Меню
Қашқадарё
ДАВРИНГ КЕЛДИ, ДАВРОННИ ЧЕТГА СУРИБ, ФАОЛ ИШЛАШ ОНИДИР БУ
Аҳамиятлиси, бугун Президентимизнинг ўзи тадбиркорнинг ҳимоячиси, уни қўллаб-қувватлаш мезонларининг муаллифи бўлиб турибди. Кичик бизнес вакилининг фаолиятига асоссиз аралашув буткул тақиқланди. Аксинча, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга устувор аҳамият берилмоқда. Аҳоли тадбиркорликка ўргатилмоқда. Юртимизда ялпи фаровонликни таъминлаш, одамлар турмушини бундан-да фаровон қилиш, мамлакатимизни ҳар жиҳатдан равнақ топтиришнинг йўли шу. Бу фикр давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга тақдим қилган Мурожаатномасида ҳам ўз ифодасини топди. Рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, бутун жамиятга наф келтирадиган тадбиркорлар сафини кенгайтириш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиши шарт, деди Президент.
- Мен ҳам ушбу Мурожаатномани телевизор орқали зўр қизиқиш ва энтикиш билан эшитдим, - дейди Косон туманидаги “Истиқлол” хусусий корхонаси раҳбари Камол Қурбонов. – Президентимизнинг эътиборидан ҳеч бир соҳа четда қолмади. Айниқса, юртимизда кириб келаётган янги – 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном бериш таклиф этилгани биз, ишбилармонларни жуда қувонтирди десам, рост айтган бўламан. Давлатимиз раҳбари фаол тадбиркорликка бизнес фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этиш дея таъриф берди. Демак, ўзини ташаббускор санаган ҳар бир тадбиркор соҳасига оид янгиликдан доим бохабар бўлиши, шу ўринда уни ишлаб чиқаришда ҳам қўллай олиши керак. Шунга мувофиқ биз ҳам дунё тажрибасини обдан ўргандик. Имкониятимизни чамалаб, замонавий чорвачилик мажмуаси барпо этишни кўзда тутувчи истиқболли лойиҳани илгари сурдик. У оғилхона, емхона, сутни қайта ишлаш цехи каби муҳим инфратузилма объектларини ўз ичига олади. Давлатимиз раҳбари жорий йил бошида вилоятимизга қилган ташрифи давомида бизнес-режамизни кўздан кечириб, унинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятига юқори баҳо берган, лойиҳани муваффақиятли рўёбга чиқаришда амалий кўмак кўрсатишни мутасаддиларга топширганди. Икки йилга мўлжалланган мазкур ташаббусимиз доирасида кенг майдонда барча шароитларга эга оғилхона бунёд этилди. Украинадан “Симментал” зотли сигирлар олиб келдик. Молни парваришлаш билан боғлиқ жараён тўлиқ автоматлаштирилди. Озиқлантириш, суғориш, мақбул муҳитни сақлаш компьютер дастури асосида амалга оширилиши ташкил этилди. Бунинг учун зарур ускуналар хориждан келтирилди.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 14 миллиард сўмга баҳоланган. Уни келгуси йилнинг биринчи чорагида тўлиқ ишга тушириш белгиланган. Лойиҳа доирасида чорва молларига озуқабоп экинлар етиштириш учун 750 гектар ер майдони ажратилди. Мажмуада йилига 4 минг 280 тонна сут ва 210 тонна гўшт етиштириш, 140 иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
- Янги йилга берилган номдан шуни англадимки, ҳозирги вақтда тадбиркор ва ишбилармонлардан янада фаол бўлиш, илғорлик кўрсатиш сўралмоқда, - дейди Китоб туманидаги “Ҳусниддин Холиқ Шаропович” фермер хўжалиги раҳбари Шароп Холиқов. – Фаоллик деганда бефарқ бўлмаслик, мавжуд имкониятдан ўз ўрнида фойдалана билишлик тушунилади, фикримча. Ўша тарихий анжуманда давлатимиз раҳбари юртимиз экспорт салоҳиятини юксалтириш имкониятлари ҳақида гапирди. Экспорт салмоғини оширишда эса қишлоқ хўжалиги муҳим аҳамиятга эга. Ҳали бу тармоқда ишга солинмаган имкониятлар кўп. Агар мавжуд ресурслардан оқилона фойдалансак, хорижга чиқарилаётган мева-сабзавот ҳажми бир неча баробар ортади. Асосан боғдорчиликка ихтисослашган хўжалигимизда биз ҳам шу йўналишда қатъий иш олиб бораяпмиз. Туманимизнинг Варганза ҳудуди анорчилик учун жуда қулай. Варганза анорлари эса дунёга машҳур. Бу бизга жаҳон бозорига чиқиш учун кенг йўл очади. Авваллари етиштирган маҳсулотимиз воситачилар орқали чет элга экспорт қилинган. Ҳозирда эса бу имконият ўзимизга берилди. Бевосита хорижлик харидор билан шартнома тузиб, маҳсулотимизни етказиб бериш ҳуқуқига эгамиз. Валюта ҳам ўзимизда қолади, уни истаганимизча сарф этамиз, қишлоққа технология олиб келишимиз мумкин.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиз иқтисодиётида қандай ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлса, ҳаммаси аввало халқ ва кейин ана шу тадбиркорлар манфаатини кўзлаб қилинаяпти. Мақсад – унинг барқарор фаолият юритишига кенг енгиллик тақдим этиш, қулайликларни кўпайтириш, муаммосини бартараф қилиш, ташаббусларини эса қўллаб-қувватлаш. Албатта, юртимизда мустақил бизнес бошлаш учун ҳамма вақт кенг шароит, барча имконият муҳайё бўлган. Бу ҳолатда тадбиркор бўлмасликнинг ўзи ҳижолатли. Янги йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб номланиши билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари яна бир бор янада кўп ғайрат-шижоат билан ишлаш, юрт ривожига камарбаста бўлишга ундалди, десак муболаға эмас.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ