Меню
Қашқадарё
ДЕМОКРАТИК ТАМОЙИЛЛАР УСТУВОРЛИГИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА
Ушбу сайловда Миришкор тумани бўйича 36 нафар фуқаролар йиғини раиси ҳамда уларнинг 350 нафардан ортиқ маслаҳатчилари сайланиши режалаштирилган. Номзодлар кўрсатишда уларнинг билими, ташаббускорлик хислати, эл орасидаги ҳурмат-эътибори, энг муҳими, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини теран тушунишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
- Маҳаллалар ҳаётидаги ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнда фуқаролар фаол иштирок этмоқда, - дейди туман кўмаклашувчи комиссияси раиси Аъзам Тўхтаев. - Улар сайловда номзодларга овоз бериш баробарида, маҳалла ободлигига қаратилган фикр-мулоҳазаларини, таклифларини ҳам ўртага ташлашаяпти. Бу эса юртимизга хос бўлган ноёб тузилма - маҳалла институтининг аҳоли ўртасидаги нуфузи ортиб бораётганидан, ҳар бир юртдошимиз унинг фаолиятини ривожлантиришни ўз фуқаролик бурчи, деб билаётганидан далолат беради.
Ҳудуддаги, Бўстон қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайловда фуқаролар йиғини раислиги учун икки нафар номзод кўрсатилди. Соҳа қонунчилиги ва демократик тамойилларга мос ҳолда ташкил қилинган овоз бериш натижасига кўра, аҳоли қўллаб-қувватлаган энг муносиб номзод сайланди.
– Ҳудуд ободлиги, унинг янада гуллаб-яшнаши кўп жиҳатдан янги сайланган раис ва маслаҳатчиларнинг ташаббускорлиги ҳамда ташкилотчилигига бевосита боғлиқ, - дейди Бўстон қишлоқ фуқаролар йиғини фаоли Бекжон Жумақулов. - Шу боис фуқаролар вакиллари номзодларнинг ана шу фазилатларига алоҳида эътибор қаратишди. Қолаверса, уларнинг келгуси фаолият дастурларини синчковлик билан ўрганиб чиқишди.
5150 нафар аҳолига эга Чаманзор қишлоқ фуқаролар йиғини ташаббуси билан кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ободонлаштириш тадбирлари боис ҳудуд янада чирой очган. Кўчалар ораста, ҳудудда хусусий тадбиркорлик изчил ривожланмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли турмуш даражаси юксалиб, ҳаёти янада фаровон бўлишига хизмат қилаётир. Қишлоқ аҳолиси куни кеча бўлиб ўтган фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари сайловида ҳам фаол қатнашди.
Бугунги кунга қадар тумандаги аксар маҳаллаларда сайлов якунланган ва уларда аҳоли ишонч билдирган фуқаролар йиғини раиси ва маслаҳатчилар кейинги икки ярим йилликка мўлжалланган дастури асосида иш олиб боришмоқда. Зеро, айни шу давр улар эл билдирган юксак ишончни қай даражада оқлаганини амалда ифодалайди.
Шоҳиста БОЗОРОВА