Меню

Қашқадарё

17.09.2021 1977

ДЕПУТАТЛАР 27 МИЛЛИАРД СЎМНИ ҚАЕРГА ЙЎНАЛТИРИШДИ?

Маҳаллий бюджет

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағ йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унга кўра, вилоят ҳокимлигининг таклифига биноан Қашқадарёни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кредитор қарздорликларни қоплаш ва бошқа харажатларга 27 миллиард 91,9 миллион сўм ажратиладиган бўлди.

Помуқни обод қилишга - 5 миллиард сўм, "Сезам"ни сотиб олишга эса шунинг тенг ярми

Кенгаш қарорига мувофиқ, ушбу маблағнинг катта қисми, аниқроғи, 11 миллиард 760 миллион сўми (43 фоиздан ортиғи) давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашга сарфланади.

Яна 10,1 миллиард сўм (37 фоиз) вилоят ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади. Жумладан, Миришкор туманидаги Помуқ шаҳарчасининг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш, ички йўлларини таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш харажатларига 5 миллиард сўм йўналтирилади.

Шаҳрисабзда Ёшлар ва Беш ташаббус марказларини ташкил этиш учун эса бу қадимги шаҳарнинг тарихий марказида жойлашган "Сезам" нотурар жой биносини сотиб олиш мўлжалланган. Умумий майдони 2,3 минг метр квадратдан ортиқ бу иморатни ҳарид қилишга вилоят бюджетидан 2,5 миллиард сўм ўтказилади.

Худди шу манбадан Китоб туманидаги кўчаларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини жорий таъмирлашга 2 миллиард сўм, вилоятда коронавирус инфекцияси ва пневмония билан касалланган беморларни даволашда ишлатиладиган "SIPAP" аппаратини сотиб олишга 600 миллион сўм ажратилади.

Қарз муносабатни бузмаслиги учун...

Маҳаллий бюджет қўшимча манбалари ҳисобидан шаклланган маблағнинг тағин бир қисми (1 миллиард 246 миллион сўми ёки 4,6 фоизи) турли тадбирлар, масалан, Қарши шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 30-йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам тантаналари  (483.9 миллион сўм) ва ёшлар фестивали 2 та босқичини (20 миллион сўм) ўтказиш, вилоят марказидаги Амир Темур кўчасида жойлашган 136-сонли оилавий ётоқхона биносини таъмирлаш (700 миллион сўм), Россия Федерациясининг Уфа шаҳридан келган 5 нафар тиббиёт ходимининг меҳмонҳонада туришини таъминлаш (22,5 миллион сўм), халқ депутатлари вилоят Кенгашлари ўртасида ўтказилган "Заковат" интелектуал ўйини ғолибларини тақдирлаш ҳамда вилоят ҳокимлиги маъмурий биносига кондиционерлар сотиб олиш ва ўрнатиш (19,6 миллион сўм) жараёнида вужудга келган  қарздорликларни қоплаш билан боғлиқ харажатларга сарф қилинади.

Маълумки, Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ шу йил 1 октябрдан бошлаб юртимизнинг барча ҳудудлари сингари воҳамиз шаҳар ва туманларида ҳам вилоят адлия бошқармаси ҳузуридаги юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилмоқда. Бу марказларнинг моддий-техника базасини ривожлантириб, уларни ташкилий техника, мебель ва офис анжомлари билан жиҳозлаш кенгаш қарорига биноан маҳаллий бюджетнинг 800 миллион сўм миқдоридаги маблағи ҳисобидан амалга оширилади.

Қаршининг дилтортар Навоси

Шунингдек, депутатлар вилоят ҳокимлигининг таклифига биноан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан яна бир қатор мақсадларга маблағ ажратишни лозим топишди. Масалан, вилоят ҳокимлиги олд қисмидаги гулхоналар ҳамда ҳокимлик ҳудудини кўкаламзорлаштириш учун мавсумий гул кўчатларини сотиб олиш ва замонавий дизайн кўринишида экиб беришга 50 миллион сўм, Қамаши туманидаги 4-сонли Меҳрибонлик уйининг 50 нафар тарбияланувчисининг Хива шаҳрига саёҳатга бориб-келишига эса бироз камроқ - 44 миллион сўм йўналтирилди.

Қарши шаҳридаги Буюк Турон маҳалласи ҳудудида ташкил этилаётган кичик саноат зонасининг электр таъминотини юқори кучланишли линия билан таъминлаш ишларига 495 миллион сўм, вилоят ҳокимлигининг Қабуллар уйи биносига бир дона лифт сотиб олиш ва ўрнатишга эса сезиларли даражада кўпроқ - 603,4 миллион сўм сарфланади.

Халқаро олий таълим муассасаларининг ўнтасига кириш синови жараёнида муваффақият қозонган ва  улардан бири - "Cambridge International University" талабаси бўлган йигитнинг тўлов контракт шартномасини тўлаб беришга 25 миллион сўм, Қарши шаҳридаги Наво маҳалласида қурилаётган кўп қаватли турар жой биноларига кириш йўли атрофида сачратиб суғориш ва ёритиш тизимларини қуриш ишларига эса 45 баравар кўп - 1 миллиард 135,6 миллион сўм ажратиладиган бўлди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг шу йил 26 майдаги қарорига мувофиқ, Қарши шаҳри Наво маҳалласидаги "Қарши Сити" мавзесида қурилган кўп қаватли уйларнинг олдида болалар ўйин майдончалари ўрнатиш, йўлларни асфальт қилиш, турли хил манзарали дарахтлар экиш, яшил ҳудудни барпо этиш ва коммуникация ишларига вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 2,5 миллиард сўм йўналтирилган эди. Ўшанда вилоят марказидаги яна иккита - Мағзон ва Нахшаб маҳалла фуқаролар йиғинларининг маъмурий биноларини таъмирлаш ишларига жами 370 миллион сўм сарфлаш кўзда тутилган эди.

Шунингдек, Кенгашнинг жорий йил 29 июнь ва 13 августдаги қарорларида вилоят ҳокимлиги Қабуллар уйи ҳудудидаги қурилиш-таъмирлаш ҳамда маъмурий ва хўжалик биноларидаги капитал таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ва бу борада вужудга келган қарздорликни қоплашга умумий ҳисобда 8,2 миллиард сўм маблағ ажратилиши қайд этилганди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!