Меню
Қашқадарё
ЧУМОЛИЛАР ҲИММАТИ
Чумоли ҳамроҳларига қараб:
– Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар, – дея қичқираётган эди.
Унинг бу сўзидан Сулаймон табассум қилди. Сўнг:
– Эй чумоли, отинг нима? – деб сўради.
У:
– Отим Муназзара,– деб жавоб берди.
– Нега чумолиларга “беркининглар” деб буйруқ бераяпсан?
– Мен чумолилар қавмининг бошлиғиман. Вазифам – чумолиларни хавфдан огоҳлантириш, уларнинг ҳалок бўлмаслик чораларини кўришдир. Мен қавм бошлиғи бўлиб, уларни хавфдан огоҳлантирмасам, нобуд бўлишларига йўл қўйсам, эртага Яратганнинг олдида жавоб бераман. Шу сабабли сизнинг сон-саноқсиз лашкарларингиз оёғи остида қолиб, чумолилар нобуд бўлишининг олдини олиб, уларга уйларига кириб беркинишни буюрдим, Сиз Сулаймон пайғамбарсиз, шундай эмасми?
– Мен Сулаймон ибни Довуд, Аллоҳ таолонинг пайғамбариман. Аллоҳ таоло менга беҳисоб неъмат берди. Менга берилган неъмат ҳеч кимга берилган эмас. Аллоҳ таоло менга инс-жинсларни, шамолни бўйсундирди.
–Эй Сулаймон, бугун бу водийда лашкарларингиз билан тўхтанг, чумолиларнинг меҳмони бўлиб, уларнинг ҳимматини бир кўринг.
– Хўш, мен ва лашкарларим бу водийда бугун тўхтаймиз. Чумолилар мени ва сон-саноқсиз лашкарларимни меҳмон қилишга қодирми?
– Эй Сулаймон, ризқ аслида Аллоҳ таолодан. Биз чумолилар Аллоҳ таолонинг махлуқларимиз. Биз ҳам у берган ризқни еймиз. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, бугун сиз ва қўл остингиздаги инс-жинсларни чумолилар орқали меҳмон қилади.
Сулаймон (а.с.) ва инс-жинслар чумолилар водийсида тўхтадилар. Чумоли барча чумолиларни йиғиб, уларга Сулаймон ва унинг аскарларини меҳмон қилинглар, деб буйруқ берди. Чумолилар уйларидаги донни олиб чиқиб, бир майдонга тўпладилар. Инс-жинслар тоғдек тўпланган дондан катта қозонларда овқат тайёрладилар. Тайёрланган овқат меҳмонларнинг барчасига етди. Чумолиларнинг ҳимматидан хурсанд бўлган Сулаймон пайғамбар уларга миннатдорлик билдирди ва лашкарларига чумолиларнинг бирлиги, аҳиллиги унинг қудрати эканини таъкидлади.
Руҳиддин АКБАРОВ