Меню
Қашқадарё
ДАВЛАТНИ ДАВЛАТ, МИЛЛАТНИ МИЛЛАТ СИФАТИДА ДУНЁГА ТАНИТАДИГАН ҚОМУС
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўзбек миллий давлатчилигининг ҳуқуқий асоси сифатида бир қатор хусусиятларга эга.
Биринчидан, Конституция истиқлолга эришган янги мустақил давлатнинг асосий қонун ҳужжатидир. У ўзининг туб моҳияти, фалсафаси, мафкураси, ғоясига кўра янги ҳуқуқий ҳужжат. Унда коммунистик мафкура, синфийлик, бир партиянинг ҳукмронлиги каби иллатлар йўқ, жамики неъматлар орасида энг улуғи ва муқаддаси - инсон деган ғоя мустаҳкамланган. Шу асосда фуқаро - жамият - давлат ўртасидаги муносабатларнинг оқилона ҳуқуқий ечими берилган.
Иккинчидан, Конституцияда фуқаролар манфаатининг устунлиги қонуний равишда мустаҳкамланган ва кафолатланган. Инсон, унинг ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас бўлиб, давлат ҳимоясидадир. Конституциянинг 2-моддасида "Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар", дейилган.
Учинчидан, Ўзбекистон фуқаролари, ўзларининг насл-насаби, ирқи, миллати, диний эътиқод ва бошқа хусусиятларидан қатъи назар тенг ҳуқуқларга эга. Конституция Ўзбекистон фуқароси деб ҳисобланган барча шахслар, уларнинг миллати, элати, тили, урф-одати ва миллий анъаналаридан қатъи назар ҳурмат қилинишини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди.
Тўртинчидан, фуқаролар билан давлат ўзаро ҳуқуқлар ва бурчлар орқали узвий боғлиқдир. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари дахлсиз бўлиб, ҳеч ким суднинг қарорисиз улардан маҳрум этилиши ёки чекланиши мумкин эмас. Айни вақтда фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишлари бошқа фуқароларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатларига зид бўлмаслиги лозим.
Бешинчидан, Бош қомусимизда қонун устуворлиги тамойили мустаҳкамланган. Бу бир томондан, барча жорий қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция асосида ва унга мувофиқ бўлишини, иккинчи томондан эса, қонун олдида ҳамманинг баробарлигини англатади. Бирор бир фуқаро давлат идораси, жамоат бирлашмаси, мансабдор шахс қонунга бўйсуниш мажбуриятидан холи бўлиши мумкин эмас.
Олтинчидан, Конституцияда ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган бозор иқтисодиётида мулкчиликнинг хилма-хил шакллари тенглиги таъминланган ҳолда хусусий мулкнинг ҳимоя қилиниши мустаҳкамланган. Бундан кўзланган мақсад шуки, иқтисодий фаолият эркинлигини бериш, ишбилармонлик ташаббуси ва эркин бозор муносабатларига кенг йўл очишдир.
Еттинчидан, Конституцияга мувофиқ, давлат сиёсий партияларнинг, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий манфаатларини муҳофаза этади, уларга сиёсий ва ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий шароитлар яратиб беради, кўппартиявийлик ва фикрлар турли-туманлигининг қонуний асосларини яратади.
Саккизинчидан, ҳурфикрлилик, виждон ва диний эътиқоднинг ҳуқуқий мезонлари берилган. Ҳар бир инсон ўз эътиқодига ва динига амал қилиш ёки бирор бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний ташкилотлар давлатдан ажратилган ҳолда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди.
Тўққизинчидан, Конституцияда давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ва фаолият тартиби ваколатларининг тақсимланиши принципига асосланган ҳолда амалга оширилиши мустаҳкамланган. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти - давлатнинг учта асосий таянчидир.
Умуман олганда, Конституция - давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган қомус сифатида халқимизнинг иродасини, руҳияти, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Бугун ҳаётнинг ўзи, мамлакатимиз эришаётган юксак марралар Асосий қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган, халқимизнинг орзу-умидлари, бугунги ва келажак манфаатларига жавоб берадиган қоида ва принциплар нақадар тўғри эканини исботлаб бермоқда.
Суҳроб РАЖАБОВ, Қарши шаҳар прокуратураси катта терговчиси