Меню

Қашқадарё

15.06.2020 1520

ДИЛАФРУЗ НУРЖАБОВА – “ЭНГ ЯХШИ ЁШ ОЛИМ” ХАЛҚАРО ТАНЛОВИНИНГ ҒОЛИБИ

Муҳаммал ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалининг катта ўқитувчиси Дилафруз Нуржабова Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари илм-фан ва таълим муассасаларининг ходимлари ўртасида ўтказилган “Энг яхши ёш олим-2020” халқаро танловида ғолиб чиқиб, махсус диплом ва медаль билан тақдирланди.

Мазкур танлов Қозоғистон Республикаси “Бобек” умуммиллий ҳаракати ва Олимлар конгресси томонидан шу йилнинг март ойида ташкил этилган бўлса-да, коронавирус пандемияси муносабати билан Дилафруз Нуржабованинг мукофотлари ҳамда унинг устози – ТАТУнинг “Мультимедиа технологиялари” кафедраси мудири, техника фанлари доктори Элмира Назировага йўлланган ташакурнома эгаларига яқинда етказилди.

Қаршилик ёш олим халқаро танловга эссе тақдим этаркан, унда “Юрак-қон томир тизимида қон айланишининг математик модели ва дастурий таъминотини ишлаб чиқиш” мавзусига бағишланган тадқиқотининг долзарблилиги ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтган.

Шунингдек, ўтган ойда Д.Нуржабова дастурчи қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган «Go IT Girls Russia» (Россия) онлайн-марафонида иштирок этиб, замонавий дастурлаш тиллари, рақамли маркетинг ва дизайн, Skram технологиялари асосида дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ва бошқаришга бағишланган вебинарларда ўз билим ва кўникмаларини янада оширди. Машғулотлар Россиядаги энг машҳур АКТ-компанияларининг эксперт ва дастурчилари томонидан олиб борилди.

Ўз мухбиримиз

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!