Меню
Қашқадарё
ДАВОЛАШ ИМКОНСИЗ, ФАҚАТ КАСАЛЛИК ОҚИБАТЛАРИНИ КЕЧИКТИРИШИ МУМКИН
ОИВ НИМА?
- ОИВ - одам иммунтанқислиги вируси. Бу вирус қондаги лимфоцитларни емиради. Маълумки, лимфоцитлар организмга ёт бўлган касаллик қўзғатувчи микроорганизм (бактерия, вирус, замбуруғ)ларни аниқлаб, уларни парчалаб ташлаш, зарарсизлантириш вазифасини бажаради. Шунинг ҳисобига касалликка чалинмаймиз, чалинсак ҳам тез соғаямиз. Қонда лимфоцитларнинг камайиши эса ҳимоя тизимининг кучсизланиб боришига олиб келади.
ОИВ юқиши ОИТС касаллигининг бошланиши дегани эмас. Вирус организмга тушгандан кейин 2-3 ойдан 8-10, ҳаттоки 15 йилгача яширин яшаши,бу давр ичида касаллик белгилари юзага чиқмаслиги, одам ўзини соғлом ҳис қилиши мумкин. Бироқ касалликнинг яширин даври атрофдагилар учун хавфли бўлиб, одам билиб-билмай вирусни бошқаларга юқтириши эҳтимоли юқори.
ОИТС НИМА?
- ОИТС - орттирилган иммун танқислиги синдроми ОИВ инфекциясининг касалликлар ривожланадиган сўнгги даври ҳисобланади.
Одам ОИТС билан касалланса, организм ўзини инфекциялардан ҳимоя қила олмайди, оқибатда киши кўплаб касалликларга мойил бўлиб қолади ва ниҳоят, бу унинг ўлимига олиб келади.
ВИРУС ҚАНДАЙ АНИҚЛАНАДИ?
- Одамларга бир назар ташлаб, ОИВ/ОИТС билан касалланганини аниқлаб бўлмайди, ҳатто буни врач ҳам беморни оддий кўрикдан ўтказиб айтиб бера олмайди. Касалликни аниқлашнинг ягона йўли қон таҳлилини ўтказишдир. ОИВ/ОИТС билан касалланганига гумони бор киши қон топшириши керак. Шунга кўра, беморнинг ҳақиқий ОИВ вируси орқали касаллангани ҳамда вирус ташувчиси эканлиги аниқланади. Кейин тегишли даво чоралари кўрилади. ОИВ вируси ташувчилар эса доимий шифокор назорати остида бўлади. Даволаш ишлари бошқаларга ошкор этилмаган ҳолда - махфий равишда олиб борилади.
ҚАНДАЙ ЮҚАДИ?
- Вирус асосан жинсий йўл билан юқади. Шунингдек, парентал, яъни вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари қуйилганда, ностерил шприцлар ва тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланилганда ҳам юқиши мумкин.
Вертикал, яъни ОИТС вирусини ташувчи онадан ҳомилага ёки чақалоққа туғруқ жараёнида ва туғилгандан сўнг она сути орқали юқиши ҳам кузатилади.
КЛИНИК БЕЛГИЛАРИ
- ОИТС билан касалланган беморларда иситма кўтарила бошлайди ва бу ҳолат сабабини аниқлаш қийинроқ бўлган ҳолда узоқ муддатга чўзилиши мумкин. Баданга тошмалар тошади, гриппга ўхшаш ва неврологик бузилиш белгилари келиб чиқади. Давомийлиги икки ҳафтадан уч ойгача, баъзан узоқроқ бўлади. Шу даврдан бошлаб сурункали шаклда касаллик 8-9 йилда ниҳоясига етади.
Аниқланишича, касаллик вируси нафақат организмдаги иммун тизимини издан чиқаради, у бош мия ҳужайраларини ва орқа мия суюқлигида ҳаёт кечириб, кўпайиб мияни атрофия (тўқима ёки ҳужайранинг кичрайиши, емирилиши ва йўқолиши)га учратади. Натижада ақли пастлик, эпилепсия - тутқаноқ, эслаш қобилиятининг тезлик билан пасая бориши ва охир-оқибатда тўлиқ неврологик бузилишларга олиб келади.
ДАВОЛАШ
- Ҳозирги кунда ОИВ инфекциясига қарши вакцина ёки уни даволайдиган дори йўқ. Аммо организмда вирусларнинг кўпайиш тезлигини секинлаштирувчи ва ОИВ билан зарарланиш ҳолатининг ОИТСга ўтиш даврини имкон даражасида узоқлаштирувчи дорилар мавжуд. Улар таъсирида ОИВ инфекцияси сурункали тус олиши мумкин. Бунинг учун антиретровирусли мажмуавий даволаш усули қўлланилади.
Марказимизга “ОИТСга чалинган оналардан соғлом фарзандлар туғиладими?”, “ОИТСни юқтирган бемор ўртача қанча умр кўриши мумкин?” каби саволлар билан кўп мурожаат қилишади. ОИВ инфекциясини юқтириб олган аёл 40 фоиз ҳолатда касалликни фарзандига юқтириши мумкин. Табиий туғруқ вақтида зарарланиш хавфи юқори бўлади. Замонавий профилактик усуллар қўлланганда, касалликнинг болага юқиш хавфини 2 фоизгача камайтириш мумкин. Яъни 100 нафар ОИВ инфекцияли аёлдан 2 нафар бемор фарзанд туғилиш хавфи қолади.
Энг муҳими, ОИВ инфекциясини юқтириб олган бемор ҳар хил касалликлар билан касалланиб қолишдан ўзини асраши ва шифокорлар тавсиясига кўра, дори-дармонларни, жумладан, антиретровирус препаратларни вақтида, белгиланган схема асосида узилишларга йўл қўймасдан бутун умри давомида қабул қилиб туриши, диспансер кузатувида бўлиши шарт.
Қайд этилган ҳар бир ОИВ/ОИТС ортида тузалмас дардга чалинган инсон ҳаёти ва тақдири турибди. У ён-атрофдагиларнинг эътибори, меҳри ва руҳий кўмагига муҳтож эканлигини унутмаслик зарур. Зеро, ҳозирги кунда бу хавфли касалликнинг юқиб қолишидан ҳеч ким кафолатли тарзда ҳимояланган эмас.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.