Меню
Қашқадарё
"Деҳқонобод калий заводи" АЖ: суюқ парафин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга эришилди
Май ойининг сўнгги якшанбаси - "Кимёгарлар куни" касб байрами юртимиз кимё саноати корхоналарида кенг нишонланди. Жумладан, "Деҳқонобод калий заводи" АЖда бўлиб ўтган байрам тантанасида дошқозонларда ош дамланиб, ходимлар ва меҳмонлар учун дастурхон ёзилди, катта концерт дастури намойиш этилди. Унда иштирок этган таниқли санъаткорлар, бахшилар, қизиқчилар ва болажонлар иштирокидаги чиқишлар тантанага файз, кўтаринкилик бахш этди.
Одатда ҳар қандай байрамга қизғин тайёргарлик кўрилади. Шунга монанд, аввалроқ завод жамоаси ҳам корхона атрофини ободонлаштириш учун хайрия ҳашари ташкил қилиш ташаббуси билан чиқиб, ён-атроф яна бир бор кўздан кечирилди, ободонлаштирилди.
Шунингдек, субъектда мунтазам уюштириб келинаётган спорт, илмий тадбирлар финалчилари кимёгарларнинг касб байрами арафасида аниқланиши ва энг яхшилар рағбатлантирилиши ҳам ажойиб анъана тусини олган. Цех ва бўлимлар кесимида ташкил қилинган жамоалар ўртасида кечган мини-футбол, волейбол бўйича мусобақалар, корхона ходимларининг "Энг яхши илмий ва рақамли ишланмалар таклифи" кўрик-танлови ғолиблари касб байрами куни тантанали тарзда қимматбаҳо совғалар билан тақдирлангани бунинг яққол тасдиғи бўла олади.
Биламиз, ишлаган одам шунга муносиб ҳордиқ ҳам чиқариши керак. Ана шу нуқтаи назар билан Сурхондарё вилоятига саёҳатга юборилган ходимлар юртимиз ҳудудларида кечаётган ўзгаришларни ўз кўзлари билан кўриб, катта таассуротлар билан қайтишди.
Шу каби тадбирлар ва ишлаб чиқаришда ўз меҳнати билан намуна кўрсатган ходимлардан бир қатори "Ўзкимёсаноат" АЖ, "Деҳқонобод калий заводи" АЖ томонидан фахрий ёрлиқлар ва пул мукофотлари билан тақдирлангани, пенсия ёшига етганлари ҳурмат билан кузатилаётгани ёш мутахассисларда ўз касбига бўлган қизиқишни улғайтириш, кўпроқ билимларни ўзлаштиришга иштиёқини оширишда ҳам қўл келаётгани билан аҳамиятли.
Умуман, бу йил "Кимёгарлар куни" касб байрами "Деҳқонобод калий заводи"да қатор ютуқлар билан қарши олинди. Корхонада жорий йил январь-апрель ойлари давомида 109 минг 235 тонна калий хлорид ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 113,8 фоизни ташкил қилди.
Шу давр оралиғида ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 90 фоиздан ортиғи, яъни 98 минг 861 тоннаси Хитой, Украина, Эрон, Малайзия, Латвия, Индонизия каби 20 га яқин хориж давлатларига экспортга жўнатилган.
Бундан ташқари, заводда Ўзбекистонга импорт маҳсулот сифатида кириб келаётган суюқ парафин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга эришилгани ажойиб янгилик бўлди. У косметология ва тиббиётда кенг қўлланилади.
"Деҳқонобод калий заводи" АЖ матбуот хизмати