Меню

Қашқадарё

20.07.2017 2002

ДЕПУТАТ ОСМОНДАН ТУШИБ, ХАЛҚ ДАРДУ ТАШВИШИ БИЛАН ЁНИБ ЯШАШИ ДАРКОР

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида айтилган, биринчи навбатда сиёсий партиялар ходимларига замон талаби даражасида иш юритишлари учун етарли шароит яратиш кераклиги хусусидаги фикрлар партиямиз етакчиларини чуқур ўйга солди.

Мазкур аҳволдан вилоят, республика раҳбариятининг хабари бор. Аммо, биз уларни ёзма равишда вақтида огоҳ этмаганимиздан хижолат тортдик. Масалан, ҳалигача “Адолат” СДП вилоят, туман, шаҳар кенгашлари учун алоҳида бинолар йўқ. Биргина вилоят кенгашини оладиган бўлсак, партия раҳбаридан ташқари, олти нафар масъул ходим, бир хонада “кичрайишиб” фаолият олиб бораётганини яшириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

Маърузада Президентимиз депутатлар фаолиятига ҳам холисона баҳо берди. Тан олиб айтиш керак, баъзи депутатлар Юртбошимиз бот-бот эътироф этаётганидек, ҳали-ҳануз ўзларини осмонда ҳис этаётган эдилар. Халқ дардини эшитиш, сиёсий партия билан доимий алоқада бўлиш айрим депутатларни унчалик ҳам қизиқтирмай қўйган эди. Бунга мисол тариқасида Нишон, Қамаши туманларида фаолият олиб бораётган баъзи депутатларни кўрсатиш мумкин.

Умуман олганда, бугун замон ўзгармоқда, унинг талаби, олдимизга қўяётган вазифалари кўлами ортиб бормоқда. Бу эса ўз устимизда тинмай ишлашни тақозо этаётир. Қолаверса, ана шу вазифаларни бекаму кўст амалга оширишда Президентимиз биз – сиёсий партиялар вакилларига катта ишонч билдириб, шахсан қўллаб-қувватлаяптилар. Шундай экан, бугунги сиёсий кучлардан фақат ҳаракат қилиш, интилиш, ташаббускор бўлиб, юрт корига яраш талаб этилади.

Руйиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!