Меню
Қашқадарё
ДЕВОРГА СУРАТ ЧИЗГАН БИЛАН БОҒЧА БЎЛИБ ҚОЛМАЙДИ...
Фототанқид
Бир неча кун илгари барчамиз Президентнинг Олий Мажлиcга Мурожаатномасини тингладик. Унда кўплаб йўналишлар қатори мактабгача таълим соҳасига ҳам алоҳида тўхталиниб, мактабгача таълимни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижасида ўтган йили 5 минг 722 та давлат, хусусий, оилавий болалар боғчалари ташкил этилгани, шунинг ҳисобидан мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бир йил давомида 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилгани таъкидланди. Ўз навбатида боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказиш, ушбу мақсадларга бюджетдан қарийб 1,8 триллион сўм маблағ ажратилиши ҳам қайд этилди.
Албатта, кўз-ланган мақсад аниқ: ҳар томонлама баркамол авлодни оёққа турғазиш. Бунинг учун барча бўғиндаги масъуллар зиммасидаги вазифани тўғри англаши, масъулиятни чуқур ҳис қилиши даркор. Қаердадир эскича иш услубига ўрганиб қолинган бўлса, кимдир бепарвою лоқайд бўлса ва яна кимгадир кечаётган ўзгаришларнинг зиғирча қизиғи бўлмаса, бу борада айтарли натижа кутиш амримаҳол.
Шаҳрисабз туманидаги 19-мактабгача таълим ташкилоти биносига кириб борар экансиз, "Буюк аждодларимизга лойиқ ворис бўлайлик" деган шиорга кўзингиз тушаркан, буюкларга муносиб бўлишни истаганлар етарлича шароитни ҳам яратиши керак-да, деган ўй ўтади хаёлингиздан.
Кираверишда оёқ кийимлари тўзғиб ётибди (совуқда турган шу пойабзалларни болалар қайтишда яна кийиб кетишиям бор), дарахтга илинган ва эскирган услубдаги "умивальник"ларга шу изғиринда ёши катталар қўл узатишга журъат қилолмайди, болаларни-ку қўяверинг.
Бир замонларга хос ҳожатхонага ёлғиз, совуқдан қунишганча бориб-келаётган болаларнинг атрофида эса ит кезиб юрибди.
Ичкарига йўл оларкансиз, боғча ходималарининг формасиз кириш мумкин эмаслиги хусусидаги "эслатма"лари қулоғингизга чалинади, аммо бирорта формали ходимани учратмаганингиздан кейин нима қиласиз?!
Машғулот хоналаридаги болалару тарбиячилар иссиқ кийимларда, ҳатто кўрпадаги ўғил-қизлар қишки кийимда ухлашга ётган. Агар ёқилғи йўқ десак, омбордаги қопларга жойланган кўмир хўжакўрсинга турмагандир?
Деворга илиб қўйилган термометр хона ичидаги ҳаво ҳарорати атиги 13 даражага тенглигини кўрсатиб турибди (сурат 23 январь куни олинган).
Газ плитаси баллонларга уланган, бироқ у хавфсизлик қоидаларига тўла жавоб беради, деб бўлмайди.
Умуман, ушбу боғчадаги ҳар бир ҳолат, манзара киши кўнглини хуноб этишга ярайди, холос.
Энди ўйлаб кўринг: соҳадаги ислоҳотлар шароитида шундай боғчаларга ўрин бўлиши мумкинми?
Тўғри, совуқ мавсумда иссиқ муҳит яратишнинг ўзи бўлмайди. Бу борада қийинчиликлар етарлича топилади, лекин шундай бўлиши олдиндан маълум эди-ку. Тадорикни ҳам шунга қараб кўриш керак эмасмиди? Қийин-қийин, боғча дегани шундай бўларкан, дея, телевизорда кўрсатиладиган боғчаларга ҳавас билан термиладиган беғубор тасаввурдаги қоракўзларга қийин…
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.