Меню

Қашқадарё

08.09.2020 1733

“Дўстлик-1,2,3” насос станцияси ишга туширилди

Ғузор туманида лойиҳа қиймати 21 миллион 233 минг долларни ташкил этадиган “Дўстлик-1,2,3” насос станцияси қурилиб фойдаланишга топширилди.

Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси матбуот хизмати маълум қилишича, янги станцияда олтита насос агрегати ўрнатилган бўлиб, уларнинг ҳар бири секундига 3 куб метр сув чиқариш қувватига эга. Янги насос станцияси ишга туширилиши натижасида 13 минг 200 гектар майдонда сув таъминоти барқарорлашди. Соатига 8,35 киловатт электр энергиясини иқтисод қилиб, бир йилда қарийб 75 миллион куб метр сув чиқаришга эришилади.

Энг муҳими, ушбу майдонларда барча экинлар ҳосилдорлиги ортади.

- Насос стациясидаги барча технология ва қурилмалар масофадан туриб бошқарилади ва назорат қилинади, - дейди Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Тошбўри Эгамназаров. - Жиҳозлар монтажи ва қурилмаларни ўрнатиш билан боғлиқ ишлар муддатида ва сифатли амалга оширилди. Ишчи-ходимларнинг меҳнат қилиши, дам олиши учун ҳамма шароитлар яратилди. Қисқа вақт ичида ҳамжиҳатлик билан олиб борилган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари боис насос станцияси ҳудуди кўзни қувнатадиган, кўркам манзара касб этди. Бино ва иншоотлар атрофига мевали ва манзаралар кўчатлар, полиз экинлари экилиб, мўъжазгина иссиқхона ҳам ташкил этилди.

Маълумотларга кўра, “Дўстлик-1,2,3” насос станциясининг фойдаланишга топширилиши самараси ўлароқ илгари сув танқислигидан зарар кўриб келган Қарши туманидаги 2 та ҳамда Ғузор туманидаги 12 та ҳудудга оби ҳаётни кафолатли етказиб бериш имконияти яратилди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!