Меню
Қашқадарё
ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИ ТОПШИРИЛДИ
Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев мукофотларни қабул қилиб олиш учун ҳозир бўлган воҳадошларимизни халқимиз ва давлатимиз раҳбариятининг юксак эътирофига сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этаркан, юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати юксак қадрланиши, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан тараққиёти, соғлом авлод тарбияси, юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизнинг меҳнати ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслигини алоҳида таъкидлади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, мамлакат Қуролли Кучларининг жанговар тайёргарлигини оширишдаги хизматлари, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун мукофотланганлар орасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Яккабоғ тумани бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган марҳум Жўраев Баҳром Абдисатторович номи ҳам бор. Унга “Жасорат” медали берилган.
“Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонга мувофиқ эса Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимиз маданияти ва маънавиятини юксалтириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси, ёрқин истеъдоди ва серқирра ижоди, илмий фаолияти, самарали хизматлари, ёш авлодни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун вилоят мусиқали драма театри вокал артисти Рузиева Анор Райимовнага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони берилди.
Халқимизнинг илмий-интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини юксалтириш, таълим, маданият, адабиёт, санъат, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришдаги хизматлари, Ватанимиз мустақиллигини, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ишига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда жамоатчилик ишларидаги кўп йиллик самарали иштироки учун Шаҳрисабз шаҳридаги “Бахтли болалик” намунали болалар мақомчилар ансамблининг бадиий раҳбари Баймурадов Элмурод Дилмуродович “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан, Китоб туманидаги “Китоб гуллари” ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари Курбонов Хасан Исматович “Дўстлик” ордени билан тақдирландилар.
Мамлакатимизда ижтимоий ва маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки, самарали меҳнати, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун Қарши шаҳридаги “Мурувват” ногирон болалар интернат уйи энагаси Каттаева Фотима Болтаевна “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.
“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонга кўра, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, сўнгги йилларда юртимизда барча соҳаларда қўлга киритилаётган улкан ютуқларга қўшган муносиб ҳиссаси, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш соҳа ва тармоқларини замон талаблари асосида такомиллаштириш, илғор инновацион технологияларни жорий этиш борасидаги кўп йиллик самарали ва фидокорона меҳнати, жамиятимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун “Нуроний” жамғармасининг Нишон тумани бўлинмаси раиси Хужакул Махсимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Абдухалим Холмахматов “Дўстлик” ордени билан мукофотланган бўлса, Қарши шаҳрилик ҳунарманд-тикувчи Бойматова Гавҳар Шермаматовнага “Жасорат” медали, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ғузор тумани Кенгаши раиси Базаров Фарид Ураловичга “Келажак бунёдкори” медали берилди. 100 ёшдан ошганлар рўйхатида “Шуҳрат” медали билан Қарши туманилик Муртоза Мустафокулов тақдирланган.
Шунингдек, Президент фармони билан “Муборак газни қайта ишлаш заводи” масъулияти чекланган жамияти цех технологик қурилма оператори Жалилов Абдушукур Юлдашевич, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Махматмуминов Сайфулла Набиевич, Қарши шаҳридаги “Дармон фарм” хусусий корхонаси раҳбари Нормуродов Анзур Авлоярович, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Китоб тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Рахмонов Джаббар Саттарович, Шаҳрисабз тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси автогрейдерчиси Эшонкулов Жовли Сувонович “Шуҳрат” медали билан тақдирландилар.
- Мукофот масъулият юклайди, - дейди “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Элмурод Баймуродов. – Бу борадаги дастлабки вазифа индинга бошланадиган Халқаро мақом санъати анжумани билан боғлиқ. Ушбу тарихий тадбир юқори савияда ўтса, муносиб иштирок этсак, биз тарбиялаётган ёш мақомчилар кун келиб халқаро миқёсда эътироф қозонса, юксак мукофотга лойиқлигимизни исботлаган бўламиз.
Тантанали тадбир доирасида, шунингдек, мукофотланганларнинг асосий қисми “Афросиёб” поезди билан фахрий меҳмонлар қаторида Шаҳрисабзга йўл олишди, Қарши-Китоб темир йўл участкасида амалга оширилган ишлар билан танишишди.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратларда: мукофотланганлардан бир гуруҳи.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.