Меню

Қашқадарё

27.06.2024 5823

ДЕНГИЗДАЙ ШИДДАТЛИ, ТОҒДАЙ ВАЗМИН,  ҚУЁШДАЙ БЕТАЪМА ИЖОД

Сўз заргари

Глобаллашув деганларининг таъсири шу бўлса керак: енгил-елпи, олди-қочди нашрлару китобларнинг бозори чаққон, маҳорат бобида шаклланишига ҳали анча-мунча қовун пишиғи бор қаламкаш машҳурлик чўққисида, қай даврага қараманг - улар интервью берган, ижод, адабиёт ҳақида сўзбозлик қилган - эҳтимол бундай ижодкорлар жамиятнинг кайфиятига монанд юзага келар, улар ёзган қораламалар оломон истаги ўлароқ ўқилар, шов-шув қилинар...

Ўзини ҳурмат қилган ижодкор борки, бундай машҳурликдан ўзини тияди, нари борса, икки-уч йилда унутилишига маҳкум асарлар битишни ахлоқий қусур, маънавий жиноят санайди.

Асл қаламкаш зоти борки, яшайдиган Сўз айтишни хоҳлайди, бу йўлда ҳар не машаққату изтиробни бўйнига олиб ижод қилади. Эҳтимол унинг ёзганлари вақтида қадр топмас, эътироф этилмас, аммо асл айнимас, олтин зангламас, деганларидек, ҳеч  шубҳа йўқки, фурсат етиб, омманинг кайфияти буюк бир Фикр, Сўзга эҳтиёж туйганда, бирданига чин ёзмалар қалқиб чиқади, тафаккур эгалари ва нозик дид соҳиблари ҳайратига сабаб бўлади.

Қамашилик адиб, "Қашқадарё" газетасида узоқ йиллар фаолият кўрсатган Темирпўлат Тиллаев ижоди ҳақида айни шу гапларни айтиш мумкин.

Бу адиб номини болалик пайтимда, "Насаф" нашриётида чоп қилинган аллақайси китоб 2-саҳифасида муҳаррир сифатида кўрганман. Темир Пўлат Тилло деб ёзилганди унда. Шунақа тахаллус ҳам бўларкан-да, деб ўйлаганман. Кейинроқ "Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам" китобида ҳам шунга уйқаш номни кўриб, демак, бу ёзувчи шундай асарлар ёзаркан, деб ўйлаганим бор гап. Вақт ўтиб, Темур Пўлатов, Темирпўлат Тиллаев бошқа-бошқа ижодкорлар экани, аммо иккисини умумий жиҳат - кўникилмаган, ўзгача асарлар ёзгани ва чин эътирофини топмагани бирлаштириб туришини тушундим. Ўзбек адиби (биргина айби - рус тилида ижод қилади) Темур Пўлатов собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида фаолият кўрсатган бўлса (иттифоқ таркибидаги 15 та республикада ёзувчи-шоир зоти кам эди дейсизми), Темирпўлат Тиллаев айнан собиқ тузумнинг қаттол тизимида уюшма аъзолигига қабул қилинган. Бугун пиёзнинг пўстидай китоб чиқариб, бир-икки даврада илмилиқ шеър ўқиган ҳар касга уюшма гувоҳномаси берилаётган бир чоғда бўш-баёв қаламкашлар бунинг аҳамиятини деярли тушунмасалар керак.

Юқорида номи келтирилган икки адиб тимсолида битта нарса аниқ: ёнимиздаги буюкларни тан олмаймиз, тан олгимиз келмайди.

Тўғрисини айтиш керак, яқин-яқингача Темирпўлат Тиллаев номи мамлакат миқёсида у қадар машҳур эмасди. Дастлабки нашридан нақ 30 йил ўтиб, "Ўлим ўпқони" Тошкент шаҳридаги "Академнашр" нашриётида чоп этилиши билан кўпларнинг эътиборини тортди, қизиқишини оширди. Мустабид тузум мудҳиш оқибатлари ўзига хос услубда баён қилинган ушбу асар ҳақида Назар Эшонқулнинг "Вақтнинг кучи етмаган адиб", таниқли блогер Шаҳноза Соатованинг "Тилларига занжир осган итбалиқлар" номида қисқа кузатувлари, Ўроз Ҳайдарнинг "Йўл оловли чоҳдан ўтади" мақоласи эълон қилиндики, дастлабки шуҳрат йўлида шулар кифоя қилди. Бинобарин, бу ижодкор ким, яна қандай асарлар ёзган, нега шу вақтгача у ҳақда билмаганмиз, каби саволлар берила бошланди.

"Яқин дўстларининг таъбирича, замонавий Дон Кихоту дарвеш, олатасир давралардан мудом ўзини олиб қочадиган, "минглаб баҳона"лари ўтмай бундай "издиҳом"ларда иштирок этишга мажбур бўлиб қолса, киройи анжуман "мулозим"ларининг кўнглига йўл топа оладиган, киришимли даврагир, аммо яхши гапга кўнмайдиган, тўғри маслаҳатга қулоқ осмайдиган "ижодкор"лар билан ўзининг "Ағнаган томонига итар" деган шиорга амал қилиб, кўпам тортишиб ўтирмайдиган, ўттиз йилки, гулдай ижодни "охири йўқ ва бемаъни тирикчилик ташвишларига алмаштирган..." - Ўроз Ҳайдарнинг ушбу фикрлари Темирпўлат Тиллаев ҳақида бир қадар тасаввур бера олади.

Гап шундаки, ўша 1991 йилда китоби чоп этилгандан нақ 30 йил давомида ёзувчи ижодида сукут даври бўлди. На бир ҳикоя, на бошқа асарини эълон қилди. Тўғри, адиб оғизга сув солиб юргани йўқ - нашриёт, газеталарда, туман ҳокимлиги ахборот хизматида ишлади, салмоқли мақолалар эълон қилди, катта-катта танловлар ғолиби бўлди. Фикру режалари доим беором денгиздай тошиб юргани учун "Қашқадарё" газетасида бош муҳаррир уни "Ғоя" деб атаганини ҳам кулги билан эслашади (боз устига ходимлар ҳақида нуқул "негатив" йиғадиган бошқа ходимга раҳбарнинг ўзи "Соя" деган "рутба" тақдим этгани ҳам бўлган гап). Қолаверса, тирикчилик, ҳаёт, бола-чақа - уйлаш, жойлаш каби юмушу ташвишлар ҳам унинг шоҳ асарлар битишини кутиб турмади.

Ёзувчи кўп таниш-билишларга "Қуёш сояси" романини ёзаётгани ҳақида узоқ йиллардан бери айтиб келади, бироқ у қачон тугалланиб, қачон ўқувчи қўлига тегади - ҳеч ким билмайди. Тенг-тўшлари айни шу роман билан боғлиқ латифалар ҳам тўқиб улгуришган. Эмишки, ёзувчини нобопроқ даврада кўриб, ҳайрон қолган одамларга "Нотўғри тушунманглар, романим учун материал тўплаяпман" деган...

Буюк ижодкорлар ҳаёти ҳақида латифанамо гап-сўзлар қанчалик кўп учраса, Темирпўлат Тиллаев ҳақидаям беғараз кулги билан тилга олинадиган воқеалар анча бисёр - ёзса, бир китоб бўлади.

Жиддий айтадиган бўлсак, "Қуёш сояси" романи ҳақида муаллифнинг ўзи шундай деганди: "Қирқ йил нарида, ёзган Эгаси кимлигини ҳам унутиб юборди чоғи. Баъзан шу романни менга бошқа биров ёзгандек туюлади".

Шу туришида ҳам ғоя-мақсади очилиши қийин, услуби оғир "Ўлим ўпқони" ҳақида эса "Уни худдики "Уста ва Маргарита"га айлантирмоқчиман; чексиз давомийликдан ўқувчининг бошини айланиб кетадиган "қисса ичида қисса, қисса ичида қисса" қилмоқчиман", деган фикрларидан англаш мумкинки, ташқаридан қараганда тирикчилик ташвишларига ўралашиб қолгандай кўринадиган адиб доим ижод билан банд, янада баланд пардаларни излаётир, янги Сўз айтишнинг янги услублари устида ишлаётир.

Темирпўлат Тиллаев журналистикаси эса алоҳида тадқиқ этишга, мақолалари тўпланиб, китоб ҳолида чоп этилишга арзийди. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни юртимизда эркин фикр ифодаси сифатида кенг нишонланаётган экан, чин СЎЗ ЗАРГАРИ ҳақида мухтасар сўз айтмоқни бурч деб билдик. Ҳолбуки катта ишлар қилиб, жим юрадиган одамни учратиш бугун анқонинг уруғидай камёб ҳодисага айланиб боряпти...

 

Б.САЙФИЕВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!