Меню

Қашқадарё

15.09.2016 2253

ДЕҲҚОНЧИЛИК СЎЗЛАРИ ЖАМЛАНГАН ЛУҒАТ

Филолог олим, Қарши давлат университети доценти Хўжамурод Жабборов томонидан тўпланиб, яқинда нашр қилинган янги китоб - “Деҳқончилик сўзларининг қисқача изоҳли луғати”да халқ нутқида қадимдан мавжуд, турли ҳудудларда яшовчи аҳоли тилига хос бўлган 3 мингдан ортиқ сўз ва бирикмали ифода ўрин олган. Китобни варақлаб, деҳқончилик атамалари билан бирга Ўзбекистоннинг жанубий воҳаси аҳолиси шевасига хос бўлган, бугунги кунда ишлатилмайдиган ёки кам қўлланиладиган сўзларнинг маъносини билиб олиш мумкин.

Муаллиф эътироф этганидек, луғатдан деҳқончиликка бевосита алоқадор бўлган йигирмага яқин тематик гуруҳга кирувчи сўз ва терминлар жой олган. Уларнинг ҳар бирига лисоний изоҳлар берилган, мисоллар орқали далилланган. Шу ўринда айтиш лозимки, муаллиф ҳар бир сўз изоҳидан сўнг мисолларни келтиришда бадиий, илмий, тарихий, фольклор асарларидан, айниқса, халқ мақолларидан фойдаланиб иш кўрганки, бу луғатнинг илмий-амалий қийматини янада оширган. Масалан, деҳқон, айрилма, рош, дамба, дона, мия, обчи, пори, тикмоқ, тобчи, чак, чилги, қовға, қотқоқ каби сўзларнинг изоҳидан кейин, уларнинг ҳар бирига халқ сўзлашув нутқидан ёзиб олинган мақоллар мисол сифатида берилган. “Деҳқон ерга берса яхши ишлов, ер кўпчийди, ҳосил чўпчийди”, “Сувлар оқар ариқдан, ариқ боши айрилма”, “Ерга рош - қизга қош”, “Оқар сувни тўхтатган - йўлга қўйган даммаси”, “Эшик олди миядир, ерга енгим тиядир”, “Обчи бўлсанг ҳам тобчи бўлма”, “Полга сепинг торини, қўлда сепинг порини”, “Чигирткалар экин ер, экмай-тикмай текин ер”, “Чакка тушсанг чагирайма”, “Чилги пишди, улгу пишди”, “Қудуқ бошида қовға, қовғанинг иши ғовға” каби кўплаб мақоллар шулар жумласидан.

Луғатнинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири шундаки, унга истиқлол туфайли деҳқончилик илмида пайдо бўлган янги терминлар ҳамда халқимиз жонли тилида яралган сўзлар киритилиб, изоҳланган. Муаллиф кейинги йигирма йил ичида тилимиздан мустаҳкам ўрин олган ширкатчилик, пайчилик,  фермерлик, пудратчилик сингари янги мулкчилик шаклларига оид сўзларни тўплаган ва ўз луғатида изоҳлашга ҳаракат қилган. Айниқса, луғатдан жой олган сўзларнинг қайси тилдан ёки қайси туман ва шаҳар одамлари сўзлашувидан ёзиб олингани кўрсатилгани унинг манба сифатидаги қийматини оширган. Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур луғатда беш жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га кирмай қолган бир қатор деҳқончиликка оид сўз ва терминлар ҳам учрайди. Нончи, арпачак, ахмана, банжида, бешак, бироёқ, боғчи, дапсан, етимча, жойпана, калгав ва бошқа сўзлар ана шундай бирликлардир.

Китобга ёзилган сўзбошида таъкидлангани каби ҳали тилимизда деҳқончилик сўзлари тўла тўпланиб, мукаммал луғат яратилмаган эди. Мазкур китоб шу йўлдаги муҳим қадам, дейиш мумкин.

  Абдулҳай СОБИРОВ,

Алишер Навоий  номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети маънавий ва маърифий ишлар бўйича проректори, филология фанлари доктори, профессор

Эшпўлат ЖАББОРОВ,

  Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири, филология фанлари номзоди

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!