Меню
Қашқадарё
ДАЛАДАНОҚ ЭКСПОРТГА
Сир эмаски, истиқлол йилларида мамлакатимизда аграр соҳа ҳар томонлама ривож топган тармоқлардан бири бўлди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилган қатор дастурлар боис, айниқса, боғдорчилик, сабзавотчилик кенг тараққий этди. Амалиётга интенсив технологияларнинг мунтазам жорий қилиниши эвазига сифатли ва мўл ҳосил олишга эришаяпмиз. Аҳолининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавотга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилибгина қолмасдан ташқи бозорга ҳам маҳсулот чиқаришни жадал йўлга қўйдик. Сўнгги вақтда экспорт географияси доимий кенгайиб бормоқда. Эндиликда нафақат ҳўл мева ва сабзавотни шунчаки экспорт қилиш, балки уни саноат усулида қайта ишлаб, қуритиб ва қадоқланган ҳолда харидорга етказиб бериш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинаяпти.
Биргина вилоятимиз мисолида қарайдиган бўлсак, жорий йилда четга экспорт қилиниши кутилаётган мева-сабзавот, полиз экинлари ва узумнинг ҳажми аввалги йилларга қараганда сезиларли ўсиши тахмин қилинмоқда. Боиси, маҳсулот етказиб бериш бўйича хорижий ҳамкорлар билан тузилган шартномалар қиймати шундан далолат бермоқда.
3 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК МАҲСУЛОТ ЕТКАЗИБ БЕРИЛАДИ
Китоб туманидаги "Вигет импекс" фермер хўжалиги ўтган йили хорижга жами 450 минг долларлик мева экспортини амалга оширган. Бу йил эса чет эллик ҳамкорлар билан 3 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича келишувга эришилган. Эътиборлиси, хўжалик мутасаддилари айни вақтга қадар Қозоғистон Республикасига 500 тонна гилос ва кичик миқдорда карам жўнатишга ҳам улгурди.
- Нимага талаб бўлса, шуни етказиб бераяпмиз, - дейди фермер Жамшид Султонов. - Маҳсулотларни талабга қараб саралаб, қутиларга жойлаймиз. Яқин орада олхўри жўнатишни мўлжаллаб турибмиз. Бундан ташқари, кузда узум экспортини бошлаймиз. Ихтиёримизда 200 гектар ер майдони бор. Шунинг 110 гектарида тоифи навли узум парваришлаймиз. Бултур 700 тонна ҳосил олгандик. 450 тоннасини четга сотдик. Бундан ташқари, 90 гектар ерда боғ барпо қилганмиз. Ўрик ва гилос ўстираяпмиз.
Йил давомида маҳсулот сифатини яхши сақлаш ва экспортда барқарорликка эришиш асосий масала ҳисобланади. Фермер жорий йилда мазкур муаммони ҳал этишга жиддий киришган. Аниқроғи, сиғими 3 минг тонна бўлган совутиш камераси қуриш режалаштирилган. Шу мақсадда Европадан қиймати 1 миллион евролик замонавий ускуналар келтириш мўлжалланган.
АГРОФИРМА ПИЁЗ ЭКСПОРТ ҚИЛИШНИ БОШЛАДИ
Шаҳрисабз туманидаги "Шаҳрисабз мева-сабзавот" агрофирмаси шу йили таъсис этилган. Унинг фаолияти асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига ихтисослашган. Агрофирманинг 2016 йилга мўлжалланган манфаатли шартномалари умумий сўммаси 20 миллион долларни ташкил этаяпти. Эътиборлиси, корхона дастлабки партияни аллақачон экспортга юборди. Қиймати 50 минг доллардан зиёд пиёз маҳсулотлари Қозоғистонга йўл олди.
- Келгусида ҳўл мевалардан олма, олхўри, ўрик, полиз экинларидан қовун ва тарвуз, дуккаклилардан нўхат ва мош, шунингдек, сабзи, саримсоқ экспорт қилиш бўйича келишувимиз мавжуд, - дейди агрофирма раҳбари Саиджон Шокиров. - Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома қилганмиз. Бунда тижорат банкларининг молиявий кўмаги қўл келаяпти. Қолаверса, аҳолидан ҳам мева-сабзавот сотиб олаяпмиз. Албатта, сараланган ва сифатли маҳсулотларни экспортга юборишга асосий эътибор қаратаяпмиз. Бу эса чет эллик харидорларга манзур бўлаяпти. Тез орада қайта ишлашни ҳам йўлга қўямиз. Хитойдан замонавий ускуналар харид қилганмиз. Мева-сабзавотни қуритиб, қадоқлаймиз. Янги маҳсулотлар ҳам хорижга экспорт қилинади. Шунингдек, маҳсулотларни сақлаш учун омборхона қуриш ниятимиз бор.
УКРАИНА ШИВИТГА ХАРИДОР
Хорижликлар юртимизда етиштирилган кўкатга ҳам катта қизиқиш билдираётгани рост. Мисол учун, жорий йил аввалида фаолият кўрсатишни бошлаган Ғузор туманидаги "Лавр фарм" масъулияти чекланган жамияти Украина давлатига қуритилган шивит экспорт қилиш бўйича келишувга эришган. Бу қиймати 1 миллион 200 минг долларлик манфаатли шартномалардан бири холос.
- Ҳозиргача Қозоғистон ва Россияга 160 тонна гилос ва олхўри экспорт қилдик, - дейди жамият раҳбари Мухтор Абдуллаев. - Жараён давом этаяпти. Йил мобайнида экспорт узлуксизлигини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Бу борада бир қатор ишларни бажараяпмиз. Жумладан, потенциал ишлаб чиқарувчиларни излаб топаяпмиз, ташқи бозорни ўрганган ҳолда экспорт қилиш мумкин бўлган маҳсулотларни танлаб олаяпмиз. Украиналик ҳамкорлар қуритилган шивит сотиб олиш истагини билдиришди. Яқин орада қовун экспортини бошлаш режамиз бор.
ЧЕТГА УЗУМ СОТИШ САЛМОҒИ ОРТАДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 17 декабрдаги тегишли қарорига асосан мамлакатимизда узумчиликка ихтисослашган қирқдан зиёд агрофирма ташкил этилди. Ушбу агрофирмалар фермерларга ҳосилни сифатли сақлаш ва маҳсулдорликни оширишда кўмаклашиши белгиланган. Бироз аввал Яккабоғ туманида ана шундай ташкилотлардан бири - "Яккабоғ узум сервис" агрофирмаси иш бошлаганди.
- Қарши, Косон, Муборак, Яккабоғ туманларидаги узумчиликка ихтисослашган 500 га яқин фермер хўжалиги билан ҳамкорлик қиламиз, - дейди агрофирма раҳбари Адҳам Шаразимов. - Уларга маҳсулот етиштириш, ҳосилни экспортга жўнатиш борасида амалий ёрдам кўрсатаяпмиз. Бугунги кунга қадар айни шу йўналишда чет эллик ҳамкорлар билан 2 миллион долларлик шартнома қилдик. Фақат узум билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Четга олхўри ва қовун сотиш борасида ҳам келишувимиз бор. Қолаверса, шу йилдан асосий экиндан бўшаган ерларга мош, нўхат, қизил лавлаги, қалампир, сабзи экишни ташкил қиламиз. Бу маҳсулотларга ҳам ташқи бозорда талаб юқори.
Дарҳақиқат, юртимиз тупроғи олтинга тенг. Заминимизга қадалган уруғ кун келиб мўл ҳосил беради. Ушбу шириндан-шакар ноз-неъматларга хорижликларнинг ҳам ҳаваси ортган. Шу боис, мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот, полиз экинлари ва узум жаҳон бозорида юқори баҳоланади, уларга харидор кўп. Буни даланинг ўзиданоқ сараланиб экспортга жўнатилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг кундан-кунга ортиб бораётгани ҳам ифодалаб турибди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ