Меню

Қашқадарё

19.01.2021 1773

ДЎМПАЙГАН ТЕПАЧАЛАР ЭМАС, ҚАБРИСТОН БУ

Инсоннинг сўнгги манзили, борар жойи аниқ. Буни ҳеч ким инкор этмайди. У ерда ҳаловат топиши эса фоний дунёда қилган амалларига боғлиқ.

Илғадингиз, гап қабристон ҳақида бораяпти. Бундай манзилларни обод қилсак, уларда мангу қўним топган марҳумлар руҳи ҳам шод бўлади. Аслида бу халқимиз учун одат, анъана. Лекин, бу амаллар кимлар учундир унут бўлган, ёддан кўтарилган кўринади.

Муборак туманидаги Амир Темур маҳалласи таркибида бўлган  Гулшан қишлоғида  "Гулшан" қабристони бор. Яланглик, қаровсиз қабристон, қабрлар устини қум қоплаган. На девор, на  панжара билан ўралган, янтоқ, хас-чўплар қалашган. Таҳоратхона, қоровулхона сифатида қурилган бинонинг том қисми очиқ ётибди.

Айтишларича, ҳозирда ушбу қабристон фаолияти тўхтатилган. Янгиси учун ажратилган 5 гектар майдон эса ҳали тайёр эмас. Пул ажратилмагани боис атрофини ўраш, фойдаланишга тайёрлаш масаласи очиқ қолиб келаяпти. Ажал эса буларни ҳисобга олмайди. Куни етган кетаяпти.

- Маҳалламизда 3781 нафар киши истиқомат қилади, - дейди Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Чориев. - Аҳоли 1978-1980 йилларда Самарқанд, Бухоро вилоятлари, Деҳқонобод, Қамаши, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Касби туманларидан кўчиб келиб, чўлни ўзлаштиришда иштирок этган.  Эски қабристон ёпилгандан сўнг биров ўтиб қолса, марҳумни қайси манзилга олиб бориш ҳақида ўйлаб қоламиз. Туман ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги янги қабристон маблағ йўқлиги важи билан ўралмай турибди. Улар эски қабристонга қараб туришни ҳам эсдан чиқариб юборишди. Унинг  атрофидаги тўсиқлар  ўғирлаб кетилган. Қабристон ичида бемалол чорва моллари ўтлаб юради.

Савол туғилади: тўсиқларни ким олиб кетган, қабристонга ҳайдаладиган моллар кимники? Ҳеч ким четдан келиб, шу ишни қилмаса керак?! Ахир у ерда ўзларининг аждодлари ётибди-ку. Шуми марҳумларга ҳурмат?! "Ободон"дан ойлик олиб ётган қоровул қани?

- Ушбу қабристонда ҳар йили Наврўз байрами, Хотира ва қадрлаш куни арафасида маҳалла аҳолиси томонидан ҳашар уюштирилиб, ободлигига эътибор қаратилади, - дейди туман ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси қабристон назоратчиси Жамол  Хайруллаев. -  2019 йилда унинг бир қисми симдевор билан ўралди. Янги қабристон учун эса ҳисоб-китобларга кўра 100 миллион сўм маблағ керак. 

Бунча пулни ким беради, қачон беради номаълум. Нега маҳалла аҳлидан ташаббус йўқ? Ахир, бегона биров келса, одамлар турмушига бозорига қараб, маънавиятига мозорига қараб баҳо беради, деган гап бор.

- Қишлоғимизга 1992 йилда масжид қуриш учун бетон блоклар олиб келинганди, - дейди фуқаро Абдусаттор Ҳайитов. - Лекин масжид қурилмади. Ўшанда келтирилган анча қурилиш материали шу ҳолда турибди. Уларни янги қабристонга ишлатишни таклиф қилдик.  Ободонлаштириш бошқармасидагилар эса унамаяпти.

Танаси бошқа дард сезмас, дейишади. "Дард"и борлар эса улардан нажот кутиб ўтирибди. Ўртада муаммо муаммолигича қолаяпти.

- Муқаддас динимизда қабристонни обод қилиш, зиёрат этиш савоб саналади, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили ўринбосари Муҳаммади Қораев. - Қолаверса, марҳумлар абадий қўним топган масканларни обод қилиш ва улар ҳақларига дуода бўлиш инсоний бурчимиздир. Афсуски, баъзи қабристонларда аҳвол кўнгилдагидек эмас. Айримлари қаровсиз, одамлар беэътибор.

Тириклик - ҳеч ким учун мангу эмас. Ҳамма ўтади. Сиз борадиган сўнгги манзил ҳам шундай қаровсиз манзара касб этмаслиги учун авлодларга бугун ўрнак кўрсатинг ўртоқ мутасаддилар, тўй бўлса тўрни эгаллайдиган маҳалла кайвонилари...

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!