Меню

Қашқадарё

10.06.2017 2013

ДЕҲҚОН БОЗОРЛАРИ ЎЗГАРАДИ

Бугун бозорлар турмушимиз фаровонлигини ифода этиб турибди. Айниқса, у ердаги тўкинлик, арзончилик ва қулайликни кўриб, ҳар қандай кишининг ҳаваси келади. Шу билан биргаликда, мавжуд бозорлар инфратузилмасини янада яхшилаш, атрофини ободонлаштириш, сотувчи ва харидорлар учун барча қулайликларни яратиш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқдаки, натижада бозорларимиз қиёфаси замонавийлашиб, кўрсатиладиган хизматлар сифати ошиб бораяпти.

Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган.

Мазкур қарорда таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда замонавий талаб ва андазаларга жавоб бермайдиган бир қанча деҳқон бозорлари бузиб ташланди ва уларнинг ўрнида анъанавий безак элементларидан фойдаланилган янги, замонавий деҳқон бозорлари барпо этилди. Шу билан бир қаторда, олиб борилган ишларга қарамасдан, аксарият деҳқон бозорларида бино ва иншоотлар хавфсизлик чоралари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинмаганлиги, шунингдек, автомобиль тўхташ жойларининг етишмаслиги каби ҳолатлар сотувчи ва харидорлар учун бир қатор ноқулайликлар туғдирмоқда. Ёки туманлардаги қишлоқ аҳоли пунктларида жойлашган бозорларнинг 20 фоизидан ортиғи ҳафтада фақат бир кун ва зарар кўриб ишламоқда. Бу бозорларда харидорлар амалда замонавий тўлов тизимларидан (пластик карточкалардан) фойдаланиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж товарларини сотиб олиш имкониятига эга эмас.

Қарорда юртимиздаги деҳқон бозорларини замонавийлаштириш, давр талабларига мослаштириш ҳамда аҳолига ва сотувчиларга қўшимча қулайлик яратиш кўзда тутилган.

Жумладан, вилоятимизда ҳам самарасиз ва зарар кўриб ишлаётган 20 та деҳқон бозори бузиб ташланиб, кейинчалик уларнинг ўрнида замонавий савдо ва озиқ-овқат объектлари қуриш режалаштирилган бўлса, 32 та деҳқон бозори тўлиқ реконструкция қилинади.

Мисол учун, Қарши шаҳридаги “Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозори нафақат ҳудудга, балки қўшни вилоятлар деҳқону тадбиркорларига ҳам анча танилган савдо нуқталаридан бири ҳисобланади. Бугунги кунда бу ерга кимдир маҳсулот сотгани келса, яна кимдир бозор-ўчар қилади. Шунга қарамай, бозордаги шарт-шароитларни етарли деб бўлмайди. Хусусан, айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари очиқ ҳавода, санитария-гигиена талабларига зид равишда сотилмоқда. Айрим расталар ораси эса тиқилинч, бетартиб жойлашган, қолаверса, ёмғирли, қорли кунларда бу ерда юришнинг ўзи жуда мушкул. Шундан келиб чиқиб айтганда, Президентимиз қарори асосида “Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозорининг тўлиқ реконструкция қилиниши белгилангани харидорлар учун ҳам, сотувчилар учун ҳам манфаатли бўлди.

Ҳозирги пайтда ушбу бозорда қурилиш ишлари бошланган. Дастурга асосан, бажариладиган ишлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Қарши филиали томонидан молиялаштирилмоқда.

- Айни дамда бозор ҳудудидаги 100 дан ошиқ дўконлар бузилиб, бўшаган ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилаяпти, - дейди “Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозори акционерлик жамияти бошқаруви раиси Тоштурди Тўраев. – Бу ердаги кўримсиз дўконлар ўрнида иккита икки қаватли замонавий супермаркет барпо этилади. Ҳар бири 30 метрга 42 метр ҳажмдаги ушбу супермаркетлар нафақат қулайлик ва шинамлик бобида, балки чирой бобида ҳам бозоримизга кўрк бағишлайди. Ушбу супермаркетлар ва уларнинг ичида жойлашадиган махсус расталар озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш учун зарур бўлган барча талаблар асосида жиҳозланади. Шунингдек, иккала супермаркетнинг ўртасида  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишга мўлжалланган усти ёпиқ павильон бунёд этилади. Бозор атрофи ободонлаштирилиб, автомобиллар  қатнови ва тўхтаб туриши учун шарт-шароитлар яратилади. Бундан ташқари, бозорнинг қолган ҳудудидаги савдо дўконларини ҳам замонавийлаштириш, расталар ораларини кенгайтириш кўзда тутилган. Хуллас, йил охирига қадар бозор бутунлай янги қиёфага келтирилиши мақсад қилинган.

Кўпчиликни янги қурилажак дўконлар қай тартибда ва кимларга берилиши қизиқтириши ҳам бор гап. Қарорга кўра, деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда зарур ер участкалари ажратилиши, шунингдек, бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар қопланиши вилоят ҳокимлиги томонидан таъминланади. Янги дўконларни сотиш уни қуришдаги асосий буюртмачи томонидан белгиланган тартиб асосида амалга оширилади. Хусусан, “Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозорида қурилажак янги савдо объектларини шу ерда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, биринчи галда уларга, сўнг бошқа номзодларга мавжуд тартиб асосида сотиш мақсад қилинган.  

Дастурга асосан “Косон деҳқон бозори” ҳамда “Жейнов деҳқон озиқ-овқат бозори” масъулияти чекланган жамиятлари ҳам жорий йил сўнгига қадар реконструкция қилинса, қолган бозорларда қурилиш ишлари 2018 ҳамда 2019 йиллар давомида амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур қарори доирасида бажариладиган ишлар деҳқон бозорларининг замонавий қиёфага эга бўлиши, уларда шинамлик ва қулайликлар яна ортиши, санитария-гигена талабларига амал қилиниши, хавфсизлик талаблари кучайтирилиши, савдоларнинг замонавий тўлов воситалари орқали амалга оширилишининг таъминланишига кенг шароит ҳозирлаши билан аҳамиятлидир.

 

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!