Меню

Қашқадарё

02.11.2017 1753

ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда вилоят ва Қарши шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Бош қомусимизнинг 25 йиллигини муносиб нишонлаш, унинг аҳамияти, мамлакатимиз тараққиётидаги ролини аҳоли, айниқса, ёшларимиз онгига янада кенгроқ сингдириш хусусида сўз борди.

Таъкидланганидек, бугун жамиятимизнинг ҳамма соҳаларида ривожланиш, янгиланиш кечмоқда, изчил ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда узоқ келажакни кўзловчи, пухта ўйланган, халқимизнинг бахту истиқболини, фаровон турмуш-тарзини таъминлашга қаратилган давлатчилик тизими ишлаб чиқилди ва шакллантирилмоқда. Бунинг асосида эса ҳеч шубҳасиз давлатимизнинг “бахт қомуси” - Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси турибди. Шу боис Асосий қонунимизнинг  ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ҳамда Асосий қонунимиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллик санасини кенг нишонлаш мақсадида 2017 йил 20 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши чиқарилди.

- Президентимизнинг ушбу фармойиши билан Конституциямиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланиб, бир қатор самарали йўналишлар белгилаб берилди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди эксперти Шохруҳ Мажидов. - Дастурда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони таъсис этилиши, Бош қомусимиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллигига бағишланган почта маркасини чоп этиш каби тадбирлар ташкил этилиши назарда тутилганлиги бу йилги байрам ҳар қачонгидан ҳам кўтаринки руҳда ўтишининг далолатидир. Бугунги тадбирда Конституциямизнинг ҳуқуқий аҳамияти, унинг мазмун-моҳияти бўйича фикр алмашилди. Шу билан бир қаторда, иштирокчиларга Бош қомусимизнинг 25 йиллигини барча ҳудудларда кўтаринки кайфиятда нишонлаш, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш бўйича тавсиялар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мутахассислари иштирокида 30 октябрдан бошланган тарғибот тадбирлари вилоятимиз бўйлаб 3 ноябрь кунига қадар давом этиши белгиланган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!