Меню

Қашқадарё

28.07.2022 5075

Давлат грантлари танловларида Қашқадарёдан 4 та ташкилот  ғолиб деб топилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан давлат гранти ажратиш учун жорий йилда ўтказилган биринчи ва иккинчи танловларнинг натижалари эълон қилинди.

Уларга кўра, биринчи – “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарор бўлмаган маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” мавзуидаги танловда республика бўйича 43 та ташкилот ғолиб чиқиб, уларга умумий ҳисобда 3,5 миллиард сўм миқдорида давлат грантлари ажратиладиган бўлди. Жумладан, вилоятимиздан Чироқчи туманидаги “Чоштепа” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Маҳаллада ижтимоий муҳофазага муҳтож хотин-қизларнинг бандлигини ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга кўмаклашиш” лойиҳаси 90 миллион сўм, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Китоб тумани ҳудудий бўлимининг “Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни бепул касб-ҳунарга йўналтириш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” лойиҳаси эса 80 миллион сўм миқдоридаги давлат грантларига лойиқ топилди.

Иккинчи – “Аҳолига ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини етказиш, уларнинг онги, маънавий-маърифий дунёқарашини ўзгартириш” мавзуидаги танлов натижаларига кўра, 31 та ташкилот жами 2 миллиард сўмлик давлат грантларига сазовор бўлди. Улар орасида Қашқадарёдан www.iqtidor.uz сайти таҳририяти (“Конституциямиз – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати” лойиҳаси) ва Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими (“Муаммоли маҳаллаларга - маънавий ҳимоя” лойиҳаси) ҳам бор. Қашқадарёлик ғолиб ташкилотларнинг ҳар бири 60 миллион сўм миқдоридаги давлат грантини қўлга киритди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!