Меню
Қашқадарё
Деҳқонобод тумани: БУНЁДКОРЛИК ИШҚИ ВА УНИНГ ҲАЁТДАГИ ИНЪИКОСИ
ТАДБИРИ ЗЎР ТАДБИРКОРЛАР
“Тошгузар - Бойсун - Қумқўрғон” темир йўл линиясининг ва Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг барпо этилиши нафақат мазкур туман, балки мамлакатимиз учун қанчалик муҳим аҳамият касб этганини бугун тасаввур этиш қийин эмас. “Тошгузар - Бойсун - Қумқўрғон” темир йўлининг ишга туширилиши, Президентимиз таъбири билан айтганда, асрий тоғу тошлар, дашту биёбонлар бағрида туну кун мардона меҳнат қилиб, 223 километрдан иборат бўлган бу темир йўлни қисқа даврда, ҳаммаси бўлиб 33 ойда, муддатидан икки йил олдин ишга топширилишининг ўзи, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тарихида ҳар томонлама улкан бир воқеа бўлди. Темир йўл ҳамда муҳташам, дунёда шу турдаги саноқли заводлардан бири бўлган калийли ўғитлар заводининг барпо этилиши Деҳқонободнинг иқтисодий салоҳияти ўсишига, туманда саноат ишлаб чиқаришининг ривожига катта ҳисса қўшди.
Мамлакатимизда мустақилликка қадар умуман мавжуд бўлмаган, бугунги кунда эса жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли ҳудудда шаклланган мулкдорлар синфи бу ютуқлар кўламини янада кенгайтирмоқда. Эътибор беринг: 2007 йилда туманда бор-йўғи 723,6 миллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2015 йилга келиб янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши, тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ бу кўрсаткич 120 миллиард сўмдан ошди. Жорий йилда бу рақам янада ўсиши кутилмоқда. Чунки бир қатор янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяпти.
Ана шундай лойиҳалардан бири ёш тадбиркор Бахтиёр Холиқуловнинг қуёш нурида сув иситиш қурилмаси ишлаб чиқариш лойиҳаси. Бу лойиҳа ижобати деҳқонободлик тадбиркорлар нафақат мева-сабзавотларни қайта ишлаш ёки озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, балки турли маиший техника ва қурилмалар яратишга ҳам қодирлигини яна бир бор кўрсатиб берди.
-Юртимизда тадбиркорларга қаратилаётган эътибор, Юртбошимизнинг ишончи ва мадади биз ишбилармонларга катта куч-ғайрат бериб, интилиб, изланиб яшашга ундамоқда, - дейди тадбиркор. – Ўзим Тошкент кимё-технология институтини тамомлаганман. Муқобил энергия манбалари ҳақидаги билимларимни ҳаётга татбиқ этиш ҳақида анчадан буён ўйлаб юргандим. Ниҳоят, қуёш батареяси ёрдамида сув иситиш қурилмасини яратдим. Бу қурилма сувни 90 даражагача иситиб беради. Маълумки, Ўзбекистонимизда йилнинг камида 300 куни қуёшли бўлади. Ҳаво қанча совуқ бўлмасин, қуёш чиқиб турган бўлса, бас. Сув қизийверади. Ҳозир қурилмани тадбиркорлик субъектларидан, аҳолидан тушган буюртмалар асосида ишлаб чиқараяпмиз. Тез орада фаолиятимизни янада кенгайтиришни мўлжаллаб турибмиз.
Деҳқонободда ишлаб чиқариш йўлга қўйилибди, деган гапга бир пайтлар биров умуман ишонмаган бўлса, бугун шу туманда 4 та тадбиркорлик субъекти экспорт билан шуғулланаяпти. Ана шундай тадбиркорлардан бири – Олимжон Расулов “Натурал Ассоефитида” қўшма корхонасини ташкил этиб, ҳиндистонлик ҳамкорлари билан коврак ширасини экспорт қилишни келишиб қўйган.
- Ҳозиргача 50 минг АҚШ долларилик маҳсулотни экспорт қилдик, - дейди О.Расулов. – Йил охирига қадар бу рақамни 200 минг долларга етказиш ниятидамиз. Шу мақсадда маҳсулотнинг харидорлигини ошириш учун уни қадоқлашни йўлга қўйдик. Бундан ташқари, экспорт географиясини кенгайтириш, янги ҳамкорлар топиш ҳақида ўйлаяпмиз.
Туманда тадбиркор Ваҳоб Норсафаровни танимаган одам топилмаса керак. Меҳмонхона, мотель, бир нечта савдо ва маиший хизмат объектлари барпо этган ишбилармон яқинда яна бир хайрли ишга қўл урди. Қорашинадаги ташландиқ бир жойда қўш қаватли, муҳташам супермаркет қурди. Ундан истаган нарсангизни топасиз.
-Супермаркетдан айниқса китоб дўкони ҳам жой олгани жуда яхши иш бўлди, - дейди қорашиналик Камол Омонов. – Аввал битта китоб сотиб олмоқчи бўлсангиз энг яқини Қаршига бориб келардингиз. Ҳозир бир қадам. Асосийси, унда ўзбек ва жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналарини ҳам топишингиз мумкин.
ТОҒУ ТОШДА ИССИҚХОНА
Туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига тадбиркорлардан ташқари фермерлар ҳам ўзларининг муносиб улушларини қўшишмоқда. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракати учун катта имкониятлар яратилгани туфайли қишлоқлар тараққиётида етакчи кучга айланмоқда. Масалан, “Файзулла ота” фермер хўжалиги аъзолари 2000 бош қўй, 180 дан ортиқ қорамол парваришлаб, аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашга ҳисса қўшишаяпти.
-Бу йил қўйларимиздан 700 бошга яқин тўл олдик, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Абдусаттор Қулманов. - Ҳар йили 150-200 бош бўрдоқи етиштираяпмиз. Даромад ҳам шунга яраша яхши бўлаяпти. Шунинг ҳисобидан рўзғоримиз тўкин, хўжалигимиз ишчиларининг турмуши яхшиланаяпти. Қўшимча тармоқлар ташкил этишга ҳаракат қилаяпмиз.
Дарвоқе, бу гапга бир вақтлар ишониш қийин эди, аммо ҳозир Деҳқонобод бозорларида туманнинг ўзида эртачи етиштирилган помидор сотилаётгани бор гап. “Файзулла ота” фермер хўжалиги 12 сотих ерда иссиқхона ташкил этиб помидор эккан. Тоғ-тошли, сув чиқмайдиган жойда. Фермернинг айтишича, изласа имкон топилар экан. Қудуқ қазиб, сув чиқаришибди. Сув сал шўрроқ-ку, аммо иложисини қилса бўларкан.
Туманда бу каби фермерлар талайгина. 193 фермер хўжалиги қўшимча тармоқларни ташкил этган ва туманнинг иқтисодий ривожига баҳоли қудрат ҳисса қўшаяпти. Айтганча, фермерларнинг кўпчилиги лалми майдонларда нўхат етиштиришнинг ҳадисини олган. Улар ички истеъмол бозорида мазкур дуккакли маҳсулотга бўлган талабни қондирибгина қолмай, уни хорижга экспорт ҳам қилишаяпти.
БОЛАМ, ДЕЙДИГАН ЭЛНИНГ МУЗАФФАР БОЛАЛАРИ
Мустақиллик ютуқлар учун имкон берди. Буни туманда таълим соҳасида қўлга киритилаётган муваффақиятлар мисолида ҳам кўриш мумкин. 2014 йил тумандаги 50-мактабнинг француз тили фани ўқитувчиси Дилфуза Эшпўлатова “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида иккинчи ўринни қўлга киритди. Жорий йилда эса 69-мактабнинг немис тили фани ўқитувчиси Дилноза Назарова “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичи совриндори бўлди. Фан олимпиадасининг вилоят босқичида 10-мактаб ўқувчиси Анушервон Саломов, 69-мактаб ўқувчиси Муслимбек Маккатиллоев ғолиб бўлишди. “Умид ниҳоллари-2016” спорт мусобақаларининг вилоят босқичида туманнинг волейбол жамоаси 1-ўринни эгаллади. Тумандаги болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Шохруҳ Нормирзаев Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган катталар ва болалар ўртасидаги миллий чолғу ижрочилари халқаро танловида 2-ўринга сазовор бўлди...
Бундай ютуқларни истаганча келтириш мумкин. Бунинг асосий омили мустақиллик йилларида таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга қаратилган эътибор бўлди, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури доирасида амалга оширилган ишлар бўлди.
Эътибор беринг, биргина 2011-2016 йилларнинг ўзида Деҳқонобод мактабларида қарийб 20 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мустақиллик йилларида 79 та мактаб янгидан қурилди ва реконструкция қилинди. Замонавий услубда барпо этилган 8 та коллеж, битта коллеж филиали ёшлар ихтиёрида. Жорий йилда яна битта филиал қурилиши давом этмоқда. Туман марказида қад ростлаб турган болалар мусиқа ва санъат мактабида 250 ўринли концерт зали, рояль, фортепьяно дейсизми, энг ноёб мусиқа асбобларигача бор.
Жорий йилда ҳудуд ёшлари учун мўлжалланган яна бир кошона қурилди. Туман марказий стадиони реконструкция қилиниб, унинг ёнида 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бунёд этилди. Қарийб 2 миллиард 600 миллион сўм маблағ эвазига қуриб битказилган бу мактабда 478 нафар ўғил қиз спортнинг волейбол, миллий кураш, стол тенниси, бадиий гимнастика, футбол, дзюдо каби турлари билан шуғулланмоқда.
- Ўқувчиларимизнинг иштиёқи жуда баланд, - дейди футбол бўйича мураббий Холмирза Боймирзаев. – Футбол сирларини анча тез ўзлаштиришмоқда. Насиб этса, келгуси йилдан вилоят биринчилиги баҳсларида иштирок этиш ва совриндорлар қаторидан ўрин эгаллаш ниятидамиз.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, туманда истиқлол йилларида 106 та қишлоқдан 84 тасидаги мавжуд болалар спорт майдончаси сифатли таъмирланди, кўплаб спорт заллари, спорт мажмуалари бунёд этилди. Туман марказида 3 та сунъий қопламали мини футбол майдончаси қуриб битказилди. Бу ёшларнинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
САЛОМАТЛИК – ОЛИЙ БОЙЛИК
Туманда соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш йўлида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Қуйидаги рақамларнинг ўзиёқ бу ишларнинг кўламини кўрсатиб беради: истиқлолнинг дастлабки йилларида 280 ўринли туман марказий шифохонаси қуриб битказилди. Кейин 10 та янги қишлоқ врачлик пункти барпо этилди, саккизтаси реконструкция қилинди. 2010 йилда Деҳқонобод шаҳарчасида 150 қатновга мўлжалланган поликлиника фаолияти йўлга қўйилди. 2012 йилда эса туман тиббиёт бирлашмасининг барча бўлимлари бинолари реконструкция қилинди, янги кўп тармоқли марказий поликлиника, юқумли касалликлар бўлими бунёд этилди. Бунинг учун 4,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. ОИТСга қарши кураш маркази янги бинога эга бўлди. Соғлиқни сақлаш муассасалари 1 миллиард сўмликдан зиёд зарур замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди...
-Соғлом она ва бола йили муносабати билан аҳоли соғлиғини янада мустаҳкамлаш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Абдумалик Эгамшукуров. – Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 28 минг нафарга яқин мактаб ва коллежлар ўқувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширув натижаларига кўра аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштириш ишлари олиб борилди. Бу каби ишларни изчил давом эттиришни ўзимизнинг биринчи галдаги вазифамиз деб ҳисоблаймиз. Мақсадимиз – туманимиз одамларини доимо соғлом, шод-хуррам кўриш.
ИШЛАШНИ БИЛГАН ДАМ ОЛИШНИ ҲАМ БИЛИШИ КЕРАК
Бу гапни кўп эшитганмиз. Аммо бир маҳаллар Деҳқонободда бунинг сираям имкони йўқ эди. Тўғри, бор эди. Масалан, айни кўклам чоғида адирлар дам олиш объекти вазифасини бажарарди. Бугун бу ерда бири биридан чиройли иморатлар, тўйхонаю чойхоналар кўпайиб бормоқда.
Туман марказидан 40 километр узоқликдаги Оқиртма қишлоғида эса мафтункор бир гўша пайдо бўлган. Эски бино 800 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига реконструкция қилиниб, Оқиртма маданият ва аҳоли дам олиш марказига айлантирилган. 150 ўринли концерт залида яқинда мамлакатимизнинг машҳур санъаткорлари билан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилганлар санъаткорлар билан мириқиб суҳбат қилишди. Дам олиш деб буни айтадилар-да.
Марказда болажонлар учун фольклор, рақс, рубоб, тикувчилик, ашула тўгараклари ишлаб турибди. Гўзаллик салони аҳоли хизматида. Бу марказ Деҳқонобод тумани аҳолисининг ҳаёти фаровонлашиб бораётганига яна бир мисол.
- Тўғри, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмушини яхшилаш борасида кўплаб эзгу ва хайрли ишлар амалга оширилди, - дейди туман ҳокими Абдишукур Омонов. – Лекин бу билан тўхтаб қолмаслигимиз керак. Шу боис ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида манбалар излаб топишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Ички йўлларни таъмирлаш чораларини кўраяпмиз. Туманда кўкаламзорлаштириш ишларини тубдан яхшилаш мақсадида мавжуд сув омборини кенгайтириш борасида жиддий бош қотираяпмиз. Бу ишлар туманнинг янада ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
Бир сўз билан айтганда, Деҳқонободда ўтган 25 йил ичида юртимиздаги ислоҳотлар самараси ўлароқ аввал хаёлга ҳам келмаган оламшумул ишлар бўлди. Деҳқонободликлар бу ютуқларни бардавом қилиш, янги марраларни забт этиш ишқи билан яшамоқда.
Толиб ТЕМИРОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.