Меню
Қашқадарё
ДАВЛАТНИНГ ПУЛИНИ "ТУЯ ҚИЛАДИ", ЮК ОҒИР КЕЛСА, "ЎТИРИБ" ҚОЛАДИ
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказида қарийб 918 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинган. Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, марказ собиқ раҳбари Ш.Ш., бўлим бошлиғи Б.Б. ва бошқалар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, марказ ҳисобига тушиши лозим бўлган 480,1 миллион сўм маблағни марказда ишламаган фуқароларга иш ҳақи ҳисоблаб тўлаб борган. Ишлаган ходимларга ортиқча иш ҳақи ҳисобланиши оқибатида давлатга 271,6 миллион сўм зарар етказилган.
Бундан ташқари, "гипохлорид кальций" дезинфекция воситаси ҳақиқий баҳосидан 166,1 миллион сўм қиммат нархларда сотиб олинган.
Шу тарзда жами 917,8 миллион сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилиб, растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.
2020 йил 3 июлда бўлим томонидан вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази собиқ раҳбари Ш.Ш., марказ ҳузуридаги хўжалик ҳисобидаги пуллик хизмат кўрсатиш ва санитария-эпидемиология хулоса бериш бўлими бошлиғи Р.Б. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, прокуратурага юборилган.
Кейинги вақтларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўрсаткичлари ортиб бориши натижасида шифокорлар, тиббиёт ходимлари босим остида қолгани, беморлар сони шу зайлда ўсиб бораверса ҳатто тиббиётимиз "ўтириб" қолиши мумкинлиги ҳақида кўп гапирилаяпти. Ўз навбатида турли ҳудудларда айни шу жабҳага масъуллар томонидан фалон миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, "еб" юбориш ҳолатлари ҳам тез-тез қулоғимизга чалинмоқдаки, соҳа "ўтириб" қолишига сабабни беморлар сони кўпайиши эмас, айрим масъулларнинг балойи нафси оқибатидан излаш керакка ўхшаяпти...