муддат ичида кўриб чиқилади.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик беришни рад этиш ҳамда диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади. Биринчидан, диний ташкилотнинг таъсис ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, мустақиллиги ва хавфсизлигини бузиш, миллий, диний ва ирқий адоватни тарғиб этиш, фуқароларнинг соғлиги, маънавияти ва ахлоқига қасд қилиш мақсадига эга бўлса. Иккинчидан, диний ташкилот устави қоидалари Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунига зид бўлса. Учинчидан, диний ташкилотни тузишнинг қонунда белгиланган тартиби бузилган бўлса. Тўртинчидан, ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда ёки улар зарур тартибда расмийлаштирилмаганда.

Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва фаолиятига тўсқинлик қилувчи асоссиз нормалар эса мамлакатимиз қонун ҳужжатларида мавжуд эмас.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!