Меню
Қашқадарё
ДАҚҚИЮНУС НИМА?
Хўш, “даққиюнус” сўзи қандай маънони англатади?
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “Даққиюнус”, “даққиёнусдан қолган” сўз ва иборалари – “қадимдан”, “алмисоқдан қолган”, “жуда эски”, деб изоҳланади.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий энциклопедиясида: “Дақёнус, Даққиюнус - қадимий Рим императори Диоклетиан (бошқа бир манбаларга кўра Деций) исмининг мусулмон Шарқидаги шаклидир. Марказий Осиёда араблар истилосига қадар мавжуд шаҳар харобалари, тангалар ва бошқаларнинг қадимийлигини англаш учун “Дақёнусдан қолган” деган ибора ишлатилган.
Хусусан, Носириддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарида қуйидагича ривоят қилинади: “Рум шаҳрида бир Дақёнус деган чўпон бор эди. Аллоҳ таоло унга бениҳоя (ганж) каромат қилди. Охири подшоҳ бўлди, кўп шаҳарларни тобе қилди. Бир катта шаҳарни босиб олиб пойтахт қилди. Олдинги шоҳнинг олти ўғли бор эди, уларни ўзига ҳамнишин қилиб олди. Бир куни ёв келди, деб хабар тарқалди. Дақёнус: “Мен худоман, ким ҳам мен билан ёвлаша олар” деди. Бир куни тахтда ўтирган эди, туйнукдан икки мушук уришиб тушиб кетди. Дақёнус қўрқиб кетди. Яна бир куни овқат еб ўтирган эди, бир хира пашша ўралашиб қолди. Шунча уринса ҳам уни ҳайдаб юборолмади. Буни кўриб олти ака-ука: “Бир пашшага кучи етмайдию, худолик даъво қилади”, деб Дақёнусдан кўнгиллари қолди. “Қачонгача бунинг хизматида бўламиз? Ундан кўра бу ерни тарк қилиб, бир гўшага бориб, Аллоҳ таолога ибодат қилайлик”, деб маслаҳат қилишди”.
Ривоятга кўра, улар бутпарастлар тазйиқидан қочиб, ғорга киришади ва ибодат билан машғул бўлишади. Уларга йўлда бир чўпон ҳам шерик бўлади. Бир куни улар ғорда ухлаб қоладилар. Бу ҳақда Қуръони каримда: ”Эсланг, ўшанда улар ғорга паноҳ истаб боришиб: Парвардигоро, бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат-марҳамат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг ўнглагин, дедилар. Бас, биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (яъни, уларни ухлатиб) қўйдик”, дейилади (“Каҳф” сураси, 10-11 оятлар). Аллоҳ томонидан юборилган фаришталар бир йилда бир марта уларни у ёнларидан бу ёнларига ағдариб қўяр эди. Улар анча вақт ўтиб уйғонади, қоринлари оч бўлгани боис бири пул олиб бозорга таом учун жўнайди. Бозорни топгач, нон сотувчига танга узатганда, сотувчи тангаларни кўриб даҳшатга тушади. Чунки тангалар бундан кўп йиллар илгари ўтган подшоҳ Даққиюнус даврида зарб қилинган эди. Нон сотувчи танга эгасини маҳкам ушлаб: “Бу танга Даққиюнуснинг тангаси-ку, унинг оламдан ўтганига уч юз йилдан ўтди. Сен хазина топган кўринасан, мени шерик қилмасанг, подшога хабар бераман”, деб уни қўрқитади. Бундан иш чиқмагач, подшонинг ҳузурига олиб боради. Подшо ундан кимлигини, қаердан келганини суриштиради. Шунда бир олим: “Китобда ўқиган эдим. Дақёнус даврида олти йигит қочиб, тоғларнинг биридаги ғорга яширинади. Дақёнуснинг одамлари уларни излаб топишолмаган”, дейди.
Тарихни ҳисоблаб кўрсалар орадан уч юз тўққиз йил ўтган экан. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам: “Улар каҳф-ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда ҳам қилдилар”, дейилади (“Асҳобу Каҳф” сураси, 25-оят). Подшоҳ уларни шаҳарга таклиф қилди, улар кўнишмади. Яна ғорда қолишди ва шу ерда вафот этишди. Шу сабабли уларни “Асҳобу каҳф” (ғор эгалари) деб аташади.
Хўш, Аллоҳ таоло паноҳ истаб ғорга кирган йигитларни бунча йил ухлатиб, уларни яна қайта тирилтиришидан мақсад нима эди?
Носириддин Рабғузий “Қисаси Рабғузий” асарида: “Ул элда икки турлук халойиқ бор эрди. Бириси айтур эрди, Тенгри азза ва жалла жонни тиргизур, танни тиргузмас, дер эрди. Тақи бири айтур эрди, танни ҳам, жонни ҳам тиргизур. Қачон буларни кўрдилар эрса билдиларким, танни ҳам тиргизур эрмиш” дейилади. Шундан келиб чиқиб, Аллоҳ таоло одамлар орасида қайта тирилиш масаласидаги ихтилофларга “Асҳобу Каҳф” ҳодисасини содир қилиш билан жавоб беради.
Мисрлик археолог ва тарихчи олим Муҳаммад Тайсир аз-Забиён Иорданиянинг Ражиб тоғидаги ғорларнинг бирида археологик қазишма олиб бориш натижасида ғорда дафн қилинган етти кишининг жасади ва уларга ҳамроҳ бўлган итнинг калла суяги ҳамда улар номи ёзилган лавҳ топилгани ҳақида маълумот беради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, халқимиз орасида оғиздан-оғизга ўтиб келган “Даққиюнус”, “Даққиюнусдан қолган” каби сўз ва ибораларда юқоридаги қадимий воқеага ишора бор. Бу эса халқимизнинг ўтмишни яхши биладиган, ўқимишли халқ эканлигини кўрсатади.
Руҳиддин АКБАРОВ тайёрлади.