Меню
Қашқадарё
ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАР ЙЎЛИ БИЗ УЧУН ЯККАЮ ЯГОНА ВА ЭНГ ТЎҒРИ ЙЎЛДИР
Муносабат
Бугун мамлакатимизда энг устувор вазифалардан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласидир.
Шавкат Миромонович Президент сифатида иш бошлаган илк куниданоқ инсон манфаатлари ва турмуш фаровонлигини барча нарсадан устун қўйиб, жамиятда қонун устуворлиги, тартиб-интизом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва адолат ўрнатиш вазифасини энг олий мақсад этиб белгилади. Давлат бошқаруви органларини ҳам халқнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билишга, орзу-ниятлари ва дарду ташвишлари билан бирга ҳис этган ҳолда яшашга ундамоқда.
Қонун ва қарорлар эса халқимизнинг тўкин яшаши ва унинг манфаатлари йўлида мослаштирилиб ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Жорий йилнинг 24 январь куни Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилган Мурожаатнома Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари фаоллари томонидан ҳам қизғин кутиб олинди.
Сўнгги уч йилда анъанага айланиб қолган Президентимизнинг парламентга йўллаётган Мурожаатномаси халқимиз томонидан жуда катта эътибор ва хайрихоҳлик билан қабул қилинмоқда.
Янгидан шакллантирилган парламентга йўлланган ва 26 та телеканал орқали эфирга узатилган жорий йилги Мурожаатномада айтиб ўтилган тавсиялар, таклифлар, ташаббуслар йиллар давомида халқимиз орзуларининг рўёбга чиқишида тўсиқ бўлиб келаётган "девор"ларнинг батамом олиб ташланиши, қийнаб юрган муаммоларнинг эса тўлиқ бартараф этилишига асос бўлиб хизмат қилади, десак асло муболаға бўлмайди.
Айниқса, Президентимизнинг "Барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекиcтон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиман, демократик ислоҳотлар йўли биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир" деган фикрлари эътиборга молик.
Шунингдек, Президентимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар билан биргаликда биринчи марта камбағалчиликни камайтириш дастури ишлаб чиқилиши таклиф қилингани етарли даромад манбаига эга бўлмаган, қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳолининг кам таъминланган қисми турмушининг яхшиланишига хизмат қилади.
Зеро, 2017-2018 йилларда қилинган Мурожаатларда Президентимиз томонидан кўрсатилган барча таклифлар ўз тасдиғини топиб, амалиётга киритилган ва бугунги кунда ҳаётда амалда ўз мевасини бериб келмоқда.
Мурожаатнома якунида давлат раҳбари буюк бобоколонимиз, ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорийнинг "Барча амаллар - ниятга қараб бўлади" деган машҳур фикрларини айтиб ўтди. Ҳақиқатан ҳам ниятимиз улуғ, маррамиз юқори, ниятга етишиш учун эса мутасадди раҳбарлардан, бутун халқимиздан ватанпарварлик ва фидойилик талаб қилинади, холос.
Мазкур Мурожаатномани барчамиз, кенг жамоатчилик, айниқса, жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари қўллаб-қувватлаб, унда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишида фаол иштирок этишимиз зарур. Зеро, 2020 йил - Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили замирида тинчлик-осойишталик, тўкинлик ва фаровон ҳаётимизнинг кафолати мужассамдир.
Эсон РАЖАБОВ,
вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси