Меню

Қашқадарё

15.02.2019 1894

ДАВЛАТ ВА ДИН МУНОСАБАТЛАРИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Демократик дунёвий тараққиёт йўлини танлаган мамлакатимизда динга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Собиқ совет тизимининг атеистик ҳужумкорлик сиёсатига барҳам берилди, виждон эркинлиги қонун орқали кафолатланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси  Конституциясининг 61-моддасида таъкидланганидек, диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди.

Диннинг давлат ишларидан ажратилганлиги тамойили давлат диний ташкилотларнинг ички фаолиятига аралашмаслигини англатади. Бироқ бу диний ташкилотларнинг фаолиятига қонуннинг дахли йўқ дегани эмас. Диний ташкилотларнинг аъзолари айни пайтда ўз давлатининг  фуқаролари ҳам ҳисобланади ва улар Конституциямизнинг 48-моддасига кўра, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.    

Диний ташкилотларнинг давлатдан ажратилгани диннинг жамиятдан ажратилганини англатмайди. Маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва халқимизнинг ҳақиқий маънавий сурати ва сийратини белгиловчи фазилатларни ўзида мужассамлаштирган меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам, кексаларга ҳурмат, шарқона одоб-ахлоқ, шарму ҳаё каби энг олий инсоний туйғуларнинг туб моҳиятини англаш ва кўз қорачиғидек эъзозлашда айнан диний ташкилотлар ва дин арбобларининг роли ва ўрни беқиёсдир.

Аслиддин НОМОЗОВ,

вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходими

 

ГЛОБАЛ МУАММОГА ГЛОБАЛ ДАРАЖАДА ЕЧИМ

Бугуннинг энг долзарб муаммоларидан бири шубҳасиз Орол денгизининг қуриб боришидир.

Тупроқ шўрланиши ва саҳроланиш жараёни, сув ресурслари ифлосланаётгани, тоза ичимлик суви тақчиллигининг ошиб бориши ҳеч бир кишини бефарқ қолдирмайди. Охирги 50 йил мобайнида Амударё ва Сирдарёнинг Орол денгизига қуйиладиган сув миқдори беш карра қисқарган, денгиз ҳажми эса 14 маротаба кичрайди. Денгиздаги шўрланиш даражаси 25 карра ошди ва жаҳон океанларининг минераллашув даражасидан анчагина ошиб кетди. Айниқса, атмосфера ҳавоси қумли ва тузли бўронлар оқибатида ифлосланиб, биологик хилма-хиллик кескин камайиб бормоқда. Энг аянчлиси, Орол денгизининг қуриши баробарида табиий иқлим ўзгариб, минтақада жиддий ижтимоий-экологик вазият юзага келаётир. Табиийки, бу жараён аҳоли саломатлигига, хусусан, аёллар ва болалар соғлиғига таъсир қилиб, аҳоли орасида турли касалликларни келтириб чиқармоқда. Минтақада генофонднинг салбий ўзгариш тенденцияси кузатилмоқда.

Мутахассисларнинг башорат қилишича, 2035-2050 йилларга бориб минтақадаги ҳаво ҳарорати ҳозирги кўрсаткичларга нисбатан яна 1,5-3 даражага ўсиши мумкин. Бу   билан боғлиқ экологик вазиятни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари томонидан халқаро ташкилотлар кўмагида бир қатор мақсадли лойиҳа ва дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Мисол учун, ўтган 2018 йилнинг 27 ноябрь куни БМТ қароргоҳида  Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди тузилди.

Таъкидланишича, ҳудудда иш жойлари ташкил этиш, табиат ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ижтимоий хизматларни яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилади.

Носир ҲАЛИМОВ

ҚИШЛОҚ НЕГА КАПРИН ДЕБ АТАЛДИ?

Ғузор туманида Каприн қишлоғи бор. Маҳаллий халқ орасида бу қишлоқ номи билан боғлиқ турлича талқинлар мавжуд. Биттаси бўйича Каприн деганда кафтдек текис жой назарда тутилса, яна биттасига кўра, бу сўз "кофирун", яъни кофирлар яшаган маскан маъносини билдиради.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида эса "капа" сўзи форс-тожикча "усти шох-шаббалар билан ёпилган омонат уй, чайла" маъносида келади. Бошқа илмий манбаларда эса "каприн" сўзи тожикча "Қоҳ-сарой, қаср, кўшк, иморат", "пир"-"қари, кекса" маъноларида тушунилади. Топонимияда "ин" аффикси хослик, мавжудлик маъносини билдирар экан. Бу борада олиб борилган изланишлар натижасида "рун" сўзининг араб тилида "майдон, кенг сатҳ, ҳудуд" сифатида қўлланганига ҳам дуч келдим.  

Шунингдек, Тўра Нафасовнинг "Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати"да "қоҳипирин" - "каприн" кўҳна сарой, қадимги қўрғон, оқтепа маъноларини бериши ҳақида ёзилган. Бу сўзнинг одамлар яшайдиган манзил билан боғланганидан англаш мумкинки, каприн дастлаб аҳолининг капа уйларда яшагани, "капа-рун", яъни капа уйлар жойлашган майдон, ҳудудни билдирган ва вақт ўтиши билан каприн кўринишида ишлатилган бўлиши мумкин.

Рафаэл САЙДУЛЛАЕВ, Ғузор тумани

ОТАНИНГ ОИЛАДА ЎРНИ ЙЎҚОЛГАНМИ?

Қадимдан халқимиз отани эъзозлаш, унга ҳурмат кўрсатиш, ҳаттоки у ўтирган том устига чиқмасликни уқтиради.

Ота-оналар фарзандлари учун мисоли ойна. Ўз ота-онасига қандай муносабатда бўлишса, ўз хатти-ҳаракатлари билан болаларига ибрат бўлишади. Шунинг учун бўлса керак, бирор хонадонга совчиликка бормоқчи бўлсак, аввал "Онасини кўриб, қизини ол" нақлига амал қиламиз. Агар оилада ота бош бўлса, бу ерда эркак кишига, катталарга ҳурмат юқори бўлади. Аксинча бўлса, бундай оилада ўсган қизлар ҳам шунга монанд тарбия олишади.

Бугунги кунда айрим оилаларда отанинг ўрни йўқолиб бораётгани ва бунинг оқибатида ҳатто айрим оилалар бузилиб кетаётгани бор ҳақиқат. Баъзи ёш оилаларда бирор келишмовчилик чиқса, бу муаммони қўни-қўшни ёки қариндошлар ечишга бел боғлашади. Оиланинг раҳбари бўлмиш ота эса чеккада томошабин, ёки бўлмаса, қайнонанинг чизиғидан чиқмасдан, келинини ёмонлашдан у ёққа ўтмайди. Бунинг натижасида эса ёш оилалар ажралиб кетишаяпти. Бироқ оила бошлиғи юзага келган муаммони оиланинг ўзида адолатли ҳал қилиб, кўчага чиқармаса, унинг ишига ким аралашарди? Оила деб аталмиш муқаддас қўрғонни сақлаб қолиш кўпни кўрган, ҳаётнинг баланду пастини яхши биладиган оталар вазифаси эмасми?

Ота-она фарзандига бера оладиган энг яхши туҳфа бу гўзал одоб-ахлоқдир. Шундай экан, ҳар бир отанинг шарафли вазифаси ўз фарзандига ибрат кўрсатиб, уни келгусида оиласининг шаънини ҳимоя қила оладиган, элига, юртига манфаати тегадиган инсон қилиб тарбиялашдан иборат.

Асқар АКБАРОВ, Тошкент шаҳри

ПСИХОЛОГНИНГ ВАЗИФАСИ НИМАДАН ИБОРАТ?

Психология - руҳият ҳақидаги фан. Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида унга бошқа фанлар қатори эътибор қаратилди, турли соҳаларда уни ўрганишга эҳтиёж ортди. Умумтаълим мактабларида амалиётчи психологлар фаолияти такомиллаштирилди.

Мактабда соғлом муҳитни шакллантириш,  ўқувчиларнинг вақтини унумли ўтказиши учун қайғуриш - амалиётчи психологларнинг вазифаси. Ўқувчиларнинг келажакда руҳан соғлом, жисмонан бақувват, ота-онага, Ватанига муҳаббат руҳида тарбия олиши, оила, мактаб, маҳалла ва жамиятнинг бошқа аъзолари билан ўзаро ҳурмат муносабатларида бўлиши, ҳар томонлама комил инсон бўлиб вояга етишида ҳам уларнинг ҳиссаси бор. Ўқувчилар билан тез-тез ўтказиладиган мулоқотларда миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз ва улар қолдирган бой маънавий мерос ҳақида тушунча бериш орқали ўғил-қизларимизнинг соғлом фикрларини шакллантиришга эришиш мумкин. Масъулиятли касб эгаларининг нафақат ўқитувчию ўқувчилар билан ишлаши, балки ота-оналар билан ҳам мунтазам алоқада бўлиши таълим-тарбия самарадорлигини оширибгина қолмай, авлодларимизнинг ватанпарвар бўлиб улғайишларини таъминлайди.   

А.САФАРОВ,

Чироқчи туманидаги 121-мактаб амалиётчи психологи

FАРБ ОДАТЛАРИНИНГ АЁЛЛАР ОНГИГА ТАЪСИРИ

Аллоҳ таоло аёл зотини ардоқли, оила чироғи ва посбони, фарзандлар мураббияси қилиб яратган.

Маълумки, Қуръони карим ва Суннатда аёлга тааллуқли ҳуқуқлар белгилаб берилган. Ҳатто сураларнинг бири Нисо (Аёллар), яна бири Талоқ сураси деб номланади ва уларда аёлларга оид илоҳий ҳукмлар баён қилинади.

Қуръони каримда: "Улар сизлар учун либос, Сизлар улар учун либосдирсизлар" (Бақара сураси 187-оят) дея келтирилади.

Ҳозирги пайтда Ғарб олами турли шиор ва бузуқ мафкуралар ёрдамида Шарқ аёллари иффати, оиласига бўлган қарашларини ўзгартиришга уринмоқда. Асрлар бўйи вафодорликда тенгсиз, иффат ва ҳаё тимсоли бўлиб келган ўзбек аёлларини эрига бўйсунмасликка, фарзанд тарбияси, оила билан ўралашиб қолмасликка даъват этмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, баъзи қиз ва аёлларимиз сўкиниши, ҳақоратли сўзларни гапириши, беҳаёларча кийиниши, тамаки чекиши, спиртли ичимликлар ичиши, бегона эркаклар билан базм қилиши каби ҳолатлар учрамоқда.

Табиийки, бу каби аянчли ҳолатлар бизни бефарқлик ва лоқайдликка берилмасликка, аксинча оилалар тинчлиги, жамият фаровонлиги учун бирдек ҳаракат қилишга ундайди.

   А.ТОЖИДДИНОВ,

Косон туман Ҳазрати Қусам ота диний ташкилоти раҳбари   

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!