Меню

Қашқадарё

05.03.2021 1526

Давлат хизматлари марказлари – Халқ хизматида

Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизими тубдан ислоҳ қилиниб, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) марказлари ташкил этилганига уч йилдан ошди.

 Хўш, ушбу давр мобайнида Давлат хизматлари агентлиги  Қашқадарё вилоят бошқармаси тизимидаги туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари қандай фаолият кўрсатди? Ана шу ҳақда мулоҳаза юритамиз.

 Таъкидлаш жоиз, ўтган давр мобайнида тизим орқали 1 миллион 200 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилди. 28 мингдан ортиқ юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳамда 59 мингдан ортиқ якка тадбирдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

 Кўрсатилган хизматлар таҳлил қилинганда, СТИРни аниқлаш бўйича 230 мингдан фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш бўйича 150 мингдан, болаларни мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш бўйича 90 мингдан, судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисида маълумотнома олиш бўйича 85 мингдан, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 50 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган.

 Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармонида кўрсатилган масала юзасидан 67 мингдан ортиқ аризалар қабул қилиниб, 40 мингга яқини ижобий ҳал этилди.

 Маълумки, туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан сайёр фаолият ҳам йўлга қўйилган. Жумладан, марказлар ходимлари махсус жиҳозланган транспорт воситаси билан бориш қийин бўлган чекка ва тоғли ҳудудда яшовчи аҳоли учун жойларга чиққан ҳолда зарур хизматларни тақдим этишади. Шу кунгача сайёр усулда вилоят бўйича 38 мингга яқин хизматлар кўрсатилди.

 Туман марказидан узоқда (100–150 км) жойлашган ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Масалан, Қарши шаҳрида 6 та, Нишон туманида 2 та, Миришкор туманида 2 та, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз, Муборак, Яккабоғ, Ғузор, Чироқчи ва Деҳқонобод туманларида 1 тадан филиаллар иш бошлаган.

 Хабарингиз бор, “Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти”га асосан жорий йил 1 февралдан фарзанд туғилганини расмийлаштириш учун ФҲДЁ органларида композит (бирлаштирилган) хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Яъни туғилишни қайд этиш, болани поликлиникада рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш хизматлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бу билан 15 дан ортиқ ҳужжат юритиш амалиёти қисқариб, 4 та идорага боришга ҳожат қолмади. Ушбу хизматни кўрсатиш бошланганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса-да, бугунги кунга қадар вилоят миқёсида 6 мингга яқин фуқаро ушбу қулайликдан фойдаланишга улгурди.

 Ўткир РАСУЛОВ,

 Давлат хизматлари Агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!