Меню

Қашқадарё

01.12.2020 1670

ДЕПУТАТ САЙЛОВЧИЛАРНИНГ ИШОНЧИНИ ОҚЛАЙ ОЛМАСА...

Олий Мажлисга сайланган депутатлар мамлакат тараққиётига ғов бўлаётган масалалар, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга оид очиқ ва қатъий талаблар билан ижро ҳокимияти олдига масала қўйишда анча фаоллашгани, ташаббускорлик сезилаяпти. Аммо маҳаллий Кенгашларда бу борада кузатиладиган сокинлик ҳали-бери бузиладиганга ўхшамаяпти. Шундан бўлса керак, халқ ўзи сайлаган депутатини танимайди. Депутат эса халқ билан ишлашга бепарво муносабатда, фақат қоғоз қораланаяпти.

Ваҳоланки, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги Қонунда белгилаб қўйилганидек, тегишли халқ депутатлари Кенгашининг депутати ўз округи сайловчилари билан, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқа боғлаб туриши, тегишли халқ депутатлари Кенгашида уларнинг манфаатларини ифода этиши керак.

  Шунингдек, депутатга ўзига сайловчилардан тушган мурожаатларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш, уларни ҳал этиш чора-тадбирларини кўриш, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ваколати ҳам берилган.

Яна, депутат ўз сайловчилари олдида ҳисобдор эканлигини кўпчилик билмаса ҳам керак. Бинобарин, депутат вақти-вақти билан, лекин йилига камида тўрт марта сайловчиларга ўз фаолияти тўғрисида ахборот бериши кераклиги тегишли қонунда кўрсатиб ўтилган.

Умуман, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатда қатор имтиёзу ваколатлар бисёр. Шу билан бирга, ушбу фаолиятига оид аниқ талаблар ҳам қўйилган. Яъни сайловчиларнинг ишончини оқлай олмаган, шунингдек, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган депутат қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши мумкин.

Энди савол туғилади, агар қонуннинг юқорида қайд қилинган "сайловчиларнинг ишончини оқлай олмаган" банди қатъий қўлланилса ва бу борада сайловчилар фикрига ҳам таянилса, ҳозир маҳаллий Кенгашларда фолият кўрсатиб келаётган нечта депутатнинг ваколати муддатидан олдин тугатиб юбориларкан?! 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!