Меню

Қашқадарё

24.10.2024 487

Дўлана-дўлана, маржон-маржон дўлана

Ҳозир пишиқчилик даври, бозорларда меваларнинг турли-туманларини учратамиз. Ўзимизнинг боғбонлар етиштирганларидан тортиб, чет эллардан келтирилганларигача муҳайё, истаганингизни сотиб олаверасиз.

Одатда харидор мевалар харидида унинг кўриниши, таъмига, баъзи ҳолларда қаерники эканлигига эътибор қаратади. Уларни ҳавасакига сотиб олиш бору, дориворлик хусусиятига кўпам эътибор беришмайди. Мана, ҳозир бозорларда ҳар доим ҳам сотилавермайдиган дўлана меваси чиққан. У ҳақда нималарни биласиз?

Манбаларда ёзилишича, раъногулдошлар оиласига мансуб, мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларида денгиз сатҳидан 1000-1500 метр баландликда, кўпинча, якка ҳолда ўсадиган дўлана дарахти меваси нафақат хушхўрлиги, балки шифобахшлиги билан ҳам ажралиб туради. Унинг таркибида 11,5-15,9 фоиз қанд, 8 фоиз ёғ, 0,67-0,88 фоиз олма кислота бор. Биздаги баъзи турларида В1, В2, РР, С, Е витаминлари ҳам учраши аниқланган.

 Аллома бобокалонимиз, табобат илми султони Абу Али Ибн Сино "Тиб қонунлари" китобининг содда дорилар хусусиятига бағишланган бобида дўланага баҳо бериб, "унинг мевалари сариқ ва қизил рангли бўлиб, буруштурувчандир, буруштириш таъсири жийданикидан кучлидир, сафрони сўндиради ва ични тўхтатади" деб ёзади. Замонавий халқ табобатида дўлана меваси ва гули юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволашда ҳамда асабни тинчлантирувчи ва қон босимини пасайтирувчи дори сифатида ҳам ишлатилади.

Дўлана мевасининг бир ҳовучи истеъмол қилинса, кун бўйи кишини нафақат ташналик, балки очликдан ҳам асрайди. У инсонга яхши кайфият, бардамлик ва қувват бахш этади.

Эслатиб ўтилишича, уни оч қоринга ва меъёридан ортиқ истеъмол қилмаслик керак.

Ўз  мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар. 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!