Меню

Қашқадарё

15.08.2024 5653

Деҳқонободликларнинг бугундан кўнгли тўқ, эртадан умиди катта

Шерзод ШОКИРОВ,

Деҳқонобод тумани ҳокими

Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!

Деҳқонободнинг ўтмиши жуда қадим-қадим замонларга бориб тақалади. Тарихий манбалардан маълумки, бу табаррук заминга буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур, шеърият мулкининг султони ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа бир қанча улуғ инсонларнинг муборак қадамлари етган. Туман ҳудудида ўртача баландликдаги ва паст тоғлар мавжуд. Ҳудудидан Катта Ўра ва Кичик Ўра дарёлари оқиб ўтади. Ноёб қазилма бойликларига эга манзил.

Кексаларнинг айтишича, деҳқонободликлар азал-азалдан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланиб келишган, йил яхши келса, хўб-хўб, агар бундайроқ келса, аҳолининг аҳволи анча танг бўлган, истиқлолга қадар одамлар туманга темир йўл ва саноатнинг кириб келиши ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган экан. Зеро,  Деҳқонободга чекка бир иқтисодий истиқболсиз ҳудуд сифатида қараларди.

Истиқлол деҳқонободликларнинг ҳам дунёқараши, онгини тубдан ўзгартириб юборди, улар қалбида ўз кучига ишонч  ва яратувчанлик туйғулари пайдо бўлди, ҳалол меҳнат билан ҳаётдан маъни не эканлигини теран англаб етишди.

"Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон" темир йўли қурилиши, қолаверса, темир йўл бир қисмининг туманни кесиб ўтиши ўзи бир мўъжиза эди. Бунинг ортидан ҳудудга саноат дадил кириб келди - калий заводи  бунёд этилди, жуда кўп одамлар ишли бўлди, ўз оилаларини даромадли, рўзғорини бут қилишди. Бугун ушбу корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунёнинг кўпгина мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

Йиллар оша тоза ичимлик суви ва томорқаларни суғориш туман аҳолиси учун катта муаммога айланиб келаётганди. Яқин йилларга қадар одамларнинг атиги 2 фоизи марказлашган сув таъминотига эга, қолганлари эса дарё, булоқ ва қудуқлардан фойдаланишган. Шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан "Оқсув - Деҳқонобод" сув қувурининг ишга туширилиши ортидан аҳолининг 23 фоизи марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозиргача тумандаги қишлоқ ва маҳаллаларга 370 километр узунликдаги  ички сув тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилди.

Собиқ иттифоқ даврида қурилган "Деҳқонобод" сув омбори йиллар ўтиб, лойқа сабаб кичрайиб қолганлиги аҳоли томорқаларини суғориш масаласида анча ноқулайликларни келтириб чиқарганди. Шуларни эътиборга олиб, мазкур иншоот қайтадан таъмирланди. Баҳорги мавсумда ушбу иншоотга  қарийб 20 миллион куб метр миқдорида сув йиғилди. Бу эса Деҳқонобод, Қорашина ва бошқа аҳоли пунктлари ҳудудидаги томорқа ва экинзорларни  суғориш имконини бермоқда. Бундан ташқари фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли хонадонларига қарашли экин майдонлари ва  томорқаларни суғориш учун 45 та  артезиан қудуғи қазилди. Натижада кўпчилик яна ерни хазинага, ўз томорқасини даромад манбаига айлантирди. 

Маълумки, деҳқонободликлар йўл масаласида кўп қийналган. Айниқса, ёғингарчилик мавсумида муаммо яққол кўзга ташланарди. Шуни ҳисобга олиб, туманда ички йўлларни асфальтлаш ва таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туман марказида инфратузилмани янада яхшилаш мақсадида 12 та кўчада асфальтлаш ишлари амалга оширилиб, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Туманда 1,6 минг километрдан зиёд узунликдаги ички йўллар мавжуд бўлиб, ўтган ярим йил давомида салкам 122 километр узунликдаги йўл сифатли таъмирланди.

Туманда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш эвазига аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш ва  фаровонлигини ошириш доимий диққат марказимизда турибди. Шунга ҳамоҳанг, ўтган олти ой мобайнида доимий ва мавсумий, ўз-ўзини банд қилиш, кредит ва субсидиялар ажратиш йўли орқали 11 минг 220 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 680 нафар фуқарога 16 миллиард сўмлик кредит пуллари ажратилди.

Бешбулоқ маҳалласида тадбиркор Аббос Жумаев раҳбарлигидаги "Агротор" хусусий корхонаси томонидан дастлабки босқичдаги қиймати 150 минг АҚШ долларига тенг травертин, шпатловка ва ротбанд каби қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Шубҳасиз, бу лойиҳа ҳам янги иш ўринларини яратишга ва одамларнинг меҳнатдан манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади.

Аҳолининг уй-жойга бўлган талаби ҳамиша ортиб келган, буни ҳеч ким инкор этмайди. Ана шу эҳтиёжни қондириш мақсадида лойиҳа қиймати 8,5 миллиард сўмни ташкил этган "Деҳқонобод СИТИ" уй-жой мажмуаси яқинда фойдаланишга топширилди. Янги хонадонларга кўчиб ўтган оилалар бу ердаги шароитлардан, юрт одамларига давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнун.

Юртбошимиз томонидан келажагимиз бўлган ёшларга жуда катта эътибор ва улар ўзларининг салоҳиятларини намоён этишлари учун бир қатор имтиёзлар берилган.  Бундай ғамхўрлик туманимизда ҳам ўзининг акс-садосини бермоқда. "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасидаги тадбирларда қатнашиш учун қарийб 24,5 минг ёш онлайн рўйхатдан ўтган бўлиб, улар вилоят миқёсидаги танловларда 4 та биринчи ва 3 та иккинчи ўринларга, бундан ташқари "Ёшлар овози" ҳамда стол тенниси мусобақаларининг мамлакат босқичларида совринли ўринларга эга бўлишди.

Ҳозирги вақтда ёшларимизнинг дунёқарашлари ўзгарган, улар ўртасида хорижий тилларни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда. Туманимизда 7 ярим минг нафарга яқин ёшлар "Ибрат фарзандлари" платформаси орқали 20 дан ортиқ чет тилларни бепул ўрганаётир. 32 нафар ёш эса "Ибрат-тиллар оромгоҳи" лойиҳасига жалб қилинди. Хорижий тилларни мобил илова орқали ўзлаштирган 254 нафар ёш махсус сертификатга эга бўлди. Буларнинг барчаси биз учун қувонарли ютуқлардир.

Қишлоқ ва маҳаллалардаги айрим мактабларнинг бинолари сифатли таъмирланди ва янги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил қилинди. Жумладан, "Янги Ўзбекистон" маҳалласида инвестиция дастури асосида давлат мактабгача таълим ташкилоти барпо этилди ва бунга 120 нафар тарбияланувчи қамраб олинди. Аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида амалга ошираётган ишларимиз ҳам эътиборга моликдир. Жумладан, "Тез тиббий ёрдам" станциясининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Отқамар, Қизилча,  Тоғайтемир, Янгиобод, Бешбулоқ маҳаллаларида жойлашган тиббиёт муассасаларида ҳам реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

Халқни рози қилиш бизнинг бош мақсадимиздир. Маҳаллаларда аҳолининг кенг қатлами билан бўлаётган учрашувларда билдирилаётган таклиф ва мулоҳазаларни жойида таҳлил этиб, ўрганиб чиқиш орқали қатор муаммолар тезкор бартараф қилинмоқда.

Мақсадимиз аниқ, режаларимиз кўламли ва залворли. Уларни ўз муддатида сифатли амалга ошириш учун имкониятларимиз ҳам етарли. Ўйлайманки, туман аҳолиси, тегишли масъул ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан ҳамжиҳатликда ва ҳамкорликда иш юритсак, албатта, кўзланган мақсаду муддаоларимизга изчиллик билан эришаверамиз ва аҳоли турмуш фаровонлиги янада юксалаверади.

Мустақиллик - энг суюкли байрамимизга ҳам яқин қолди. Ушбу айём юртимизнинг ҳар бир гўшасида ўзгача севинч ва ўзгача қувонч билан нишонланади. Албатта, бунинг боиси бор. Истиқлол бизга ўзлигимизни қайтариб берди, ҳақ-ҳуқуқларимизни танитди. Буюк эрк туфайли туманимиз аҳлининг ҳам яшаш шароитлари тубдан ўзгарди, турмуш фаровонлиги ошди. Одамларимизнинг кайфияти баланд ва кўтаринки, ёшу қари бугунги фараҳбахш дамларидан мамнун, эртанги кунидан умидлари янада катта.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!