Меню

Қашқадарё

18.12.2020 1721

ДАСТЛАБ МАДРАСА 100 МИНГ ДОЛЛАРГА РЕСТАВРАЦИЯ ҚИЛИНИШИ АЙТИЛДИ. КЕЙИН ҲУНАРМАНДЛАР УЙИГА АЙЛАНТИРИЛАДИГАН БЎЛДИ. АММО ҲЕЧ БИРИ БАЖАРИЛМАДИ. НЕГА?

Қарор ва ижро

Тарихи билан ҳаддан ортиқ даражада ғурурланиши  ва айни пайтда унга ўта бефарқлик борасида биздан ўтадигани дунёда кам бўлса керак.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябрдаги "2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори асосида кўплаб ёдгорликлар қаторида Ғузордаги Авғонбоғ мадрасасини ҳам реставрация қилиш режалаштирилган, вилоятда айни йўналишдаги ишлар учун турли манбалардан жами 101 миллион АҚШ доллари миқдорида, биргина Авғонбоғ мадрасасига эса 100 минг доллар эквивалентида маблағ  сарфлаш кўзда тутилган, 2014 йил октябргача муддат белгиланган эди.

Мана, ўшандан бери ҳам орадан оз эмас, кўп эмас, нақ 6 йил вақт ўтди. Хўш, мадраса таъмирландими? Қиёфаси ўзгардими? Сайёҳлар ёпирилиб келадиган масканга айландими?

Ҳеч қайсиси бўлмади! Аввал қандай қаровсиз, қандай абгор бў-либ ётган бўлса, ўша ҳолидан зиғирча ўзгармади. Қайтага йил сайин харобликка юз тутиб бормоқда. Атрофи чиқиндихонага айланган, табиат ҳодисалари ҳам муттасил таъсирини ўтказаётир.

Бир неча ой олдин вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Авғонбоғ мадрасасини бориб кўраркан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ижросини суриштиришдан кўра, бу ерда ҳунармандлар уйи фаолиятини йўлга қўйиш таклифини маъқул кўрди. Бунда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка кенг жалб этиш орқали улар бандлигини таъминлаш асосий мақсад қилинди.

Аммо диний йўналишдаги айрим оммавий ахборот воситалари томонидан бу таклифга эътироз билдирилгани ҳам бор гап. Хусусан, azon.uz сайти "Шаҳар ва туманларимизда наҳотки ҳунармандлар уйлари учун тарихий масжид ва мадрасалардан бошқа жой топилмайди? Масжид ўз моҳиятига биноан ибодатхона, мадраса эса таълим даргоҳи ҳисобланади. Модомики улардан ўз моҳиятига кўра фойдаланмаяпмиз, ақалли тарихий обида сифатида сақласак бўлар?.." дея ёзди. Тўғри ёзди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги эса бунга жавобан Ғузор туманидаги Авғонбоғ ёдгорлиги биносидан 1920 йилдан буён мадраса сифатида фойдаланилмаётгани, ундан ҳунармандлар уйи сифатида фойдаланиш бинога бўлган эътибор ва қаров янада ошишига хизмат қилиши, ҳунармандлар уйи сифатида фойдаланиш бинонинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатмаслигини билдирди.

Вакилликнинг қўшимча қилишича, ўтмишда инсонлар манфаати кўзлаб бунёд этилган ушбу бинодан бугунги кунда мадраса сифатида фойдаланишнинг деярли имконияти йўқ. Сабаби, таълим масканида замонавий синфхона ҳамда ётоқхона мавжуд, ушбу хоналар кенг, ёруғ ва шинам, мадраса биносини замонавий ўқув-техника қуроллари билан жиҳозлаш, спорт ва бошқа машғулотлар учун шароитлар бўлиши керак. Демак, Авғонбоғ мадрасаси каби кўп асрлар олдин ўша давр учун мўлжаллаб бунёд этилган биноларда юқоридаги каби шароитларни ҳозирлашга имкон йўқ. 

Вилоятда Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти бугунги кунда замонавий биноларда фаолият олиб бораётгани ҳамда у ерда талабаларга тобора қулай шароитлар яратиб берилаётган бир пайтда Авғонбоғ мадрасаси биносидан мадраса сифатида фойдаланишга эҳтиёж йўқ.

Аслида бу ердаги мадраса фаолиятини қайта тиклаш имкони йўқлиги барчага аён ҳақиқат. Эътирозлар эса уни тарихий ёдгорлик сифатида сақлаб қолишга қаратилганди ва бу нақадар долзарб экани бугунга келиб ойдинлашаяпти.

- Бу ерда ҳунармандлар маркази ташкил қилинса, бир йилда 400 нафаргача шогирд тайёрлаб, маҳсулотлар кўргазмасини ташкил қилишни режалаштирган эдик, - дейди "Ҳунарманд" уюшмаси туман бўлими раҳбари Дилафрўз Муҳаммадиева. - Шунда мадрасага сайёҳларни томошага олиб келиш мумкин бўларди. Лекин бу ерга уста-ҳунармандларга зарур бўладиган электр токи тортиб келтирилмаган. Қолаверса, шароитлар жуда ёмон. Бунинг устига ёдгорлик ҳудудида бир фуқаро яшаш уйи қуриб олган, яна бири пахта титиш цехини ишлатиб ётибди. Ҳокимиятдагилар бу ерни таъмирлаб, ҳунармандлар уйи фаолиятини йўлга қўйиш 2021 йил режасига киритилганини айтишди.

Биз бу борада маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга масъул идора ва қарор ижроси бўйича туман ҳокимлигидан ҳам изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Аммо тегишли масъуллар билан боғланишга, керакли маълумотларни олишга бўлган уринишларимиз бесамар кетди. Қолаверса, улардан қандай жавоб бўлишини ҳам тусмол қилиб турибмиз: энди қилинади, кейинги йил режасига киритилган, ундоқ, бундоқ...

Авғонбоғ мадрасасининг бугунги ҳолати ўша масъулларнинг ишига берилган баҳо аслида. Шундай экан, улар келтирган изоҳ деярли аҳамиятсиз. Таъмирга дейилган 100 минг доллар ҳеч қаерда йўқми, ҳунармандлар уйи ҳали-вери фаолият бошлайдиган эмасми, боз устига мадраса қаровсиз, хароб бўлиб ётибдими, шунинг ўзидан ким нима иш қил(ма)ётганини кўрса бўлади...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!