Меню
Қашқадарё
ДАСТУРХОН ТЎКИНЛИГИ – ФАРОВОНЛИК ИФОДАСИ
Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “Насаф имкон орзу” масъулияти чекланган жамияти қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бугунги кунда корхона цехида қарийб 20 турдаги ширинликлар тайёрланмоқда.
- Байрам муносабати билан мижозлардан тушадиган буюртмалар сони ортади, - дейди корхона мулкдори Жаббор Ражабов. – Кўпроқ торт, пишириқларга буюртма қилишади. Уларни бажаришга имконимиз ҳар томонлама етади. Боиси, ўтган йили корхонамизда ишлаб чиқариш қувватини янгиладик. Тижорат банкининг 100 миллион сўм миқдоридаги кредити ва ўз маблағимиз ҳисобидан Эрондан замонавий пишириш печларини сотиб олиб келтирдик. Ҳозирги пайтда кунига ўртача 500 килограммгача маҳсулот тайёрлаяпмиз. Қандолатдан ташқари патир, қолипли оқ ва қора нон ишлаб чиқараяпмиз. Яқинда бир янгиликка қўл урдик. Аҳолига қулай бўлиши учун дўкон ташкил қилдик. Натижада қўшимча 6 та иш ўрни яратдик. Айни вақтда корхонамизда 20 нафарга яқин коллеж битирувчиси меҳнат қилаяпти.
Дарҳақиқат, тадбиркорларнинг кўпайиши турдош корхоналар ўртасида рақобат кучайиши, пировардида маҳсулотнинг сифат кўрсаткичлари тубдан яхшиланишига, нархлар мақбуллашига сабаб бўлади. Қолаверса, бозорлар тўкинлиги таъминланади. Бундан эса фақат истеъмолчи ютади, унинг танлаш имконияти кенгаяди. Мисол учун, бир вақтлар товуқ гўшти мол гўшти баҳосида ёки ундан қиммат сотилган. Эндиликда вилоятимизда паррандачилик билан шуғулланувчи янги тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлмоқда ва шунга монанд таклиф ҳам тобора ортаяпти. Биргина Яккабоғ туманидаги “Оқтош келажаги” агрофирмаси истеъмол бозорига ҳар ойда 5 тоннадан зиёд пар-ҳез маҳсулот – товуқ гўшти етказиб бериш имконига эга. Янги йил байрами арафасида эса товуқ гўшти харидоргир маҳсулотлардан бирига айланиши барчага маълум.
- Жорий йилнинг тўққиз ойида 54 тонна маҳсулотни реализация қилдик, - дейди корхона раҳбари Холмирза Турумов. – Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан салмоқли ўсишдир. Ҳозир фабрикамизда 30 минг бош бройлер зотли товуқ боқаяпмиз. Улар тез етилади. 1,5-2 килограмм вазн тўплаган товуқлар гўштини Тошкент шаҳри, Андижон ва қўшни вилоятлардан келиб олиб кетишаяпти. Маҳсулотни маҳаллий бозорларга ҳам чиқараяпмиз.
Байрамдан бир неча кун олдин кўпчилик бозор-ўчар қилишга шошилади. Ҳамма ҳам сифатли, айни пайтда, арзон маҳсулот олишни истайди. Аҳамиятлиси, бугун юртимиз бозорларида йилнинг исталган вақтида исталган маҳсулотни топиш мумкин. Деярли барча ноз-неъматлар она заминизда пишиб етилган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган. Айниқса, омилкор деҳқонлар ушбу мўл-кўллик ва серобликка муносиб ҳисса қўшишмоқда.
- Маълумки, юртимизда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш кўламини оширишга устувор аҳамият қаратилмоқда, - дейди Чироқчи туманидаги “Норқобилов Қурбонбобо” фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Қурбонов. – Шунга мувофиқ хўжалигимизда пахта ва ғалла етиштиришдан ташқари сабзавотчилик ва боғдорчилик тармоқларини ҳам жадал ривожлантиришга эришаяпмиз. Ихтиёримизда 8 гектар токзоримиз бор. Асосий экиндан бўшаган майдонда карам, қовоқ, сабзи ва шолғом етиштирамиз. Ушбу соҳада ҳам ижобий натижага эришаяпмиз.
Фермернинг сўзларига кўра, бевосита ишлаб чиқарувчидан харид қилиш имконияти одамларга жуда маъқул бўлмоқда. Бу эса қиш-баҳор мавсумида ҳам нархлар барқарорлигини таъминлашга шароит ҳозирлаши билан муҳимдир.
Ҳеч шубҳасиз, байрам дастурхонини мева-чева, хусусан, цитрус меваларсиз тасаввур этиш қийин. Чунки дармондорига бой ушбу маҳсулотлар кўпчилик томонидан севиб истеъмол қилинади. Бугун цитрус меваларнинг аксарият турларини ўзимизда ҳам етиштириш мумкинлиги янгилик эмас. Фақат бунинг учун озгина қунт ва иштиёқ бўлса кифоя. Китоб туманилик Муродилла Сафаров бу соҳада катта тажриба орттирган кишилардан. Уста деҳқоннинг 2 сотихлик иссиқхонасида бир неча туп апельсин ва мандарин парваришланмоқда.
- Кўчатлар анча катта бўлиб қолган, шу йил улардан 500 килограммгача ҳосил олдик, - дейди Муродилла Сафаров. – Одатда 5-6 йиллик бир туп апельсин ва мандарин дарахти 50-70 килограммгача ҳосил тугади. Уларни лимонга пайванд қилгандик, натижада кўчатларнинг тупроқ-иқлим шароитимизга мослашувчанлиги ошди. Меваси иссиқ ўлкаларда ўсганидан сираям қолишмайди, балки анча ширин экани диққатга лойиқдир. Яқинда мандариннинг яна бир тури – уруғсиз навини ҳам етиштиришни йўлга қўйдик.
Ростдан ҳам, янги йил яхши байрам, негаки, уни барча юртдошларимиз интиқиб кутади, яқинлари қуршовида хурсандчилик билан нишонлайди. Чиройли безатилган дастурхон эса байрам янада тотли ўтишига хизмат қилади. Фақат бунда исрофга йўл қўйилмаса бўлгани. Байрам дастурхонидан маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган ноз-неъматларнинг жой олаётгани, умуман, бундай шодиёна кунларни тинч-хотиржамликда нишонлаётганимиз мамлакатимиз иқтисодиёти жадал равнақ топаётгани, аҳоли турмуш фаровонлиги янада ортаётгани, юртда ободлик ҳукм сураётганидан дарак беради.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ