Меню

Қашқадарё

18.03.2017 2665

ДАРВЕШОНА – ХАЙРУ ЭҲСОН МАРОСИМИ

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бу сўз қуйидагича изоҳланади: “Дарвешона (ф-т) – дарвешларга хос бўлган, дарвешларникига ўхшаган”. Демак, бу сўз асли форсийча лисонга мансуб бўлиб, дарвеш, яъни тарки дунё айлаган, дарбадар кезиб юрувчи кишиларга хослик ёки уларга ўхшашликни  билдиради. Маросимнинг ўтказилиш тартиби билан танишгач эса бу ном бежиз берилмаганига амин бўлиш мумкин.

- Дарвешона – миллатимизнинг кўҳна одатларидан бири, - дейди  Қарши давлат университети филология факультети катта ўқитувчиси Шаҳноза Қаҳҳорова. – Қадимда бу маросим, одатда, эрта кўклам кунларида, Наврўз арафасида ўтказилган. Қишлоқ аҳли қишлоқ четидаги дарё ёки йўл ёқасида тўпланиб, жонлиқ сўйишган, шу ерда бирор таом пиширишган.

Бу таомни йўлдан ўтаётган дарвеш-қаландарлар, сайёҳ-йўловчилар, гадо-тиланчилар ейиши лозим бўлган. Маросим шу сабабдан “дарвешона” деб аталган бўлса, ажаб эмас. Манбаларда келтирилишича, дарвешонага тайёрланган таом қишлоқ аҳли кўнглидан чиқариб берган пул ёки маҳсулот асосида пиширилган ва ўша ернинг ўзида ейилган. Уйга олиб кетилмаган. Чунки бу таом эҳсон таоми ҳисобланган.

Маросим учун мошова, гўжа ёки ёрма, ҳалим каби тўқтутар таомлар танланган. Тонг ёришар-ёришмас катта йўл ёки дарё ёқасида дошқозон қурилиб, овқат қайнатилган. Керакли идиш-товоқ ва бошқа анжомларни эл йиғиб келган, ёш-яланг хизматга шай турган. Ўтган-кетганнинг йўлига илҳақ турилган ва кўринган кимса алоҳида иззат-икром билан чорланиб, бир коса таом сузиб, манзират қилинган.

Ўтмишимизда юртимизнинг айрим ҳудудларида бу маросим йил оғир келиб, ўлим, касаллик кўпайганида, табиий офатлар тез-тез содир бўлаверганида ўтказилган бўлса, яна бошқа ҳудудларда яхши ният билан - бало-офатлар даф бўлиши, бошланаётган йил серҳосил келиши учун, элга тинчлик, чорвага омонлик, экин-тикинга барака тилаб, ҳар йили ўтказилган.

Маросимда қишлоқнинг ёшу қариси баравар иштирок этиши шарт бўлиб, туркийларнинг қадим эътиқоди бўйича ҳосил маъбудлари шарафига қурбонлик келтирилган. Маълумки, аждодларимиз ишончига кўра, сув, ҳаво, олов ва тупроқ муқаддас саналган. Муқаддас оловда тайёрланган таомлар ейилгач, ортиб-ошиб қолгани сувга оқизилган. Бунинг замирида ҳам яхши ният – келаётган балони сув оқизиб кетишига ишонч ётади.

Асрлар оша бу одат яшовчанлик касб этиши баробарида бироз ўзгариб, даврга мослашиб ҳам борган. Исломдан кейинги даврда бу маросим хайру эҳсон кўринишини олган ва таом аввалида хатми Қуръондан сўнг фотиҳага қўл очиб, юртга тинчлик, элга ризқу барака сўраб, дуо қилинган. Едирилган-ичирилган таом ҳаққи-ҳурмати Яратгандан омонлик-яхшилик сўралган, савоб умид қилинган. Ҳозирда ҳам қишлоқларда дарвешона ўтказиш расми бор. Жумладан, вилоятимизнинг деярли барча ҳудудларида бу одат яшаб келаётганини кўриш мумкин.

- Бизнинг Қўштамғали қишлоғимизда дарвешона ҳар йили ўтказилади, - дейди қамашилик фахрий ўқитувчи, “Шуҳрат” медали соҳиби Эштўхтар Элмуродов. – Яқинда ҳам бутун қишлоқ аҳли тўпланиб, шу маросимни ўтказдик. Қўй сўйилиб, ёрма пиширилди. Барча баҳамжиҳатликда дуога қўл очди. Бу маросимнинг ҳозирги кўриниши қадимгиларидан фарқ қилиши табиий. Чунки замон ўзгариши бу каби одатларимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Масалан, илгари дарвешона таомини фақат дарвеш-қаландарлару йўловчилар, гадоларга тарқатишган бўлса, ҳозир қишлоқ аҳли ўзи тотади ва йиғин сўнгида эл маслаҳати ҳам бўлади. Яъни қишлоқ мол-қўйини боқадиган чўпон, тўй-тепчик, маърака-маросимда хизмат қиладиган арбобу ходимлар, эл ошпази сайланади. Бу одатга биз томонда ҳам амал қилинади. Ҳар йилги дарвешонада шуларни маслаҳатлашиб, сайлаб, танлаб оламиз ва албатта Наврўзни қандай ўтказишни ҳам келишиб-кенгашиб оладилар.

Хуллас, дарвешона маросими Наврўз арафасида ўтказиладиган анъанавий тадбирлардан бири бўлиб, унинг барҳаётлиги хайру савоб амалларига эшлигида бўлса, ажаб эмас. Бу каби анъана ва қадриятларимиз эса эзгуликнинг мангу сабоғи янглиғ авлодлар қадри-эъзозида яшайверади.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!