Меню
Қашқадарё
ДАМ ОЛИШ МАДАНИЯТИ
МАИШАТМИ ЁКИ ҲОРДИҚ?
Бизнингча, табиат қўйнига отланаётган ҳар бир киши аввало шу саволга жавоб топиши керак. Чиндан, табиат қўйнига нега борилади ўзи? Тўкин дастурхон атрофида еб-ичиш, маишат қилиш учунми ёки чарчаган танга роҳат бахш этиш, шаҳар чанг-тўзонидан димиққан ўпкага бироз бўлса-да, соф ҳаводан нафас олиш имконини бериш учунми? Агар биринчи жавобни танласангиз, бунинг учун вақт, маблағ сарфлаб, олисга бориб ўтиришнинг сира ҳожати йўқлигини ҳам ўйлаб кўринг. Ундан кўра, шаҳардаги кўнгилочар жойларга бориш осонроқ.
Табиийки, иккинчи жавобни танлайдиганлар ҳам кўпчилик. Бир ё икки кунга бўлса ҳам шаҳар шовқинидан узоқлашиб, гўзал манзара, шарқираган сув, сўлим табиат қўйнида яйраб ҳордиқ чиқарганга нима етсин?! Бу тахлит дам олишнинг таассуроти кишини анча вақтгача тарк этмайди, ҳар эсланганида руҳ тетиклашади, тана эса ўзини қуршаган ҳорғинликдан халос бўлиб, енгиллашади. Юз ранги тиниқлашиб, кайфият кўтарилади. Иш унумдорлиги ошади. Булар - мутахассислар томонидан ўрганилганлари. Демак, табиат қўйнига интилиш бежиз эмас экан.
Бироқ ҳар бир нарсада бўлгани каби табиат бағрида дам олишнинг ҳам ўзига хос қонун-қоидалари, тартиблари борлигини унутмаслик керак. Бу қоида ва тамойиллар инсон билан табиат ўртасидаги муносабатга путур етмаслигини таъминлайди. Шу билан бирга, замонавий кишининг ички маданиятини ҳам белгилаб беради.
Афсуски, сўлим дам олиш масканларида бўлиб, атрофни бир кузатсангиз, аксарият ҳолларда айни шу қоидаларга шикаст етаётганига гувоҳ бўласиз. Дейлик, Шаҳрисабзнинг энг сўлим ва машҳур масканларидан бири Мираки шаҳарчасида. Бу ер ёз бошланиши билан гавжум бўлади. Республикамизнинг кўплаб ҳудудларидан дам олувчилар келадиган Мираки чиндан-да гўзал табиат манзараларига бой: тоғ ёнбағрига хос кўриниш, зилол сувли дарё, мусаффо ҳаво, асрий дарахтларнинг соя-салқинию турфа шифобахш гиёҳлар кишини ўзига оҳанрабодай тортади. Бугина эмас, бу ерда дам олувчилар учун барча шароитлар муҳайё қилинган, 80 дан зиёд уй-меҳмонхоналар ҳам фаолият кўрсатаяпти. Аммо улардаги огоҳлантирувчи ёзувлар, шиор ва қоидаларга қарамасдан, дам олувчиларнинг табиатга бепарволарча муносабатда бўлаётганликлари ҳам бор гап.
Гап шундаки, бу ерга келувчиларнинг аксарияти ҳордиқ чиқариш, табиатдан баҳра олиш учун эмас, аксинча, маишатбозликка отлангандай таассурот қолдиради. Овқат қолдиқлари, ичимликдан бўшаган шишаю пластик идишлар, целлофан халтачалар, шоколаду сақич қоғозлар оёқ остида. Энг ёмони, бу каби чиқиндиларни сувда ҳам кўрасиз. Ваҳоланки, бу каби маиший чиқиндиларнинг ер бағрига сингиб, батамом йўқ бўлиб кетиши учун жуда кўп вақт талаб этилиши, табиатга энг катта зиённи аслида шулар етказаётгани, худди шу каби дастлаб майда-чуйдага ўхшаб кўринган муаммолар сабаб бугун инсоният глобал исиш, парник газлари, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши каби муаммолар қаршисида ожиз тургани ҳақида жуда кўп гапирилаяпти, ёзилаяпти.
Энди эса “Табиат қўйнида қандай дам олиш керак?” деган саволга жавоб изласак. Биз жамоат жойларида – одатда, бундай дейилса, дарров кўз ўнгимизда гавжум шаҳар гавдаланади – ўзимизни сипо, маданиятли тутишга ўрганганмиз. Қандай ўтириш, қандай юриш-туриш кераклигини, нимани қандай гапириш лозимлигини яхши биламиз. Одоб қоидаларига оғишмай амал қилишга уринамиз. Одамлардан узоқлашиб, табиат қўйнига чиққанимизда эса ўзимизни бирмунча эркин, озоддай сезамиз. Гўё ёввойи табиат бағрида ҳеч бир маданият қоидалари керак эмасдай. Аммо аслида худди шу нуқтада инсоннинг асл ички маданияти (яъни ўргатиб бўлмайдиган, ҳар бир инсоннинг ботинигагина хос бўлган асл фазилатлар) намоён бўлишини ҳеч ўйлаб кўрганмизми?
Бундай маданиятга эга инсон табиат қўйнига фақат тоза ҳаво, жаннатий манзаралардан баҳраманд бўлиш, зилол сувда чўмилиб, танидан бор чарчоқни қувиш, ўзини табиатнинг ажралмас бир бўлаги эканини ҳис қилиш учун боради. Бундай киши атроф гўзаллиги, озодалигига зиён етказишдан сақланади. Сувни ифлослантириб, дуч келган ерга чиқинди отиб кетмайди. Дарахтларнинг шох-шаббасини синдириб, гиёҳларни топтамайди. Балки табиат бағрида ҳам ўз маданиятини, шу борадаги билимларини намоён қила олади. Ёқилган гулханни батамом ўчирмасдан кетмайди. Ўзи билан керагидан ошиқча эмас, балки етарлича озиқ-овқат олади. Чиқиндини дуч келган ерга эмас, белгиланган жойга олиб бориб ташлайди. Фарзандларига ҳам шуни уқтиради, уларни-да шунга ўргатади.
Дарвоқе, бугун замонавий инсон энг кўп йўл қўядиган хато мана шу чиқинди билан боғлиқ. Дам олиш масканларини чиқинди билан тўлдираётганлар кўп такрорланадиган, аммо жиддий эътибор берилмаётган, натижада кўпгина нохуш ҳолатларга олиб келадиган бу хато бир кун келиб, ҳаммамиз учун қимматга тушишини ўйлаб кўришса, яхши бўларди.
- Табиат қўйнида дам олиш чоғида оёқ остига, умуман, дуч келган ерга ташланган маиший чиқинди - озиқ-овқат қолдиқлари тез айнийди ва ундан чиққан қўланса ҳид атроф-муҳит мусаффолигига зарар етказади, - дейди вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Шербой Шеров. – Бунинг оқибатида нафас олиш тизимида ўзгаришлар бўлиб, инсонларда бронхит, астма каби нафас йўли касалликлари ривожланади. Мева-сабзавот, қовун-тарвуз қолдиқлари ташланган ерда турли ҳашаротлар кўпаяди. Айниқса, бу шароитда урчиган пашшалар турли юқумли касалликлар тарқалишига сабабчи бўлади.
АЛОҲИДА ТАРТИБ КЕРАКМИ ЁКИ ОНГЛИ ЁНДАШУВ?
Албатта, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида дам олиш масканлари маъмурияти томонидан айрим чоралар кўрилади. Яъни уй-меҳмонхонаси бор хонадонларга махсус огоҳлантириш хатлари тарқатилиб, унда кўрсатилган қоидаларга қатъий амал қилиниши талаб этилади. Дам олиш масканлари назорат остига олиниб, қоидабузарлар жиддий огоҳлантирилади. Шу билан бирга, бундай масканларда турли жойларда илиб қўйилган огоҳлантириш қоидаларига кўзингиз тушади: “Жойни ифлос қилманг!”, “Ҳожатхона 50 метр нарида”, “Ярим яланғоч ҳолда юриш тақиқланади” ва ҳоказо.
Албатта, тартиб бўлгани яхши. Аммо ўзини билган, ички маданияти тугал инсон учун тартиб - айтиб-огоҳлантириладиган тақиқ эмас, билъакс, ҳар онда оғишмасдан амал қилинадиган, киши табиатига чуқур сингиган одоб-ахлоқ қоидасига айланмоғи шарт. Демакки, бу масалага онгли ёндашув лозим. Ҳар бир одам табиат қўйнидаги дам олиш чоғида ўзини қандай тутиш, атроф-муҳитга қандай муносабатда бўлишни билса ва бунга қатъий амал қилишга одатланса, ҳеч бир огоҳлантириш, назоратнинг кераги бўлмайди.
Яна бир жиҳат. Тасаввур қилинг, ўзингиз йил бўйи орзиқиб кутган дам олиш фурсати етди. Сўлим масканда дилингизга яқин инсонлар билан бирга яйраб ўтирибсиз. Шундай пайтда назоратчи ёнингизга келиб, белгиланган бирор қоидани бузганингизни айтиб, қаттиқ огоҳлантириш берди, дейлик. Хўш, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Бу танбеҳ сизга оғир ботмайдими? Кайфиятингиз бузилмайдими? Атрофдагилар олдида изза бўлмайсизми?
Тўғри, дедингиз... Демак, бундай бўлишини асло истамайсиз. Шундай экан, энг аввал, ичингиздаги “назоратчи”ни уйғотинг: у сизга нима қилиш лозимлигини айтиб, огоҳлантириб турсин.
ТАБИАТ СЕНИКИМИ Ё СЕН ТАБИАТНИКИ?!
Хўш, ким аслида кимники: табиат бизникими ёки биз табиатга тегишлимизми? ХХ асрга келиб, бу саволга инсоният “Табиат меники!” дея жавоб беришга ўрганди. У ўзининг бемисл тараққиётга эришувини табиат устидан қозонилган ғалабаси ўрнида қабул қилди. Майдон-майдон ерлар ўзлаштирилди, ҳосилдорликни ошириш, зараркунандалар ҳужумини қайтаришга қаратилган кўплаб турдаги кимёвий дори воситалари ишлаб чиқилди, улар табиатга аёвсизларча ташланди, ножўя таъсири ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмади. Натижада, табиат инсондан узоқлаша бошлади, унга қарши бош кўтарди: сув ҳавзалари сунъий ифлосланиш натижасида қурий бошлади, сув жониворлари қирилиб кетди, далалар ҳосил бермай, ерлар деградацияга учрай бошлади. Табиатдаги мувозанатни тутиб, сақлаб турувчи жонивору қушлар бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолди. Аввалига бунга эътибор бермаган инсон катта-катта муаммолар юзага кела бошлагач, бу борада жиддий бош қотира бошлади ва англадики, аслида табиат уники эмас экан. Аксинча, инсон табиатнинг бир бўлаги экан! Зеро, бу бўлак, агар бошқа қисмлар парокандаликка юз тутса, бир кун ҳам яшай олмайди.
Демакки, табиат фарзанди бўлган инсон унга зарар-зиён етказишдан йироқ туриши лозим. Чунки етказилаётган ҳар бир кичиккина заҳмат ҳам эртага улкан муаммога йўл очиши тайин. Бу – йиллар оша исботини топиб келаётган ҳақиқат. Шундай экан, бу масалани ҳар биримиз жиддий ўйлаб кўришимиз, табиат бағрига шунчаки ўйнаб-кулиш, маишат қилиш учун эмас, балки унинг севимли меҳмони бўлиш, атроф гўзаллигидан баҳраманд бўлиб, ундан куч олиш учун бормоғимиз керак. Шундагина инсон ва табиат ўртасидаги муносабатга путур етмайди. Шундагина биз том маънодаги замонавий маданиятли кишилар бўламиз.
Сожида АЛЛАЁРОВА