Меню

Қашқадарё

09.02.2023 8620

ДАВЛАТНИНГ ИЛДИЗИ БИР БЎЛМАСА, ХАЛҚ ЖАБР ДЕНГИЗИГА БОТИБ КЕТГУСИ

Сараланган сатрлар

Бугун эътиборингизга уч асардан сараланган фикрларни ҳавола этяпмиз. Ойбекнинг "Бола Алишер" қиссаси кам ўрганилган мавзу - Алишер Навоийнинг беғуборлик йилларини қамраб олган бўлса, Миркарим Осим қаламига мансуб "Зулмат ичра нур" қиссасида буюк ижодкор ва давлат арбобининг умр йўлларига теран назар солинади. Тарихий далиллар, мозий кечмишлари кишини чуқур мушоҳада сари ундайди.

Кейинги китоб - америкалик шарқшунос Ҳарольд Ламб ёзган "Бобур - йўлбарс" асаридир. Бу китоб шоҳ ва шоир фаолиятига оид кўплаб қизиқ маълумотларни ўзида жамлагани билан эътиборга молик.

Ойбек "Бола Алишер"

"Туркистоннинг, Хуросон мамлакатининг аҳволига бир назар ташлангиз... Билмадим, оқибати не бўлур?! Ҳазрат Темур яратган давлат чил-чил бузилди. Темурдан сўнг ҳийла вақт шаҳзодаларнинг боши жангдан чиқмади, ҳар бири ҳамиша муттасил ўз нафсини ўйлайди, Сулаймон тахтини ёлғиз ўзига раво кўради. Ҳа шундай шаҳзодаларнинг она сути ҳануз оғзида бўлган энг кичиги ҳам, отнинг олдинги оёғи ўзим бўламан, дейди. Муддаолари шу барчасининг. Ҳеч бир ақли комил соҳибнинг иши эмас бу. Давлатнинг илдизи бир бўлмаса, халқ жабр денгизига ботиб кетгуси муҳаққақ".

*  *  *

Боланинг шўхи яхши, зероки, фикри ҳам югурик бўлур. Фикрнинг чақноғи - илмнинг чақмоғи.

*  *  *

Туркистон ўлкаси жаннат каби бир макондур. Боғлари, меваларининг таърифидан ҳар кимса ожиз. Ҳар бир жанг жаннатни дўзахга айлантирувчи фалокат-ку!

*  *  *

Кўнгил - оҳангнинг булоғи.

*  *  *

Бор - етти пуштини қўллар, йўқ - ўзини ҳам қўллай олмас.

*  *  *

Юрак ҳиссиёт ва завққа тўла. Аммо шеър айтмоқ учун ифрот, илҳом керак.

*  *  *

Форс шоирлари юксак туйғулар, теран фикрлар ила тўла ажиб шеърлар яратмишлар. Бизнинг турк шоирлари ҳам уларга эргашиб, форсий шеърлар ижод этишни одат қилиб олмишлар. Туркистон ўлкамиз водийлари, саҳролари кенг, тоғлари буюк, аҳолиси турк-ўзбекдур. Ўзимизга хос одатларимиз, анъаналаримиз, қўшиқларимиз, куйларимиз, достонларимиз, эртакларимиз бор. Булар - чексиз бойлигимиз. Айниқса, тилимиз гўзал, ширин ва рангли!

*  *  *

Улусимиз буюк, халқимиз қобилиятлидир. Биз фақат халққа суянмоғимиз лозим.

Миркарим Осим "Зулмат ичра нур"

Сайид Насимийнинг ҳар бир шеъри ҳикмат хазинаси бўлиб, зоҳирда бир жононға айтилган шеърға ўхшаб кўринса доғи, ботинда коинотнинг бирлиги ва бутунлигига ошиқ бўлғон   шоирнинг нидосидур, ул ҳар бир жузъий нимарсада улуғ бирликнинг таҳозиротин кўрадур.

*  *  *

Афсус, минг афсуски, шул одат бор. Ахир совға-пешкаш меҳнат аҳлининг бўйнига оғир юк бўлиб тушадур, амалдор, аъёнларни бузадур, аларни ҳарислик, тамагирликка ўргатадур.

*  *  *

Навоий унинг ҳикоясини тинглар экан, кўзлари ўт сочар, тишлари ғижирлар эди:

- Майли, истаганларича майхўрлик қила берсинлар, халқнинг молин базм-зиёфатларга сарф эта берсинлар, ноҳақ тортиб олинғон бир игна бағирларига олмос ханжар бўлиб қадалур, аёлларнинг илкидан тортиб олинғон бир қулоч ип аждаҳо бўлиб аларга чанг солур!

*  *  *

- Сизнинг Астрободда исён кўтармаганингиз бизни ҳайрат ичида қолдирди.

- Халқнинг тинчлигини, мамлакат манфаатини мен ўз нафсимдан устун қўйдим, шул сабабдин бу ишни қилмадим, - деди Навоий аста.

*  *  *

Луқмон ҳаким нақл қилурларким, Миср подшоҳининг рақсга ўргатилган бир неча маймуни бор экан. Маймунлар аскарий кийим кийиб, қилич била ўйинға тушар эканлар. Баъзи одамлар, маймунлар, ҳайвонлик ҳолатидан келиб чиқиб, табиатларини ўзгартирибдурлар, деб ўйлар эканлар. Бир олим ва донишманд киши аларнинг фикри хато эканини кўзларига кўрсатмоқчи бўлубдур, маймунлар рақс этиб турганларида, қўйнидан тўрт ёнғоқни чиқариб ўртага ташлабдур. Раққослар қиличларини ташлаб, ёнғоққа ёпишибдурлар, бир-бирлари била уришиб, устиларидаги кийимларини пора қилибдурлар.

*  *  *

"Кеча мен Муборизбек эвида меҳмон бўлғон эрдим. Фарангистондин келган савдогарлар анга сандиқ шаклидаги бир соат савғо қилибдурлар. Илгари араблар бундин яхшироқ соатлар ясар эканлар, кейин бул ҳунарни хотирдин чиқорғонлар. Илму ҳунар қўйдек адашиб, фаранглар қўлига ўтиб кетибдур, эмди йўқолғон қўйни қайтариб олмоқ лозим".

*  *  *

Истеъдод эгаларига ёрдам - серунум ерга дон сочмоқ билан баробар. Аммо сизга бир сўз айтай. Истеъдод ниҳолининг кушандалари, ҳасадгўйлари кўп бўлар. Эҳтиёт бўлинг.

*  *  *

Кишининг бошига ғам тушмасин, тушса, кетма-кет бир-бирини эргаштириб келаверади.

*  *  *

Бировки, насиҳат билан тузалмаса, ҳаёт унга изо бериб, кўзини очиб қўяди.

*  *  *

"Бир ҳафта бурун соппа-соғдек эдилар, - деб яна хаёл суриб кетди Соҳиб Доро. - Астрободдин келаётғон Ҳусайн мирзани кутиб олмоқ учун йўлга чиққанимизда, димоғлари чоғ эди, Париён работида тунаб, эрта билан сайрга чиқдилар, аммо работ девориға битилган шеърларни ўқиб маъюс бўлдилар". У девордаги шеърни ёдлаб олмаганига пушаймон ер эди. Ўша шеърда агар қазо етса, ҳакимлар ожиз, Ибн Сино қонунлари кучини йўқотади, дейилган эди. Дарҳақиқат, Ҳиротнинг машҳур табиблари ҳам Навоийнинг дардига даво тополмаяптилар. Дори-дармон ҳам, қон олиш ҳам кор қилмади.

Ҳарольд Ламб "Бобур - йўлбарс"

Саройд Хожа Мавлонойи қози бир неча обрўли амир ва беклар билан ҳозирги ҳолатда ўзи мустақил қарор қабул қила олмайдиган гўдак шаҳзода нима қилиши мумкинлиги ҳақида баҳслашиб турган экан. Худди шу онда ҳинд тарихчиларидан бирининг таъбири билан айтганда, Бобур Мирзонинг ҳолати "...худди сувдан чиққан балиқ ҳолатига ўхшар эди".

*  *  *

Ҳарбий ҳаракатлар давомида зарур тактикани танлашга Бобур Мирзонинг тажрибаси ҳали етарли бўлмаса-да, унинг ички туйғуси жуда сезгир эди.

*  *  *

Бир неча йил илгари Узоқ шарқ томонларга Рим папасининг фатвоси билан Ҳиндистоннинг Малабар қирғоқларидаги Каликут оролини ўзлаштириш ва сўнгра Португалия қироли ихтиёрига ҳадя этиш ниятида узоқ муддатли сафарга кетган машҳур денгизчи Васко да Гама ўз кемасида эсон-омон қайтиб келган пайт эди.

Григориан календари бўйича 1500 йилда Васко да Гаманинг ватандоши Педро Алварес Кабрал ўндан ортиқ яхшилаб жиҳозланган кемалар ва денгиз ҳаётида чиниққан энг яхши денгизчилар билан ўз қироли учун янги савдо йўлини очиш ва Португалиянинг Ҳиндистондаги мустамлакаси ҳудудини кенгайтириш мақсадида сафарга отланаётганди.

Бу воқеалар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Шимолий Ҳиндистонни забт этишидан йигирма олти йил аввал бўлиб ўтганди.

*  *  *

Шайбоний тўлғама ёрдамида Бобур Мирзонинг аскарларини ўраб олиб, улар учун қочиб чиқадиган битта йўл қолдирди ва қуршовдан чиққанларни бирма-бир қириб ташлади. Олдинги сафларда анча узоқлашиб кетган Қосимбек бошлиқ жангчилар ортда қолганлар қай аҳволда эканидан хабар топгунларича, отлиқлар жанги якунига етган ва самарқандлик навкарлар ҳолдан тойган ҳолда дарё қирғоқлари бўйлаб қочиш йўлларини қидиришарди.

...Бобур мирзо бой берилган жанг тафсилотлари ҳақида ўз хулосаларини баён қилади: "Кимда-ким бу тарзда шошилиб иш кўрса, аттанг бармоғини тишлаб қолади".

*  *  *

Бу ердан кўчиб янги ер сари боришаркан, улар жуда кўп жойларни босиб ўтишди. Лекин унинг борадиган жойи дарё бўйида, Самарқанддаги сингари боғу роғларни бунёд қилса бўладиган жойда бўлиши керак.

Йигирма беш йиллик саргузаштлардан сўнг Бобур ўзи хоҳлаган Фарғонада эмас, балки содиқ ҳамроҳлари оиласига муқим бошпана бўладиган, ўзи эса эркин ҳукм юрита оладиган жойни топди ва у ерда янги шаҳар бунёд қила бошлади.

Шуниси қизиқки, у ўз мулки бўлмиш Фарғона давлатини тарк этиб, дарбадарликка юз тутиши унинг тақдирида омад кулиб боқадиган ёрқин бурилиш бўлди. Бобур табиатан саргузаштталаб йигит эди.

*  *  *

Қирқ етти ёшида ҳаёт билан видолашган Бобур умрининг ўттиз олти йилини тахтда ўтказди. Йигирма йил давомида уриниб қўлга киритган Самарқанд тахтини бой берганидан кейин, у Ҳиндистонда улкан салтанат яратди. Бу салтанатнинг маҳобатини, афсуски, ўзи кўра олмади. Айниқса, 1556 йилда ёш шаҳзода Акбар Мирзонинг тахтга чиқиши билан Ҳиндистон Бобур очиб берган йўлдан бориб ривожланди. Бу бошқарув усули ўз вақтидан анча илгарилаб кетган усулда амалга оширилган эди. Шу боис ҳам "Буюк Бобурийлар салтанати" афсонавий гўзаллик, фаровонлик ва маҳобатни ўзида мужассам этган мавқега кўтарилди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!