Меню

Қашқадарё

04.11.2017 1801

ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ЎРТАСИДАГИ МУЛОҚОТ РИВОЖИДА ОМБУДСМАН ҚАНДАЙ ЎРИН ТУТАДИ?

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев тадбирни кириш сўзи билан очаркан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар мазмун-моҳиятига тўхталди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори катта маслаҳатчиси Юрген Бекер ЕХҲТ фаолиятининг асосий йўналишлари ва мамлакатимиздаги лойиҳалари бўйича маълумотлар берди. Хусусан, ЕХҲТ Шимолий Америка, Европа ва Осиёнинг 57 та қатнашчи давлатини бирлаштирган бўлиб, хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот саналади. Бир миллиарддан зиёд аҳолидан иборат маконда умумий хавфсизликка таъсир кўрсатувчи қатор масалалар, қуролланиш устидан назорат ўрнатиш, терроризм, самарали бошқарув, энергия хавфсизлиги, одам савдоси, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳамда озчиликни ташкил этувчи гуруҳларнинг ҳуқуқлари таъминлаб келинмоқда. Ташкилотнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари эса давлат муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, бизнес тузилмалар ва ўқув даргоҳлари билан биргаликда амалга оширилаётир.

Тадбирда кун тартибидаги масалалар юзасидан "Омбудсман тўғрисидаги қонунчиликни ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш", "Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги қонунчилик ва давлат  дастурлари ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ролини кучайтириш", "Молдова республикаси омбудсманининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги тажрибаси" мавзуларида маърузалар тингланди.

Қайд этилганидек, эндиликда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига Конституциявий судга таклифлар киритиш, суд мажлисларида иштирок этиш ва ушбу мажлислар чоғида кўрилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш ҳуқуқи берилди. Омбудсманнинг қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, очиқликни таъминлаш, Конституциявий суд ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлиги, жисмоний ва юридик шахслардан, жумладан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, ушлаб турилган ва қамоққа олинган шахслардан келиб тушган аризаларни кўриб чиқишдаги ўрни инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Семинарда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августда имзоланган "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида назарда тутилган давлат ва жамоат ташкилотларининг самарали ҳамкорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, кам таъминланган оилалар ва қарияларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оила  институтини мустаҳкамлаш, аёллар ва ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган мақсадли ишлар бўйича таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

Айни пайтда семинар Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш юзасидан билдирилган таклифлар билан янада аҳамиятли бўлди.

Тадбир Омбудсманнинг вилоят жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ОАВ ҳамда аҳоли билан юзма-юз мулоқоти билан давом этди. Мазкур мулоқотлар таҳлили асосида муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!