Меню
Қашқадарё
ДЕПУТАТЛАР ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
Тадбир қизғин баҳс-мунозаралар руҳида кечди. Айниқса, ёшларнинг дадиллик билан, ўзининг эмас, бутун бир ҳудуднинг муаммоларини акс эттирадиган саволлар бериши, депутатлар диққатини ана шу масалаларга қаратишга ҳаракат қилиши эътиборга молик.
Хусусан, Деҳқонобод тиббиёт коллежи ўқувчиси Маҳбуба Қўнғиротованинг бир саволи кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
- Туманимизда ҳимояланган сузиш ҳавзалари йўқ. Натижада болалар ва ёшлар ёзнинг жазирама кунларида ўз ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган турли кўлмаклар ёки тез оқар сувларда чўмилишга мажбур бўлмоқда. Шу боис чекка қишлоқда истиқомат қилаётган ёшлар учун ҳимояланган сув ҳавзаларини кўпайтириш зарур деб ҳисоблайман. Депутат сифатида бу борада қандай ёрдам бера оласиз? – дейди у.
Депутатлар бу масаланинг ҳақиқатан ҳам долзарблигига эътибор қаратиб, туманда ёшлар учун сузиш ҳавзаси қуриш туман мазилли дастурига киритилгани, шу билан биргаликда ҳудудда бундай бассейнлар сонини кўпайтириш, келгусида ёпиқ сузиш ҳавзаси қуриш бўйича ҳам белгиланган тартибда таклиф киритиш зарурлигини таъкидлашди.
Тадбир давомида ёшлар томонидан кўтарилган кўплаб масалалар ўз ечимини топди, айримларини мутасаддилар иштирокида ўрганиб чиқиш белгилаб олинди.
Садоқат ФОЗИЛОВА, ЎзМТДП вилоят Кенгаши етакчи мутахассиси