Меню

Қашқадарё

30.03.2023 6991

ДЕҲҚОНОБОДДА СЎНГГИ 5 ЙИЛ ИЧИДА 73 ТА ЯНГИ КЎПРИК ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Бунёдкорлик

Баъзан маълум бир ҳудудга хос шундай муаммолар бўладики, уларнинг кўламини ва одамларнинг кундалик ҳаётига таъсирини ҳеч ким шу ерда яшаётган кишилар каби ҳис эта олмайди.

Масалан, Деҳқонобод тумани Оқтош маҳалласи аҳолиси кўп йиллар давомида кўприклар билан боғлиқ муаммодан азият чекиб келаётган эди. Одамлар бу масалани бир неча маротаба ижтимоий тармоқларда ва ОАВда кўтариб чиқишди, масъулларга янги кўприк қуриб бериш бўйича кўп мурожаат қилишди. Ушбу муаммо минглаб кишиларга қанча қийинчиликлар туғдираётганини тушунтиришди.

- 576 та хўжаликда 3675 нафар аҳоли яшайдиган маҳалламиз ўртасидан Кичик Ўра дарёси оқиб ўтган, - дейди Оқтош маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳриддин Абраев.  - Биров иш, биров ўқиш, биров дейлик тўйга, меҳмонга бориши учун ҳам дарёнинг у ёки бу томонига ўтишига тўғри келади. Энди ўйлаб кўринг, кўприк бўлмаса, бу жуда катта муаммо-да. Аввал ўзимиз ҳашар йўли билан қўлбола кўприклар қургандик, лекин баҳор ойлари сел сувлари сабаб дарё ўзанидан тошиб, қурган кўприкларимизни оқизиб кетаверди. Ўтган йили ҳам шундай бўлган эди. Бир нечта кўприкларимизни сел олиб кетгач, маҳалла аҳли жуда қийин вазиятда қолди.

Диққатга сазовор томони, аҳоли мурожаатларидан сўнг туман ҳокимлиги муаммога ўз вақтида эътибор қаратди ва Оқтош маҳалласи ҳудудидаги Оқтош, Терскай ҳамда Жийдабулоқ қишлоқлари аҳолиси учун тўртта мустаҳкам ва замонавий кўприк қуриб берилди. Бугунги кунда маҳалла аҳли пиёда ҳам,  автомобилда ҳам Кичик Ўра дарёси устидан бехавотир ўтиб қайтишмоқда.

Туманнинг Белибойли маҳалласи Ҳожи Иброҳим қишлоғида яшаётган одамлар ҳам ўхшаш муаммога дуч келишган эди. Қишлоқ аҳли фойдаланиб келаётган ягона қўлбола кўприкни сел олиб кетгач, дарёнинг икки томонида яшайдиган қавму қариндошларнинг ҳатто бир-бирининг уйига қандайдир юмуш билан бориб-келиши ҳам муаммога айланди.

- Аслида ўша қўлбола кўпригимиздан ўтишнинг ўзи ҳам жуда хавотирли эди, - дейди шу қишлоқлик 70 ёшли оқсоқол Муродулло Валиев. - Айниқса, кекса кишилар, ўқувчилар ҳар куни кўприкдан юрак ҳовучлаб ўтиб қайтарди. Хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермасди. Қишлоғимизда у кўприк билан боғлиқ бир нечта кўнгилсиз ҳолатлар ҳам бўлган. Ўтган йили қишлоқ аҳлининг кунига амал-тақал яраб турган қўлбола кўпригимизни ҳам сел олиб кетгач, янги кўприк қуриб беришини сўраб туман ҳокимлигига мурожаат этдик. Ҳокимлик томонидан муаммога ўз вақтида эътибор қаратилиб, аввалги кўприк ўрнида ундан бир неча маротаба катта ва мустаҳкам кўприк қуриб берилди.

Ҳақиқатан ҳам, Кичик Ўра дарёси устида бунёд этилган 60 метрлик бу кўприк ўзининг ҳайбати, чиройи билан ҳам кишини ҳайратга солади. Замонавий муҳандислик талаблари асосида барпо этилган кўприкдан қишлоқ аҳли энди ҳеч бир ҳавотирсиз ўтиб қайтмоқда.

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Деҳқонобод тумани тоғли ҳудудда жойлашгани боис аҳолида кўприкларга бўлган эҳтиёж катта. Чунки, аввал одамларнинг ўзлари ҳашар йўли билан қурган бундай иншоотларнинг кўпи хавфсизлик талабларига жавоб бермас, қолаверса, яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Муаммога Президентимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада керакли кўрсатма ва топшириқлар берилгач, сўнгги йилларда туманда кўприк қуриш бўйича жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Янаям аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги 5 йил ичида ҳудудда 73 та кўприк янгитдан бунёд этилибди.

- Шундан 9 таси яқин тўрт ой ичида қуриб битказилди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Шердил Эргашев. - Ўтган йили май ойида бўлган кучли ёмғир ва сел тошқинлари Кичик Ўра дарёсининг ўзанидан тошиб, дарё бўйидаги Белибойли, Оқтош, Чамбил, Чашмаимирон, Қўрғонтош ҳамда Торқопчиғай маҳаллалари аҳолиси фойдаланиб келаётган 9 та кўприкни яроқсиз ҳолга келтирган эди. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида бу кўприклар қисқа муддат ичида янгитдан, мустаҳкам қилиб бунёд этилди. Шунингдек, яна 5 та кўприк барпо қилиниши режалаштирилган. Бу кўприклар туманимизнинг Белибойли, Бошчорбоғ, Бойқўрғон, Чилгаз ҳамда Торқопчиғай маҳаллаларида қад ростлайди.

Янги кўприклар очилишини деҳқонободликлар  аъло кайфиятда, катта хурсандчилик ва мамнуният, самимий миннатдорлик билан кутиб олишмоқда.

С.НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!