Меню

Қашқадарё

28.11.2017 2154

ДЎСТ ҲАМ, ДУШМАН ҲАМ ЎЗИМИЗ

СОҒЛИҚ КЕРАКМИ ЁКИ МАШИНА

Агар ҳар бир инсон ўз саломатлиги хусусида мунтазам қайғурса, соғлом турмуш тарзига риоя этса, барча турдаги зарарли одатлардан чекланса, албатта, унинг касалликларга кам чалиниши ва узоқ умр кўриши эҳтимоли юқори бўлади.

Кузатувлар ва беморлар билан ўтказилаётган мулоқотлар шуни кўрсатмоқдаки, кўпчилигимиз била туриб энг улуғ неъмат – жонимизга, соғлиғимизга жуда бефарқмиз. Барча бажариши мумкин бўлган оддий индивидуал гигиена қоидалари, соғлом турмуш тарзига риоя этмаслик оқибатида турли касалликларга “йўл” очиб берамиз.

Фараз қилинг, машинангиз бор. Ҳар куни уни минишдан аввал 2-5 дақиқа қиздириб оламиз. Аммо ўзимиз эрталаб жисмоний машқлар бажаришни унутамиз. Машина учун энг тоза ва сара ёнилғини ҳаттоки туни билан навбатда туриб бўлса-да, харид қиламизу, ўзимиз сифатига кафолат бўлмаган, қандай тайёрлангани номаълум овқатлар билан кифояланамиз. Нега?

Машина моторидан чиқадиган овоз сал бошқача эшитилса, дарров устага олиб борамиз, бироқ ўзимизнинг юрагимиз аҳён-аҳёнда санчиб қўйса парво ҳам қилмаймиз. Машинамизни қишда, ёзда алоҳида мой, алоҳида шина ва ҳоказолар билан “ҳимоялаймиз”, ўзимизга нисбатан бефарқмиз.

Машинамизни ҳар йили техник кўрикдан ўтказамизу, ўзимиз фақат ётиб қолгандагина шифохона остонасини хатлаймиз? Бир йилда икки марта шифокор кўригидан ўтишимиз кераклигини айримларимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Нима учун машинамизга ортиқча юк ортмаймизу, организмимизга ортиқча “юк” – маҳал-бемаҳал овқату спиртли ичимлик, яна алламбалоларни юклаймиз?

Буларнинг барчаси нисбий ўхшатма, холос. Аслида соғлиғимиз нафақат ўзимиз ва оила аъзоларимиз, балки жамият учун ҳам кераклигини ҳаммамиз ҳам англаб етавермаймиз. Бирор хасталикка чалингандан сўнг уни ойлаб даволаб, қанча харажат, оворагарчилик, яна қайсидир шифохона ёки шифокордан норизо бўлиб юргандан кўра, ўша хасталикнинг аввал - бошидан олдини олган, бу орқали соғлиғимизни асраган афзал эмасми?

САЛОМАТЛИКНИНГ ОЛТИН ҚОИДАЛАРИ

Агар доимий равишда қуйидаги шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этсак ва буни оиламизда ҳам тизимли татбиқ этсак, соғлом ҳаёт кечирамиз.

Ҳар куни эрталаб ва кечқурун тишлар тозалаб ювилса, турли хил ичак инфекциялари ва оғиз бўшлиғи касалликларидан доимий фориғ бўлиш  мумкин.

Қўлларни яхшилаб совунлаб ювиш эса вирусли гепатит (А тури), ичбуруғ, ичак инфекцияларидан узоқлаштиради.

Меваларни ювиб истеъмол қилсак, турли хил паразитлар ва ичак инфекциялари биз томон йўламайди.

Сочларимиз ва тирноқларимизга вақтида эътибор бериб, тартибга солиб турсак – ичак инфекциялари, гижжа касалликлари ва тери касалликларидан ҳимояланган бўламиз.

Тайёрланиши ва хавфсизлиги кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмасак – ботулизм ва бошқа ичак токсикоинфекцияларига дучор бўлмаслигимиз аниқ.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Эътиборлиси ва асосийси, бу қоидалар биздан ортиқча маблағ ва вақт талаб этмайди, буни ҳамма уддалай олади.

ЯХШИ ОВҚАТЛАНИШ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Яхши овқатланиш деганда кўпчилик чойхоналарда бўккунча гўшт ёки бошқа таомлар истеъмол қилишни тушунади. Ваҳоланки, организмимиз учун мева-чевалар, кўкатлар, полиз маҳсулотлари ниҳоятда фойдали.

Масалан, ўрик туршаги – юрак қон-томир фаолияти учун жуда ҳам фойдали бўлиб, ҳар куни эрталаб ундан тайёрланган 200 грамм шарбатни истеъмол қилиш юрак фаолиятини тубдан яхшилайди, асаб тизимини зўриқтирмайди.

Ошқовоқ эса ичак ва жигар фаолиятини, ичак переталтикаси (ҳаракати)ни яхшилайди.

Чилон жийда – артериал қон босимини нормада сақлаш ва бош мия фаолиятини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга. Кунига 6-8 тадан чилон жийда истеъмол қилиш қон босимини мўътадил ушлашга ва қон томирлари деворларининг мустаҳкамлигини оширишга ёрдам беради.

Саримсоқпиёз – ичакдаги айрим паразитларни тушириб, қонни суюлтириш эвазига томирларда тиқинлар ҳосил бўлишининг олдини олади.

Шолғом – ўпкадаги балғамларни чиқаришда ва шамоллашни даволашда самараси юқори (айниқса, димлаб пиширилганда).

Турп – овқат ҳазм қилиш, ичакларни тозалашда самарали восита ҳисобланади. Кўкатлар эса доимий равишда таркибида турли хил минерал моддалар ва витаминларни сақлаш билан бирга иштаҳани яхшилашга, овқат ҳазм қилишга ва модда алмашинувига ижобий ёрдам беради.

БИЛАМИЗУ...

Телевизорда тамакининг зарари, спиртли ичимликларнинг соғлиғимизга хавфи ҳақида кўрсатув намойиш этилаяпти. Кўрамиз, аммо эътиборсизларча яна стол устидаги сигарет қутисига қўл узатамиз. Матбуотда шу хусусда мақола чоп этилган, аммо ўша газетани дўстлар билан  зиёфатда тўшаб, устига ароқ қўйиб ичамиз. Аслида тамакининг ҳам, спиртли ичимликларнинг ҳам зарари хусусида кераклича маълумотга эгамиз. Бироқ риоя этмаймиз. Гўёки, бу бизга тааллуқли эмасдек.

Бир қути сигарета пулига 1 килограмм чилон жийда, 2 килограмм картошка, 2 килограмм узум, 2 килограмм туршак ва шунга ўхшаш юқорида фойдаси таъкидланган маҳсулотларни харид қилиш мумкин. Аммо... Яна ўша гап, ўз соғлиғимизга бефарқмиз.

Спиртли ичимликлар хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Унинг асаб, ичак тизими бузилиши, жигарга зиёни, инсульт чақириши хусусида хўп ва кўп гапирамиз, эшитамиз. Аммо пайти келганда ундан ўзимизни тия олмаймиз. Хўш, бу билан кимга жабр қилаяпмиз? Ўзимизга! Ва яна Ўзимизга!

Узоқ умр кўришни истасак, ўз соғлиғимизга эътиборли бўлиб, тиббий маданиятимизни оширишимиз лозим. Зеро, соғлиқ энг катта бойлик, улуғ неъматдир.

Шербой ШЕРОВ,

вилоят Бош Давлат санитария шифокори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!