Меню

Қашқадарё

26.04.2019 2311

ДИЛФУЗА НОСИРОВА -

Аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлаш, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини  тарғиб  этиш, ҳамшираларнинг билим даражаси ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш мақсадида ҳар йили ўтказиб келинаётган кўрик-танловнинг саралаш босқичида 21 нафар ўрта тиббиёт ходими 5 та шарт бўйича беллашди.

- Ҳамширалик иши кенг қамровли жараён бўлиб, тиббиётнинг бирор йўналишини бу мутахассис фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Елена Парембо. - Айниқса, шошилинч тиббий хизмат, реанимация, операция блокларида малакали ҳамширанинг билим, маҳорати, тажрибаси, ўз касбига садоқати беморни соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим омилдир. Вилоятимизда фаолият олиб бораётган 34 минг нафарга яқин шарафли ва масъулиятли касб соҳибаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  "Ҳамшира-2019" танлови шундай муҳим лойиҳалардан бири.

Танловда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳияти ҳамда унда ҳамшираларнинг ўрни ва вазифаси бўйича назарий билимлар ҳам синовдан ўтказилди.

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни Китоб тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Дилфуза Носирова, иккинчи ўринни Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими дояси Гуллола Тошпўлатова ва учинчи ўринни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали химия терапия бўлими навбатчи ҳамшираси Дилноза Аҳмедова қўлга киритди.

-  Танлов мен учун жуда аҳамиятли бўлди, - дейди Дилфуза Носирова. - Энди янада яхши тайёрланиб, республика босқичида ҳам энг юқори натижага эришиш учун астойдил ҳаракат қиламан.

Тадбир сўнгида кўрик-танловнинг барча иштирокчиларига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ўзбекистон  Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ва Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси вилоят бўлимларининг эсдалик совғалари топширилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

С.НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!