Меню
Қашқадарё
ДЕКЛАРАЦИЯДА КЎРСАТИЛМАГАН ВАЛЮТА
Нақд хорижий валютани республикамизга олиб кириш ва республикадан олиб чиқиш тартиби эса Жисмоний шахслар томонидан нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномада белгилаб қўйилган.
Унга кўра, республика божхона чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар ўзларидаги мавжуд нақд миллий ва хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида қайд қилишлари лозим.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, белгиланган тартибларга асосан фуқаролар томонидан 2016 йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудидаги чегара божхона постлари орқали 4 миллион 255 минг АҚШ доллари, 75 миллион 404 минг Россия рубли ва 1 миллиард 635 миллион сўм мамлакатимизга олиб кирилиб, 1 миллион 648 минг АҚШ доллари, 39 миллион 763 минг Россия рубли ва 2 миллиард 324 миллион сўм олиб чиқилди.
Жорий қилинган бу каби тартиб-қоидалар тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамасдан, баъзи фуқаролар томонидан божхона чегараларидан ҳаракатланишда ёнларида мавжуд бўлган нақд миллий ва чет эл валюталарини йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан, аксинча, кўз илғамас жойларга яшириб, ноқонуний равишда божхона чегарасидан олиб ўтишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб туради.
Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, қонун ҳужжатлари ижроси таъминланмоқда.
Мисол учун, жорий йилнинг 2 октябрь куни Нишон тумани ҳудудида жойлашган темир йўл разъездига келиб тўхтаган Москва-Душанбе йўналишидаги йўловчи поездини божхона назоратидан ўтказиш давомида, ушбу поезднинг 12-вагонида йўловчи сифатида келаётган Эшим Раҳмоновнинг (ҳуқуқбузарларнинг исм-фамилияси ўзгартирилган) хатти-ҳаракатлари шубҳа остига олиниб, божхона кўригидан ўтказилди. Натижада у кийимлари орасига яширинча равишда жойлаштирган 5 минг 900 Россия рублини йўловчи божхона декларациясида кўрсатмасдан божхона чегарасидан ноқонуний равишда олиб ўтишга уринганлик ҳолати аниқланди.
Яна бир ҳолатда, жорий йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикасидан Туркманистонга ҳаракатланган Хосият Бойматова ўтиш божхона постида ўзини беҳаловат сеза бошлади. Сабаби, у ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида 500 АҚШ долларини қайд қилмасдан, қўл сумкаси ичига яширинча жойлаштириб ҳаракатланаётган вақтда божхона ходимлари томонидан фош қилинди.
Ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан Эшим Раҳмонов ҳамда Хосият Бойматовага нисбатан тегишли суд органларининг қарорлари билан жазо чоралари кўрилди. Шунингдек, ҳуқуқбузарлардан олинган чет эл валюталари давлат эгалигига ўтказилиб, қонун устуворлиги таъминланди.
Фуқаролар божхона чегараларидан ҳаракатланишда мавжуд тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишлари нафақат ўзларига, қолаверса, мамлакатимизнинг ягона қонуний тўлов воситаси бўлган миллий пул бирлигининг харид қобилиятини мустаҳкамлаш ва унинг дунёда эркин конвертация қилинишига эришиш, бу борадаги статистик ҳисоботларни аниқ олиб бориш ҳамда валюта ва валюта бойликларининг республикамиз божхона чегарасидан ноқонуний ҳаракатланишининг олдини олишга хизмат қилади.
Эркин ЭРГАШЕВ,
“Қарши-Керки” чегара божхона пости бошлиғи