Меню

Қашқадарё

28.12.2022 12236

Давлат пенсияларини тайинлаш жараёни соддалаштирилади

Қонунчиликдаги ўзгаришлар: 2023 ЙИЛ 1 ЯНВАРДАН АМАЛДА

Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилади.

Бу ҳақда давлат раҳбарининг “2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, Президентнинг “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:

давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда - ЯММТ ИДАК)га киритиш хизмати жорий этилади;

давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади;

давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!