Меню
Қашқадарё
CИЗНИНГ ДУОЙИНГИЗ ЙЎЛИМГА МАШЪАЛ...
Деҳқонободнинг олис Қизилмозор қишлоғида яшаётган 90 ёшли Нормуҳаммад Менглиев ана шундай нуронийларимиздан. Отахоннинг ҳаёт йўли, касбий фаолияти, умри давомида кўрган-кечирганлари барчамиз учун ибрат мактаби. Унинг суҳбатидан баҳраманд бўлган киши яшаш илмидан сабоқ олгандай бўлади.
Нормуҳаммад бобо 1927 йилда деҳқон оиласида туғилган. Ўша йиллардаги оғир ҳаёт тарзининг оқибатлари, зуғумлари уни ҳам четлаб ўтмади. 5 ёшида онасидан айрилди, 12 ёшида эса отаси ҳам бу дунёни тарк этиб, Нормуҳаммад етим бўлиб қолади. Қариндошлари, яқинлари кўмагида бошпана топди, ўқиди. 1941 йилда мактабнинг 7-синфини битирди.
Ўша даврда Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, белида белбоғи бор йигитман, дегани урушга жўнади. Қишлоғу шаҳарлар ҳувиллаб қолган, фақат аёллар, қизлар, ўспирину кексалар қолган эди. Ҳамма оғир иш-юмуш шуларнинг бўйнида. Нормуҳаммад ҳам шулар орасида эди: урушнинг оғир зарбасини бирга кўтарди, қўлидан келганича катталарга ёрдам берди.
- Ўша йилларда ўқитувчи етишмаганидан билимли болалар, қизларни мактабга ишга олишарди, - дея эслайди отахон. - Билимим ўткирлиги учунми, эндигина 14 ёшга кирган бўлсам ҳам менга ўқитувчиликни ишониб топширишди. Мактабда муаллимлик қила бошладим. Болалар бирор нимани сўраб қолса, жавоб беролмай изза бўлмаслик учун кечалари билан дарс тайёрлардим, ўқирдим. Тушунтирган мавзуларимни кейинги дарсда болалар тўппа-тўғри қилиб айтиб беришса, ўзимда йўқ шодланардим.
Бора-бора бу улуғ касбга ҳурмати ошди. Шунинг учун кейинчалик педагогика билим юртини ва педагогика олийгоҳини битирди. Ўқитувчилик дипломини қўлга киритди. Нормуҳаммад Менглиев таълим соҳасида 47 йил фаолият кўрсатди. Кўплаб шогирдлар, издошлар тайёрлади. Унинг ўгитларига амал қилган, устозга ҳавас билан ўқитувчилик касбини танлаганлар кўпчилик. Мен ҳам шу устозимнинг дарсларига ҳавас қилиб, ўқитувчиликни танлаганман.
Нормуҳаммад ота ташаббускор, изланувчан, ташкилотчи ходим эди. Ғайрати ичига сиғмасди. Шунинг учун унга ўша пайтларда бир муддат совхоз раислигини ҳам ишониб топширишди. 1978-1988 йилларда Деҳқонобод туманидаги собиқ Ҳамид Олимжон совхозида масъул раҳбар лавозимида ишлади. Хўжаликнинг олдинги ўринларга чиқишида, юқори кўрсаткичларга эришишида унинг ҳиссаси катта бўлди. Кам таъминланган оилаларга, етим-есирларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг кўнглини кўтариш, одамларда меҳнатга рағбат уйғотиш, атрофидагиларда эртанги кунга ишонч ҳиссини шакллантириш Нормуҳаммад Менглиевга хос ажойиб инсоний фазилат эканини у билан бирга ишлаган кишилар кўп тилга олишади.
Деҳқонободлик нуронийлар яхши эслашса керак, тумандаги 16-мактабнинг 400 ўринли биринчи биноси 1954 йилда ҳашар йўли билан қурилган эди. Унинг қурилишида Нормуҳаммад бобонинг ҳиссаси катталиги кўп таъкидланади.
Отахон ҳамиша ҳалол меҳнати ортидан кун кечирди. Аввал ўзининг, кейинчалик эса фарзандларининг томорқасида боғ яратди. Фарзанду невараларига ҳам боғ яратиш сирларини ўргатди, то ҳануз ўргатиб келмоқда.
- Боғ яратиш – энг савоб, энг улуғ иш, билсангиз, - деб таъкидлашдан чарчамайди отахон. – Эртага қиёмат бўлади, десалар ҳам кўчат эк, деганлари бежиз эмас. Битта ниҳол қадалган бир парча ерга офтоб бор нурини тўкаркан, осмондан барака ёғилиб тураркан. Шунинг учун кўчат экиш, боғ яратишда синоат кўп.
Одамларга яхшилик улашиш, хушмуомалалик каби отага хос фазилатлар бугун унинг авлодларига ҳам мерос бўлиб ўтган. Нормуҳаммад Менглиевнинг кўп йиллик меҳнатлари қадрланиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси сифатида эътироф этилди. Отахоннинг бахти бутун, турмуш ўртоғи Барфи момо билан 9 фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Ҳозирда 100 нафардан ортиқ набира, 12 нафар эваранинг севимли бобоси. Уларнинг роҳатини кўриб, эл-юртни дуо қилиб ўтирган отахон бугунидан мамнун.
- Етказганига шукур, шундай кунларда умргузаронлик қилаяпмиз, - дейди у. – Невара-эвараларимнинг замонавий мактаб, коллеж-лицейларда ўқиётганликларини кўриб, ёшлигим эсимга тушади. Биз ўқиган даврлар билан ҳозирги пайтни сира бир-бирига таққослаб бўлмайди. Шунинг учун бу кунларнинг қадрига етиш керак, болам.
Нормуҳаммад бободаги илмга ташналик, раҳбарлик қобилияти фарзандларига ҳам ўтган. Ўғли Одилжон 20 йилдан буён тумандаги 16-мактабда директор бўлиб ишлаяпти. Яна бир ўғли Бахтиёр, набираси Қаҳрамон ҳам таълим соҳасида самарали ишлаб келишаяпти. Отахоннинг дуосини олишни канда қилишмайди, ҳар ишда унинг ўгит-маслаҳатларига таянишади.
Нормуҳаммад бобо ҳамиша маънавият ва маърифатга ошно. Юртимизда бўлаётган ўзгариш ва янгиликлардан доимо хабардор. Аслида шундай нуронийлар дуосию хизматидан юртимиз обод, файзиёб.
Соҳиб РАЖАБОВ,
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси