Меню

Қашқадарё

26.05.2018 1725

Деҳқонобод калий заводи: ЭКСПОРТ ҲАЖМИ ОРТДИ, ГЕОГРАФИЯСИ КЕНГАЙДИ

Албатта, ушбу натижалар шунчаки осонлик билан қўлга киритилмаяпти. Аввало давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган катта эътибор, шунингдек, завод ишчи-ходимлари кўрсатаётган ғайрат-шижоат бу борада юқори маҳсулдорлик таъминланишида муҳим омил бўлмоқда. 2017 йил мисолида қарайдиган бўлсак, тегишли даврда корхонада қишлоқ хўжалиги учун зарурлиги жиҳатидан азот ва фосфордан кейин учинчи ўрин турувчи 280 минг тонна калий ўғити ишлаб чиқарилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса бу рақам 66 минг тоннага етди. Маҳсулот сифат кўрсаткичларининг ҳар жабҳада яхши экани дунё бозорида унинг харидоргир ва рақобатбардош бўлишига имкон бераяпти. Бултур чет эллик харидорларга 245,54 минг тонна (режадагидан 106,8 фоизга кўп), 2018 йилнинг илк чорагида эса 60 минг тоннадан ортиқ калий ўғити етказиб берилгани ҳам фикримизнинг тасдиғи бўла олади.

- Дарҳақиқат, экспорт географиямиз кенгайиб, ташқи бозорга етказиб берилаётган маҳсулотимиз миқдори йилдан-йилга кўпаймоқда, - дейди заводнинг экспортни ва ички сотишни ташкиллаштириш бошқармаси бошлиғи Абдураҳмон Аралов. – Мана мисол учун, экспортга йўналтирилган калий ўғити ҳажми ўтган йилга қадар 200 минг тоннадан ошмаганди. Мазкур кўрсаткич 2014 йилда 102 минг, 2015 ва 2016 йилларда эса деярли 149 минг тоннага тенг бўлган. Маҳсулотимизга Сингапур, Индонезия, Лаос, Литва, Озарбайжон, Хитой, Эрон, Ироқ сингари 20 га яқин мамлакат харидор ҳисобланади. Агар илгари калий ўғити қадоқланиб, 50 килограммлик қопларда жўнатилган бўлса, яқиндан эса харидорлар талаб ва истагига кўра, уни қадоқламасдан махсус вагонларда етказиб бериш ҳам йўлга қўйилди. Ҳозирда янги бозорларни очиш устида иш олиб бораяпмиз. Йил охирига қадар 250 минг тонна маҳсулотни экспортга чиқариш мўлжал қилинган.

Маълумки, маҳсулот харидоргирлиги унинг нархига ҳам боғлиқ. Агар у сифатли, шу билан бирга, арзон бўлса, маҳсулот реализацияси ҳам яхшиланади. Бугунги кунда Деҳқонобод калий заводи раҳбарияти ҳам шу жиҳатга асосий урғу бермоқда. Яъни ишлаб чиқариш харажатларини кескин қисқартириш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтиришга эришиш мақсад қилинган. Анча аввал бошланган бу борадаги саъй-ҳаракатлар эса бугунга келиб юқори самарадорлик касб этаяпти. Ўтган даврда бунинг натижасида таннарх сезиларли даражада пасайиши таъминлангани аҳамиятга молик.

- Айрим хомашё материаллари четдан олиб келиниши сабаб ишлаб чиқариш жараёнидаги сарф-харажатлар катта бўлаётган эди, - дейди корхонанинг стратегик режалаштириш ва бизнесни ривожлантириш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Самадов. – Масалан, маъданни бойитиш учун ишлатиладиган реагентлар, конда ишлайдиган комбайнлар учун эҳтиёт қисмлар хориждан импорт қилинарди. Ўрганиш олиб бориб, ички имкониятлардан кенгроқ фойдаланишга аҳд қилдик. Хусусан, юртимизда ишлаб чиқариш имкони бўлган маҳсулотлар бўйича маҳаллий тадбиркорларга таклифлар берилди. Айтайлик, бизга анча қимматга тушган реагент ўрнига бугунги вақтда унинг муқобилини Фарғона вилоятидаги корхонадан сотиб олаяпмиз. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етказиб бераётган бошқа материаллар ҳам бизнинг талабга жавоб бермоқда. Хуллас, импорт камайиши натижасида маҳсулот таннархи арзонлашмоқда, қолаверса, катта миқдорда валюта тежаб қолинмоқда. Хусусан, жорий йилда импортни қисқартириш кўламини 1,17 миллион долларга етказиш прогноз қилинган.

Завод мутасаддисининг қўшимча қилишича, энергоресурслар сарфи камайтирилиши, технологик йўқотишлар бартараф этилгани ҳамда бошқа харажатларнинг қисқартирилиши ҳам маҳсулот таннархи пасайишига таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, корхонада маҳаллийлаштириш борасида ҳам ишлар тўғри йўлга қўйилгани натижа ижобий бўлишига шароит ҳозирлаётир. Масалан, Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги тегишли қарорига асосан мазкур заводда крахмал ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш белгиланганди. У калий хлорид олиш учун муҳим хомашё саналади. Ушбу ҳужжат ижросига жиддий эътибор қаратилиб, зарур ускуналар келтирилди ва 2016 йилда маҳсулот    тайёрлашга киришилди. Мавжуд қувват эса 500 тонна крахмал ишлаб чиқаришни кўзда тутади. Бу миқдор  тўлиқ завод эҳтиёжи учун ишлатилмоқда. Янги лойиҳа рўёбга чиқарилар экан, унинг самарадорлигига тўхталмай иложимиз йўқ. Корхона иқтисодчилари шу ернинг ўзида 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқаришга кетган харажат уни сотиб олишдан кўра айни   пайтда 736 минг сўмга арзон бўлаётганини билдиришди. Бу орқали тежаб қолинаётган маблағ қанча эканини оддий хомчўт уриб ҳам аниқлаш қийин эмас – тегишли кўрсаткич қарийб 370 миллион сўм.

Ҳеч шубҳасиз, ишлаб чиқаришга бундай инновацион ёндашув доим керак. Зеро, юқори фойда келтирувчи ташаббуслар ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди. Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида эса айни йўналишдаги чора-тадбирлар қамровини янада ошириш мақсад қилинган. Жорий йил аввалида корхона қошида “Инновацион ғоялар ва технологиялар хизмати” ташкил этилгани ҳам бунинг ёрқин ифодасидир. Бу тузилманинг вазифаси эса илғор ғояларни рағбатлантириш, завод фаолиятига тааллуқли илмий ишланмаларни ҳаётга татбиқ этиш, соҳанинг етакчи олимлари билан илмий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

- Ҳозир инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва самарали амалга ошириш устида фаол иш олиб бораяпмиз, - дейди завод бош технологи Баҳодир Нормуродов. – Мисол учун, маҳаллий хомашё - доломит ва калий хлорид асосида янги турдаги (азотли-калийли-калцийли-магнийли-олтингугуртли) комплекс ўғитни тажриба-саноат асосида ишлаб чиқаришни таклиф этдик. Аллақачон ушбу маҳсулотни лаборатория шароитида ажратиб олишга ҳам улгурдик. Эндиликда ўғитнинг тажриба-саноат моделини ясаш устида ишлаяпмиз.

Аслида ҳам корхона истиқболи қандай бўлиши инновацияга боғлиқ, келажак ҳақида эса аввалдан режа қилмоқ керак. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 августдаги “2017-2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори билан келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар кўлами белгилаб берилди. Дастурга асосан, тегишли даврда Деҳқонобод калий заводида 3 хил турдаги янги маҳсулот – сульфат калий, гранулаланган калий хлор ва железный “сурик” каби пигментларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши кўзда тутилмоқда.

Эътиборлиси, лойиҳалар ижроси ўз вақтида бўлишини таъминлаш учун корхона жамоаси ҳозирданоқ амалий ишларга киришган. Завод мутахассислари берган маълумотга кўра, бу маҳсулотларни тайёрлаш усуллари, хорижий технологиялар ўрганилмоқда. Бу борада хориж мамлакатларининг етакчи компаниялари ҳам ҳамкорликка жалб қилинган. Биргина гранулаланган калий хлорид ишлаб чиқариш йўналишидаги лойиҳа юзасидан 4 чет эл ташкилоти таклиф берган. Техник асослари кўздан кечирилгач, энг яхши таклиф танлаб олинади.

Бу лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга ошиши қўшимча иш ўринлари яратилишига имкон беришини эътироф этиш даркор. Ушбу ҳолат корхонанинг маҳаллий мутахассисларни иш билан банд этишга қаратилган кадрлар сиёсатига ҳам тўла мос келади. Чунки бугун заводда меҳнат қилаётган 2000 га яқин кишининг асосий қисми деҳқонободликдир. Уларнинг аксариятини эса шу ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшлар ташкил этади. Демак, шундай йирик корхона жадал иқтисодий ўсишидан, фаолият қамрови янада кенгайишидан биринчи галда маҳаллий аҳоли манфаатдор. Ҳудуд одамларининг доимий даромад манбаига эга бўлиши, турмуши яхшиланишидан эса жамият ҳам наф кўради. Барча соҳаларда бўлгани каби юртимиз кимё саноатида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлардан ҳам аслида шу мақсад кўзланган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!