Меню
Қашқадарё
ДЕПУТАТЛАР МУЛОҚОТИ ХЎЖАКЎРСИНГА ЭДИМИ?
Дарҳақиқат, депутатлар ва сенаторлардан иборат Ишчи гуруҳ ўрганишлари ҳудудларимиздаги асл аҳволни, аҳолининг ҳаёт даражаси, турмуш тарзи, йиллар давомида жавоб кутаётган кўплаб саволларни кўрсатиб берди. Аммо ечимга келганда...
Тан олиш керак, айрим масалалар жойида ҳал бўлди ҳам. Баъзи йўналишларда чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилди. Бироқ улар нечоғлик самара берди? Натижа қандай? Буни биргина Чироқчи тумани мисолида олиб кўрсак – чунки биринчи ўрганиш айнан шу ҳудуддан бошланганди.
Мисол учун, ўшанда депутат ва сенаторлар Чироқчида банк, молия, бухгалтерия, бошланғич таълим йўналишларини тамомлаган ўғил-қизлар иш топишда қийналаётганини таъкидлашган, шунга кўра, коллежларда асаларичилик, ипакчилик, иссиқхона хўжалиги, сартарошлик ва декоратив косметика, дизайн, ошпазлик ва ресторан хизмати, пойабзалчилик каби йўналишларда мутахассислар тайёрлаш мақсадга мувофиқлиги айтилганди. Хўш, бу амалга ошдими? Қайси коллежда иссиқхона хўжалиги, қайси бирида асаларичилик ёки пойабзалчилик, косметика ўргатилаяпти ва бу жараёнда депутатлар қай даражада иштирок этишди?
Ёки Олий Мажлис ишчи гуруҳи аъзолари туман мактабларидаги педагогларнинг 64 фоизи олий маълумотли экани хусусида маълумот беришганди. Нима, шундан сўнг олий маълумотли ўқитувчилар сони кескин кўпайдими?
Туманда 2017 йил бошида болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси бор-йўғи 3,8 фоизни ташкил этарди. Шундан буён қайси депутат бу борадаги аҳволни ўрганди? Қамров даражаси неча фоизга ўсди? Дейлик, туманда 10 минг аҳолига 8 врач тўғри келишидан келиб чиқиб, депутат ва сенаторлар қандай чора-тадбир белгилашди?
Ё бўлмаса бир йил олдин туман аҳолисининг бор-йўғи 4 фоизига ичимлик суви шартнома асосида етказиб бериларди. Хўп, вазият қайси томонга ўзгарди? “Сувоқова” корхонаси билан шартнома тузувчилар сони кўпайдими ё қолганлар ҳам ичимлик сувини ташиб келтиришга, артезиан қудуқлари орқали чиқаришга ўтдими?
Гапнинг пўсткалласини айтадиган бўлсак, ҳудудларда бу каби муаммолар борлигини ўзимиз ҳам билардик. Расмий маълумотлар берилмагандир, аммо аҳолини қандай муаммолар қийнаётгани, таълим, тиббиёт, коммунал соҳадаги оқсашлардан озми-кўпми, бохабар эдик. Депутат ва сенаторлар келиб рақамлар йиғишини эмас, шу рақамлар ортида тўпланиб ётган муаммоларни ҳал этишидан умидворлигимиз айни ҳақиқат. Афсуски, аҳвол айтарли даражада ўзгармади. Гўё мулоқотлар қилинди, камчиликлар айтилди, мутасаддиларга топшириқлар берилди – бўлди. Кейини билан биров қизиқмади, қизиқмаяпти.
Мисол учун, ана шу мулоқотлар якуни халқ депутатлари Чироқчи тумани Кенгаши сессиясида муҳокама қилинаркан, қатор таклифлар ҳам илгари сурилганди. Масалан, туманда катта ҳажмда пахта хомашёси етиштирилсада ҳудудда бирорта текстиль корхонаси йўқлиги, бу ерда 20 минг гектар лалми ер бору, бирорта ун заводи қурилмагани қайд қилинган, дунёда иккитадан бири бўлиши кутилган тарвуз шарбати тайёрлаш, шиша заводи қуришга туманда хомашё етарли эканлиги ҳам худди шу мажлисда айтилганди.
Мана, орадан бир йилдан ошиқ вақт ўтди. Уларнинг қайси бири амалга ошаяпти? Қай бири устида бош қотирилаяпти? Олий Мажлис депутат ва сенаторлари ҳар куни келиб-кетолмас, бироқ туман депутатлари-чи? Туман раҳбарлари ҳам бу гаплар айтилганда ўша жойда эди, улар нима қилишди? Ё “айтдим-қўйдим-да” қабилида иш тутилганмиди? Депутат сўрови орқали туман раҳбарларидан бу масалаларнинг ижроси сўраб-суриштириб турилса бўларди-ку.
Чекка қишлоқда яшайдиган, турмуши ҳаминқадар кишининг уйига нуфузли депутат ёки сенатор келганини тасаввур қилинг. Балки у нуфузли меҳмондан ҳеч нарса тама қилмас, сўрамас, биргина ташрифнинг, ҳол сўраганининг ўзи унга қанча мадад бўлади. Агар депутат аҳволингизни ўнглаймиз, энди ҳаммаси бошқача бўлади, мана, заводлар қурамиз, ишли бўласиз, турмушингиз ўзгаради каби ваъдалар берса, бояги бечоранинг боши осмонга етади. Аммо у гаплар фақат ваъдалигича қолиб кетса-чи? Бирор ўзгариш сезилмаса-чи? Ким деган одам бўлади депутат, сенаторлар?
Ўтган гапларни қайта эсга олишдан ҳам муродимиз шу: берилган ваъдалар, белгиланган чора-тадбирлар қачон иш беради, уларнинг аниқ самарасини қачон ҳар биримиз ўз ҳаётимизда ҳис қиламиз?
Масалан, депутатлар келган вақти Оқтўнли қишлоғида яшовчи Ҳ.Шовқуловага турмуш ўртоғи вафот этгани, беш боланинг қаровчиси, боз устига иккинчи гуруҳ ногирони бўлгани сабаб чорвачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит ажратилиши, яшаш хонадонига ичимлик суви қувури тортилиши белгиланган эди.
Бироқ бугун шу нарса маълум бўлаяптики, Ҳ.Шовқулова имтиёзли кредитни олмаган. Ичимлик суви қувури ҳам тортиб берилмаган.
Хўш, нега бундай бўлди? Чунки берилган ваъданинг ижроси суриштирилмади. Депутатлар келди, кўрди ва кетди. Орада уларнинг нега келганию нима қилиб берганидан алағда бир фуқаро қолди, холос.
Қолаверса, ўтган йили Ишчи гуруҳ тумандаги бор-йўғи 628 та хонадонда бўлганини ва ҳудудда 68 мингга яқин хонадон борлигини инобатга олсак, мулоқотлар аҳолининг 1 фоизинигина қамраб олгани ойдинлашади. Қолган 99 фоиз аҳолининг муаммолари қачон ўрганилади? Ким ўрганади? Шу ҳақда ўйларкансан, пессимистлигинг тутиб ўрганганлари нимани ўзгартирувди, энди нима бўларди, деган ўйга ҳам борасан киши.
Сўнг депутат ва сенаторлар Қарши туманидаги аҳволни ҳам худди шу тарзда кўришди, бу ерда ҳам кўплаб масалалар ўртага ташланди. Лекин уларнинг қанчаси ҳал бўлди? Биргина мисол: ўшанда тумандаги 62-мактабга бориладиган йўлда пиёдалар йўлакчаси ва кўприк йўқлиги, бундан ўқувчи ва ўқитувчилар қийинчилик сезаётгани айтилган, депутатлар бу масала яқин-орада ҳал бўлишини билдирганди.
Бироқ маълум бўлишича, бу кўприк ҳали-ҳануз қурилганича йўқ. Аҳвол илгари қандай бўлса, ўшандайлигича, ўзгармаган. Тўғри, бу жараёнда депутатларни кўп айблаб бўлмайди, бироқ аҳоли ҳудуддаги мутасаддиларга ишонмай депутатлардан ёрдам сўраганми, шундай муаммо ҳақиқатда мавжудми, унинг кейинги ижроси билан лоақал бир қизиқиб кўриш керак эди.
Ёки депутат ва сенаторларнинг Нишон туманидаги ўрганишларини олайлик. Айтилишича, мулоқотлар асносида тумандаги 50 та кам таъминланган хонадонга газ баллонлари етказиб берилган. Эътибор беринг, қачон? 16-23 февраль кунлари орасида!
Наҳотки халқ ноибларини “бу оилалар газсиз қишни қандай ўтказди экан?” деган ўй қийнамаган бўлса? Ёки Муборак туманидаги 24 та кам таъминланган оилага 23-31 март кунлари газ баллонлари тарқатилганини-чи? Берилибди, шунисига балли, бироқ айни мавсум пайти қаерда эди улар? Бу борада лоқайдлик, сусткашлик қилган мутасаддиларга бирор чора кўриш таклиф қилиндими? Келгусида бу каби камчиликларга йўл қўйилмаслиги назоратга олиндими?
Тўғриси, охирги сессиялар бир хил қолипда ўтадиган бўлиб қолди. Яъни дастлаб бир депутат сўзга чиқиб, тумандаги аҳволни, рақамларни ўқиб эшиттиради. Ечим, аниқ таклиф айтилмайди ҳисоб. Кейин бошқа бир депутат сўзга чиқиб, ўз партияси йўналишидан келиб чиқиб асосан тиббиёт соҳасидаги камчиликларни тилга олади. Бунда ҳам келгусида бирор нарса ўнгланишидан умид қила олмайсиз. У-бу раҳбарларга сўз берилади, масъулиятли бўлиш зарурлиги, депутатлар қанча иши қолиб, туманда юргани, шу муаммоларни тумандагиларнинг ўзи ҳал қила олмайдими, шу ҳақда сўз боради. Кейин якун ясалади ва ҳаммаси илгари қандай бўлса, ўша ҳолича давом этади.
Қолаверса, шундай сессиялардан бирида депутат ва сенаторларга вилоят судларининг ҳам марказлаштирилиши, яъни ягона вилоят суди раиси бўлиб, унинг соҳавий ўринбосарлари бўлса, шунда “отангга бор, онангга бор” қабилидаги ишларга чек қўйилиши, шунингдек, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш, чет элда ишлаб, Ўзбекистонда пенсия олишга доир масалаларда таклифлар билдирилган эди. Бироқ бу таклифлар қумга сингган сувдек йўқ бўлиб кетди. Улар асоссиз эдими ё шу бўйича бирор таклиф тайёрланаяптими, бу ҳақда бирор муносабат билдирилмади.
Хўш, бундай муносабатни қаерда билдириш мумкин? Биламизки, деярли барча депутат ва сенаторларнинг ижтимоий тармоқларда, хусусан, “Facebook”да расмий саҳифалари бор. Ана шу саҳифаларда улар бемалол ўз муносабатларини билдирса, ўрганишлар аҳволини, натижаларни айтиб боришса бўларди. Қайтага бундай саҳифаларда матбуот учун тайёрланган, умумий гаплардан иборат пресс-релизни кўрамиз, холос.
Умуман олганда, депутатлар ва сенаторларнинг ҳудудлардаги мулоқотлари кутилган натижани бермаяпти. Сабаби, ўрганишлар асосида аниқланган камчиликларнинг кейинги ижроси ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Муаммолар айтилаяпти, бироқ уни ҳал этиш шунга муттасил йўл қўйиб берган мутасаддининг ўзига қолаяпти. Депутат назорати деган самарали услуб ушбу мулоқотлар жараёнида деярли қўлланаётгани йўқ. Халққа эса “ҳудудда шундай-шундай камчиликлар бор” деган қуруқ гап, ҳисоботлар эмас, аниқ натижа керак. Шундай экан, депутатлар хўжакўрсинга ишлашнию рақамбозликни йиғиштириши зарур. Ахир, ўзингни ёрдам берадигандай кўрсатсангу, қуруқ гапдан нарига ўтмасанг, кимга ёқади бу?!
Б.ЎКТАМ